«Ювентус» Суперлига ғоясидан воз кечди – лойиҳа ҳам «ўлимига» яқинлашмоқда
Туриннинг «Ювентус» клуби Европа Суперлигаси лойиҳасидан чиқиш жараёни бошланганини расман эълон қилди. Энди Чемпионлар Лигасига муқобил турнир сифатида ишлаб чиқилган лойиҳа рўйхатида атиги иккита иштирокчи қолди ва рўёбга чиқиши учун минимал имкониятларга эга. Forbes.Sport футбол жамоатчилигини иккига бўлган турнир тақдири ҳақида маълумот жамлади.
«Ювентус»га УЕФА босим қилди
13 июль куни «Ювентус» Европа Суперлигасидан чиқиш жараёни бошланганини расман эълон қилди. Қарор лойиҳанинг қолган иштирокчилари томонидан тасдиқланганидан кейин кучга киради. Бундай жамоалар фақат иккита: «Реал» ва «Барселона». Туринликлар УЕФА томонидан босим туфайли бу қадамни қўйишга мажбур бўлди. AS хабарига кўра, Италия клубига агар иштирокчилар орасида қолса, уч йилга еврокубоклардан четлатиш билан таҳдид қилинган.
Ҳозирги вазиятда «Ювентус»да ҳаракат эркинлиги имконияти бўлмаса керак. Мавсум давомида клуб коронавирус пандемияси давридаги молиявий фирибгарлик учун жазоланди ва чемпионатда 10 очкодан маҳрум этилди. Натижада жамоа турнирни еттинчи ўринда якунлади ва нуфузи жиҳатидан учинчи ўринда турадиган Конференция Лигасига йўл олди. Аммо «Кекса синьора» унда ҳам иштирок этмаслиги эҳтимоли бор.
Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, клуб УЕФА билан келишувга эришиши мумкин. Европа ассоциацияси кейинги еврокубок мавсумини ўтказиб юбориш эвазига «Ювентус»га қўшимча санкциялар киритмайди. Балки Суперлигани тарк этиш ҳам ташкилот билан яхши муносабатда бўлишнинг яна бир шартидир.
Клубнинг аввалги раҳбариятида туринликлар бундай қадам ташлашга журъат эта олмаган бўларди. Молиявий фирибгарлик иши судга ўтганидан сўнг, «Ювентус» раҳбарияти деярли тўлиқ таркибда истеъфога чиқди. Директорлар кенгаши тарқатиб юборилди, президент Андреа Аньелли ва вице-президент Павел Недвед ўз лавозимини тарк этди.
Аньелли УЕФА раҳбари Александр Чеферин билан яқин муносабатда бўлган ва Европа клублари ассоциациясини бошқарган. Аммо Суперлига ташкил этилгани эълон қилинганидан кейин ҳаммаси ўзгарди: италиялик ассоциациядаги ўз лавозимини тарк этди ва Чеферин унинг хатти-ҳаракатларини хиёнат деб билди. «Мен ҳеч қачон шунчалик кўп ёлғон гапирадиган одамни учратмаганман», деди Александр собиқ дўстининг хатти-ҳаракатлари ҳақида.
«Ювентус»нинг Суперлигадан чиқиб кетиши амалга ошиш имкониятлари аллақачон пасайиб кетган лойиҳа позициясига путур етказади. Энди турнирдаги иштирокини тасдиқлаган 12 клубдан фақат иккитаси қолди.
«Реал Мадрид», «Барселона», «Атлетико», «Манчестер Сити», «Манчестер Юнайтед», «Арсенал», «Ливерпул», «Тоттенхем», «Челси», «Интер», «Милан» ва «Ювентус» лойиҳада иштирок этишини икки йил аввал тасдиқлаган эди. Лойиҳанинг асосий ташаббускорлари «Реал Мадрид» президенти Флорентино Перес ва Андреа Аньелли бўлган. Улар Чемпионлар Лигаси ва УЕФА сиёсатига қарши чиқмоқчи эди. Ташкилотчиларнинг фикрича, еврокубокларнинг ҳозирги модели етарлича даромад келтирмайди ва футболга янги аудиторияни жалб қила олмайди. Томошабинлар эса топ-клублар ўртасидаги ўйинларга муҳтож ва шартли Болгария ёки Сербия клублари билан қарама-қаршиликлар одамларни қизиқтирмайди.
Пандемия даврида клублар қийин кунларни бошдан кечирди: турнирларнинг тўхтатилиши ва трибуналарда мухлисларнинг камайиши барча топ-клубларнинг молиявий аҳволига жиддий зарба берди. Шунинг учун улар Суперлигани ташкил этишга тезроқ ҳаракат қила бошладилар. Унинг ишга туширилиши 2021 йил 18 апрелда расман эълон қилинди. Турнир формати 20 та иштирокчидан иборат, уларнинг 15 таси доимий аъзо ва яна 5 таси алмашиб турувчи эди.
