Ўзбекистон | 08:32 / 14.07.2023
1800
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва ЖССТ соғлиқни сақлаш соҳасида умумий мақсадларга эришиш масаласини муҳокама қилди

Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчихонасида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) Европа Иттифоқидаги вакили Оксана Доменти билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фото: Reuters

Марказий Осиё минтақаси билан ҳамкорлик доирасида ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси кўмагида 2022-2025 йилларга мўлжалланган «Йўл харитаси» ишлаб чиқилди. Ушбу ҳужжатнинг қабул қилинишига Марказий Осиё мамлакатларига таъсир кўрсатувчи кўплаб ва кесишган кенг кўламли инқирозлар, жумладан, COVID-19 пандемияси, иқлим ўзгариши инқирози ва бошқа замонавий муаммолар сабаб бўлди.

Ҳужжат 2020-2025 йилларга мўлжалланган Европа иш дастурининг асосий устувор йўналишларига мос келадиган сиёсий, сармоявий ва техник мақсадларга эришиш учун Марказий Осиё мамлакатлари ва ҳамкорларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиради.

Ушбу дастурнинг таркибий қисмларидан бири «Саломатликни яхшилаш учун қўшма ҳаракатлар» бўлиб, у соғлиқдаги асосий муаммоларни бартараф этишга ва соғлиқни сақлаш тизимларидаги асосий камчиликларнинг олдини олишга қаратилган. Марказий Осиё мамлакатлари «Йўл харитаси»нинг асосини ташкил этган 11 та ҳаракат йўналиши ва 32 та ислоҳот ташаббусларини ишлаб чиқди. Мазкур йўналиш ва ташаббуслар ҳар бир мамлакатнинг соғлиқни сақлаш ва фаровонлик соҳасидаги кўрсаткичлари, миллий устуворликлари таҳлили, Марказий Осиё давлатлари соғлиқни сақлаш вазирларининг баёнотлари ҳужжатнинг асосини ташкил этди.

Кенг қамровли ҳужжатнинг якуний мақсади минтақанинг соғлиқни сақлаш ва фаровонлик соҳасидаги устувор йўналишларига мувофиқ қўшма ҳаракатларни амалга оширишни жадаллаштириш учун сиёсий, инвестиция ва техник ресурсларни йўналтириш орқали доимий мувофиқлаштирилган ёрдам кўрсатишга барча манфаатдор томонларни жалб қилишдан иборат. Саъй-ҳаракатлар юқумли касалликлар юкини камайтириш, санитария-эпидемиология хавфсизлигини мустаҳкамлаш, фавқулодда вазиятларни аниқлаш, соғлом ва экологик тоза муҳитни яратиш, микробларга қарши курашишга қаратилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид