Урушга муқобил бўлган санкциялар: у қачондан пайдо бўлган ва доим ҳам самарали усулми?
2014 йилда Россия иқтисодиётига жорий этила бошланган, 2022 йилдан сўнг кескин кучайтирилган санкциялар «иш бермаяпти» деган хулосалар қулоққа кўп чалинади. Санкциялар ўзи қандай ишлайди, у қачон пайдо бўлган, чиндан ҳам замонавий дунёда уни жорий этиш самарасизми?
Украинага очилган кенг қамровли урушидан сўнг Россия ўзига нисбатан жорий этилган санкциялар ҳажми бўйича жаҳонда етакчига айланди, деб ёзади санкцияларни кузатувчи Американинг Castellum.AI технологик компанияси. Atlantic Council компаниясининг 2023 йил апрел ойидаги маълумотларига кўра, Ғарб давлатлари Россия ва унинг фуқароларига нисбатан 12 мингдан ортиқ чекловлар ўрнатган.
Россияда инсонлар ҳам (асосан агрессия иштирокчилари ҳисобланувчи мансабдорлар ва бизнесменлар), шунингдек, иқтисодиётнинг бутун бир соҳалари ва компаниялар санкциялар остига тушган. Улар орасида энг билинарлилари — Россия нефтига эмбарго ва юқори нарх чегараси жорий этилиши; РФ Марказий банкининг халқаро активлари уруш тугаганидан сўнг «Украинага компенсация тўлаш кафолати» сифатида музлатилгани; Россия банкларининг SWIFT тармоғидан узилгани; Россиядан авиақатновлар учун Европа Иттифоқи ҳаво бўшлиқлари ёпилиши бўлди.
Энг дастлабки чекловлар жорий этилганидан сўнг россиялик экспертлар 90-йиллар кризиси каби иқтисодиёт таназзулга юз тутишини тахмин қилишганди. Лекин ундай бўлиб чиқмади. Россия чиновникларига кўра, ғалла ва углеводородлар сотувидан тушум қайтага барча рекордларни янгилаган, РФ бош вазири Михаил Мишустин иқтисодиёт «ишонч билан қайта тикланаётгани»ни айтган. Ғарб давлатлари эса айрим санкцияларни бекор қилишга мажбур бўлмоқда.
Наҳотки, иқтисодий жиҳатдан иҳоталаш, россиялик ишлаб чиқарувчиларни бойкот қилиш, персонал ва корпоратив санкциялар иш бермаган бўлса?
Бу мақолада санкцияларнинг Россия иқтисодиётига таъсири ҳақида батафсил ҳикоя қилинмайди. Лекин иқтисодий чекловлар тобора сиёсий механизмга айланиб бораётгани, санкциялар бўлмаса ўрнига нима қўллаш мумкинлиги ҳақида айтилади.
Санкцияларни ким ўйлаб топган?
Эрамиздан олдинги V асрда қадимги юнонлар.
Афина халқ йиғини Мегара шаҳри фуқароларига ўз бозорларида савдо қилиш ва бандаргоҳларга кема киритишни тақиқлайди. Бу йўл билан афиналиклар мегараликларни ўзлари учун муқаддас бўлган ерларни шудгорлашаётгани, қочқин қулларни яшириб қўйишаётгани учун жазоламоқчи бўлишган. Бу чорадан иш чиқмаган, Мегарани денгиз орқали қамал қилиш 27 йилга чўзилиб кетган Пелопоннесс урушларига олиб келган.
Албатта, ўша пайтлар «санкция» термини бўлмаган. Лекин ўша чекловлар давлатлар ҳозир бир-бирларининг сиёсий қарорларига таъсир ўтказиш учун жорий этаётган чораларга жуда ўхшаб кетади.
Ўрта асрлар даврида Ғарбий Европада санкцияларнинг ўхшаши репресаллар бўлган. Улар уруш олиб борилаётган давлатнинг савдогарларига нисбатан жорий этилган, боз устига, «коллектив мажбурият» принципи бўйича. Савдогарлар душман давлатнинг фуқароси экани учун айбдор, демак уни молиявий жазолаш мумкин, деб ҳисобланган.
Саноат инқилоби ва саноатлаштириш даврида халқаро савдо алоқалари янада мустаҳкамлана бошлади. Уларни иҳоталаш иқтисодиётлар ўсишини чеклаб қўяди ва мамлакатларни қашшоқлаштирарди. Эмбарго термин ва босим қилиш воситаси сифатида сиёсий-иқтисодий ўзгаришларга эришиш учун ўша вақтларда пайдо бўлди.
Масалан, АҚШдаги фуқаролар уруши даврида шимолликлар (қулдорлик бекор бўлиши тарафдорлари) плантацияларида қуллар меҳнатидан фойдаланаётган жанубликлардан пахта харид қилмасликка қарор қилишади. Маълум бир товарлар ва ишлаб чиқарувчиларни бойкот қилиш давлатлар ичидаги куч ишлатмай қаршилик кўрсатишнинг азалдан маълум усули. Санкциялар эса, моҳиятан, давлатлар бундай амалиётни ўзлаштириб олиб, бойкотни халқаро сиёсат воситасига айлантиришидир.
Биз биладиган кўринишда санкциялардан фақат Биринчи жаҳон уруши даврига келиб фойдаланила бошланган. Антанта иттифоқига аъзо давлатлар рақибларига пўлат етказиб беришни чеклаган, душман денгиз йўлларига тўсиқ қўйган, озиқ-овқат ва хўжалик молларига эмбарго жорий этган. Буларнинг барчаси Германия ва Австрия-Венгриянинг ҳарбий қудрати ошиб кетишига йўл қўймаслик учун қилинган.
Биринчи жаҳон уруши тугагач, ғолиб давлатлар Миллатлар лигасини тузган. Бу халқаро институт ёрдамида агрессор давлатни иқтисодий жиҳатдан қамал қилиш стратегиясини келишиб олиш, бирваракайига санкция жорий қилиш, санкция сиёсатининг ўз иқтисодиётида келтириб чиқарган оқибатларига қарши курашиш осонроқ бўлади, деб ўйлашган.
Бироқ бу механизмлар фақат иқтисодиёти заиф бўлган давлатларга нисбатан самарали экани аён бўлган. Масалан, Миллатлар лигаси Югославиянинг Албанияга ҳужум қилишининг олдини ололган ёки грек диктатори Теодорос Пангалоснинг Болгарияга бостириб киришига тўсқинлик қилолган. Бироқ, Миллатлар лигаси кучли иқтисодиётга эга давлатлар (Италия, Португалия ва Испания)га нисбатан санкциялар жорий этганида, ўз мақсадига эриша олмаган. Авторитар етакчилар ўз сиёсатини ўзгартиришни истамаган, бунинг ўрнига иқтисодиётни қайта қурган. Иқтисодиёт бошқа давлатларга унчалик боғлиқ бўлмай қолган. Бу чора режимни янада кучайтирган.
Санкциялар иш бермаса, қандай чора бор?
Урушдан бошқа чора йўқ.
Бир аср муқаддам Миллатлар лигаси таъсисчиларининг ишончи комил бўлган: агрессорнинг ўз сиёсатини ўзгартиришга ё иқтисодий чекловлар мажбурлай олади ёки мамлакатга ҳарбий йўл билан бостириб кириш. Санкциялар айнан урушга муқобил сифатида яратилган. Ўшандан буён кўп нарса ўзгармаган.
Европа Иттифоқи ва АҚШ турли сабабларга кўра (жумладан, ядровий уруш бошланиб кетишидан чўчиб) Россияга қарши очиқ урушга кириша олмайди. Шунинг учун ғарб давлатлари бошқачароқ чора қўллашмоқда: улар Украинага ҳарбий техника етказиб беришмоқда, шунингдек Россиянинг иқтисодий ресурсларини тугатишга уринишмоқда, элитага нисбатан ҳам чекловлар жорий этиб, режимни заифлаштирмоқчи.