Доимий иштирокчилар: 12 та таъсисчи клуб ва ўша пайтда Суперлига билан музокара олиб бораётган яна 3 та жамоа. Бундай клублар ҳар қандай натижада турнирдан чиқиб кетмайди. Иштирокчилар 10 та жамоадан иборат 2 гуруҳга бўлиниши режалаштирилган эди. Улар бир-бири билан уй-меҳмон тизимида ўйнайди, кейин эса плей-офф босқичи бошланади. Клубларнинг еврокубокларда иштирок этишига имкон бермайдиган ўйинлар ҳафта ўртасида ўтказилиши режалаштирилган эди.
Лойиҳанинг бош ҳомийси Американинг JPMorgan банки экани айтилди ва у турнир иштирокчиларига 3,5 миллиард евро тақдим этишга тайёр эди. New York Times хабарига кўра, Перес ва Аньелли таъсисчи клубларга бошқа ҳомийларни ҳам жалб қилишни ваъда берган. Бу эса ҳар бир клубга Суперлиганинг бир мавсумида камида 350 миллион евро ишлаб олиш имконини бериши керак эди. Таққослайдиган бўлсак, 2022 йилда Чемпионлар Лигасида ғолиб чиққан «Реал Мадрид» 133 миллион евро ишлаган.
Аммо Суперлига ташкил этилгани ҳақидаги хабарни деярли ҳеч ким қувонч билан кутиб олмади. УЕФА турнир иштирокчиларига Европа мусобақаларидан четлатиш билан таҳдид қилди. ФИФА эса Суперлига футболчиларига миллий жамоаларда ўйнашни тақиқламоқчи бўлди. Англия, Испания ва Италия лигалари жамоаларни чемпионатдан четлатишга ваъда берди.
Суперлигага қарши мухлислар ҳам бор эди. Севимли клублари учун молиявий имтиёзлар ваъда қилинганига қарамай, мухлислар спорт тамойилининг йўқлигидан мамнун эмас эди. Чунки, олдин Европа турнирларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритиш лозим эди, бу мусобақалар шуниси билан қадрли бўлган. Суперлига таъсисчи клублари эса ўзини бу муаммодан халос этишди.
УЕФА, миллий лигалар ва мухлисларнинг ультиматумлари натижа берди. Клублар ҳар хил турнирлардан четда қолишдан чўчиб, тезда Суперлига лойиҳасини тарк этишди. Оқибатда, иштирокчилар орасида фақат «Ювентус», «Реал» ва «Барселона» қолди. Суперлига лойиҳаси ишга тушганидан атиги уч кун ўтгач, тўхтатилди.
Суперлига янги форматни жорий қилди, аммо ҳамма нарсани суд мураккаблаштирди
Дастлабки уриниш муваффақиятсизликка учраганига қарамай, Суперлига ташкилотчилари таслим бўлишга тайёр эмас эди. Улар УЕФА ва ФИФА ташкилотини рақобат қонунчилигини бузганликда айблаб, Европа судига мурожаат қилишди. Уларнинг фикрига кўра, бу икки ташкилот футболни монополия қилиб олиб, бошқаларга ўз розилигисиз мусобақа ташкил этишига тўсқинлик қилмоқда. Аммо суд УЕФА ва ФИФА ҳақ эканини тан олди.
Бу қарор УЕФА ва ФИФА рухсат бермагунча Суперлигани расман йўлга қўйиб бўлмаслигини англатар эди. Ва ушбу халқаро федерациялар ҳамон бу лойиҳага қарши чиқишда давом этмоқда. Шунга қарамай, бу вақт давомида «Реал» ва «Барселона» таслим бўлмади. Улар турнирнинг янги стратегиясини ишлаб чиқиш учун А22 маркетинг агентлигини ёллашди.
Янгиланган формат бир нечта лигаларни ўз ичига оладиган бўлди. Турнирда 60 дан 80 тагача клуб иштирок этиши мумкин эди. Ҳеч ким доимий аъзоликка эга бўлмайди ва клублар миллий турнирлардаги кўрсаткичларига қараб Суперлигага йўл олади. Мавсум давомида ҳар бир клуб турнирда камида 14 та ўйин ўтказади.
Суперлиганинг 10 та асосий тамойили эълон қилинди. Улар орасида миллий турнирларга ҳурмат, Европа Иттифоқи қонунларига риоя қилиш, молиявий шаффофлик ва футболчилар саломатлигига эътиборли бўлиш кабилар бор.
Аммо бу таклифлар УЕФА, ФИФА ва миллий федерацияларни кўндирмади. Улар яна лойиҳага қарши чиқди. Шундан сўнг, ҳеч бир клуб лойиҳага қўшилишини эълон қилмади. Ҳозирда бу турнир формат концепциясига, иккита иштирокчига ва Европа суди қўйган тақиққа эга. Демак, яқин келажакда Суперлигани кўриш имконияти ниҳоятда паст.
Мавзуга оид
14:28 / 28.10.2024
«Арсенал» жароҳатлар гирдобида, Италия дербисида янги юлдуз порлади. Кун ўйинлари
17:00 / 19.10.2024
«Ливерпул», «Барса» ва «Юве» учун жиддий синов. Дам олиш кунларида тавсия этиладиган 4 учрашув
21:26 / 17.05.2024
«Ювентус» Аллегрини истеъфога чиқарди
11:46 / 13.04.2024