Жаҳон | 10:56 / 14.07.2023
25876
4 дақиқада ўқилади

WSJ: Пригожиннинг исёнидан кейин Суровикин билан 10 дан ортиқ юқори мартабали ҳарбийлар ҳибсга олинган

15 офицер лавозимидан четлатилган ёки ишдан бўшатилган.

Фото: РФ мудофаа вазирлиги / AP / Scanpix / LETA

«Вагнер» ХҲК раҳбари Евгений Пригожиннинг исёнидан кейин Россия армиясининг камида 13 нафар катта офицери сўроқ учун ҳибсга олинган. Бу ҳақда The Wall Street Journal нашри ўз манбаларига таяниб хабар бермоқда. Нашр суҳбатдошлари тасдиқлашича, Пригожин исён кўтарганидан бир неча соат ўтиб Россия ФХХ қўлга олиш ишларини бошлаган. Манбалардан бири қўлга олиш ишлари «сафларни тозалаш» учун ўтказилганини айтган. Нашр маълумотига кўра, аллақачон 15 нафарга яқин россиялик офицерлар хизматдан четлатилган ёки бутунлай бўшатилган.

WSJ манбалари ФХХ томонидан қўлга олинганлар орасида РФ Ҳаво-космик кучлари қўмондони, Украинадаги Россия қўшинлари бошлиғи ўринбосари, армия генерали Сергей Суровикин ҳам борлигини тасдиқлашган. Уларнинг сўзларига кўра, генерал Москвада ҳибсда, аммо тергов изоляторида эмас ва шу билан бирга уни бир неча бор исён масаласида сўроқ қилишган. Нашрнинг яна бир суҳбатдоши Суровикин исён режасидан хабардор бўлгани, аммо унда иштирок этмаганини билдирган. Суровикинга қарши ҳеч қандай айблов илгари сурилмаган. Манбаларнинг айтишича, генерални РФ президенти Владимир Путин исён оқибатларига қандай муносабатда бўлишни ҳал қилганидан кейингина қўйиб юборишлари мумкин.

Сергей Суровикинни 24 июн тонгида «Вагнер» ХҲК ёлланма жангчиларига йўллаган видеомурожаатидан бери кўришмаган, ўшанда у исёнчиларни «тўхташ»га чақирганди. Генерал қўлга олинган бўлиши мумкинлиги ҳақида дастлаб 28 июн куни The Moscow Times манбаси хабар тарқатганди. Кейинроқ бу маълумотни ғарб нашрлари, жумладан The Financial Times ҳам тасдиқлаганди. Bloomberg агентлиги маълумотига кўра, ҳарбий прокуратура Суровикинни Пригожин билан алоқалари учун бир неча кун сўроқ қилган; генералнинг ҳаракатланиши чекланган, аммо уни ҳибсга олишмаган. «Русь Сидящая» хайрия фонди асосчиси Ольга Романова июл ойи бошида «Лефортово» тергов изоляторида кўнгиллилар томонидан Суровикин номига йўлланган откритка олиб кетилганини хабар қилганди. Журналист Алексей Венедиктовнинг манбаси эса Суровикин «хизмат таътили»да бўлиб турганини айтган. Шу билан бирга, Венедиктов генерал июл ойи бошида рафиқаси ва қизини туғилган кунлари билан табрикламаганига эътибор қаратган.

Суровикиннинг қизи Вероника 29 июн куни «База»га генерал қўлга олингани тўғрисидаги хабар ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтган. Суровикиннинг рафиқасининг таниши эса WSJ мухбирига унинг рафиқасининг генерал «ишдан қайтмагани» ҳақидаги сўзларини етказган. Россиядаги «Верстка» нашри манбаси 12 июл куни Суровикин аксилразведка хизмати томонидан қўлга олингани ва икки ҳафтадан буён иҳоталангани ҳақида хабар қилди. Шу куни Давлат думасининг мудофаа масалалари бўйича қўмитаси Андрей Картаполов Суровикин «ҳозирча дам олаётгани ва у билан алоқа йўқлиги»ни айтди.

The Wall Street Journal маълумотига кўра, Пригожиннинг исёнидан кейин Суровикиннинг ўринбосари, генерал-полковник Андрей Юдин ҳамда ҳарбий разведка бошлиғи ўринбосари генерал-лейтенант Владимир Алексеев ҳам қўлга олинган. Кейин ушбу ҳарбийларни қўйиб юборишган, аммо уларнинг ҳаракатланиши чекланган ва улар кузатув остида қолмоқда. Юдин ва Алексеев ишдан четлатилган. Бошқа қўлга олинганлар орасида — РФ мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари, кенг кўламли босқин бошида Мариупол қамалига раҳбарлик қилган, 2023 йил апрелидан «Вагнер» ХҲКда ишлай бошлаган генерал-полковник Михаил Мизинцев ҳам бор.

Кремль ва РФ мудофаа вазирлиги WSJ журналистларининг изоҳ бериш бўйича сўровларига жавоб қайтармаган.

Мавзуга оид