Агар ҳарбий қарама-қаршиликдан қочиб, агрессорни жазолаш керак бўлса, санкция ташаббускори бўлган давлатлар халқаро ҳамкорликни ўзгартириши, айрим ҳолатларда ички сиёсатига ҳам ўзгартиришлар қилиши керак бўлади.
Тадқиқотчилар қайд этишларича, иқтисодий қамал агар ҳукуматларга санкцияларни айланиб ўтишда нафи тегадиган ҳамкор давлатларни ҳам қамраб олса самаралироқ бўлади. Бу давлатлар ўртасидаги иқтисодий муносабатлар ёмонлашишига олиб келади, албатта, бироқ агрессор бошқа йўл билан чекловларнинг барча оқибатини ҳис қилмайди.
Санкциялар ташаббускорлари учун яна бир оғриқли қадам — ўз қонунларини ўзгартириш. Шахсий чекловлар остида бўлган айрим инсонлар санкция жорий этаётган давлатларнинг қонунчилигидаги туйнуклар ва ношаффофликлар туфайли ўз активларини хорижда яширишда давом этишади. Пировард натижада, бу элиталар ўз капиталларига таҳдидни ҳис қилишмайди, мухолифатдагилар эса санкция жорий этаётган давлатларни «икки хил стандартлар» ва «иккиюзламачилик»да айблай бошлашади.
Демак, санкциялар иш бермас экан-да?
Бу мураккаб савол.
Колумбия университетининг санкциялар бўйича тадқиқотчиси Ричард Нефюнинг ёзишича, санкциялар токи улар остида қолган шахс ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий жиҳатдан жиддий йўқотишларга дучор бўлсагина, қўйилган мақсадларга эришилсагина муваффақиятли саналиши мумкин.
Давлатлар бир неча сабабга кўра санкциялар жорий этишади. Улар сиёсий режим ва мамлакат иқтисодий барқарорлигига таъсир ўтказиш, мамлакат элитаси ичида можаролар келтириб чиқаришга уринишади. Миллатлар лигаси яратиш ташаббускорларидан бири Вудро Вилсоннинг фикрича, санкциялар ўша давлат фуқароларига руҳий босим ҳам уюштиради. Ўзини атрофдаги дунёдан иҳоталанган ҳис қилиш — руҳий жиҳатдан оғир.
Энг асосийси, санкциялар — вазиятга ҳарбий агрессия билан жавоб беришнинг муқобил усулидир. Бунда можарога очиқдан очиқ қўшилиш имконсиз, бироқ «нодўстона» ҳаракатлар қилаётган давлатнинг хатти-ҳаракатларига жавоб қайтариш зарур бўлади.
Санкция жорий этаётганлар персонал чекловлар (мулклар, ҳисобварақлар хатланиши, бизнес ҳамкорларни йўқотиш) автократ ва уни қўллаб-қувватловчи элитага оғриқли таъсир қилади, деб ҳисоблашади.
Назарий жиҳатдан, бу элита вакиллари ўз капитали ва таъсир кучидан мосуво бўлиши ёки ҳукмдорни қўллашни бас қилишлари керак. Санкциялар туфайли қашшоқлашган аҳоли норозилик намойишларига чиқишади ва ўзларига муносиб ҳаётни таъминлай олмаётган давлат етакчисига ишонишдан воз кечишади. Кўпгина ҳолатларда элита норозилиги ва оммавий норозиликлар режим ўзгаришига ёки ташқи ва ички сиёсат ўзгаришига олиб келади. Санкция тарафдорларининг ҳам бош мақсади шу.
Аслида эса ҳаммаси бу қадар осон эмас
Санкциялар тадқиқотчилари фикрича, фақат чекловлар жорий этишнинг ўзигина самарадор эмас, у билан таҳдид қилиш ҳам кўзланган натижаларга олиб келади. Кўплаб автократиялар бундай таҳдидни аввалдан қабул қилишади ва ўз сиёсатини ўзгартиришади. Фақат, 30 фоиз ҳолатлардагина бундай бўлади. Мисоллар орасида тарихчилар АҚШнинг 1940 йилда Испанияга нефт сотишни тўлиқ тўхтатиш ҳақидаги қарорини келтиришади, ўшанда диктатор Франко Ҳитлер ва Муссолини тарафда урушга қўшилиш ўрнига нейтралликни сақлаб қолишни афзал кўрганди.
Кўпгина ҳолатларда авторитар режимлар санкциялар ва халқаро иҳоталанишга кўникиб боришади. Санкциялар остида автократияларда демократлашув даражаси эса пасаяди (йилига 7–16 фоизга), яъни мамлакат санкция остида қанчалик қолаверса унинг режими қатъийлашуви шунчалик кучаяверади.
Кутилмаларга терс ўлароқ, халқаро молия бозорларидан айрилган элита ҳукмдорга қарши чиқмасдан, қайтага унинг атрофида жипслаша бошлайди. Боз устига, элита оддий фуқаролардан кўра санкциялар жабрини камроқ тортади, чунки уларда ўз капиталини сақлаб қолиш учун имкониятлар кўпроқ (масалан, офшорларда).
Санкциялар остида қолган давлатда кучишлатар тизимлар сони ортади, уларнинг ўзи ҳам катта иштиёқ билан «гайкаларни қотириш»га киришади, мухолифат вакиллари орасида «ватан хоинлари»ни ахтариб топишга зўр беришади.
Жорий этилган санкциялардан аҳолининг қашшоқлашуви эса ўз навбатида пропагандачиларга барча кўргуликларда «коллектив Ғарб»ни айблаш учун баҳона бўлади, бу аҳоли ўртасида ранжиш ва ўч олиш кайфиятини кучайтиради, «кучли қўл»ни қўллаб-қувватлашни кучайтиради. Гап инсонларда ватанпарварлик кайфияти чулғаб олишида ҳам эмас, санкция остидаги иқтисодиётда давлатнинг роли ўсиб боради, бинобарин, ҳокимият ҳаракатларига боғлиқ бўлган қолган инсонлар сони ҳам ортади.
Санкция жорий этишда камарбаста бўлган давлатларда эса пайдо бўлган молиявий қийинчиликлардан популистлар ўз позицияларини кучайтириш учун фойдаланиши ҳам мумкин.
Тадқиқотчилар қайд этишича, санкциялар айниқса ривожланаётган давлатлар иқтисодиётига жуда кучли зарар етказади, чунки бундай иқтисодиётлар ташқи инвестициялар, технологиялар ва асбоб-ускуналарга кўп томонлама боғлиқ.
Яна баъзи бир тадқиқотчиларнинг ёзишича, узоқ муддатли истиқболда санкция остидаги давлатда иқтисодиёт учун зарар ва аҳоли ўртасидаги ортиқча ўлим сонлари ҳолдан тойдирувчи реал уруш оқибатлари билан тенг бўлади. Бундан айниқса энг қашшоқ аҳоли қатламлари кўпроқ зарар кўради — улар сифатли тиббиёт ва таълимга етиша олишмайди. Санкциялар тенгсизликни ҳам кучайтиради.
Хуллас, санкциялар иш берадими, деган саволга жавоб беришдан олдин «иш» деганда нима назарда тутилаётганини аниқлашириб олиш керак. Агар ундан кўзланган мақсад — агрессорни тўхтатиш ва уни жазолаш бўлса, иш бериши даргумон, аниқса агрессор улкан ва бой бўлса. Агар мақсад мамлакат аҳолисига кўпроқ азоб бериш бўлса, ҳа, санкциялар фавқулодда самарали.
Мавзуга оид
08:31
AP: АҚШ Украинага 275 млн долларлик ҳарбий ёрдам ажратмоқда
22:05 / 19.11.2024
Энди бизда ATACMS бор, ундан фойдаланамиз — Зеленский
20:58 / 19.11.2024
Байденнинг рухсати урушнинг боришига қандай таъсир қилади?
18:44 / 19.11.2024