Ўзбекистон | 00:19 / 18.07.2023
11056
3 дақиқада ўқилади

Президент мактабларига кириш тестларини Кэмбриж мутахассислари тузгани тасдиқланди

Англиядаги ташкилот вакили мутахассислар тестларни тузишда саволларнинг такрорланмаслигини таъминлашга интилганини айтди. Айни пайтда, тестларнинг валидлиги бўйича зарур маълумотлар ҳамда интернетда тарқалиб кетган саволларга ҳар икки сменада берилган тўғри жавоблар кўрсаткичи ҳозирча очиқланмади.

Фото: Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги

Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги, президент мактабларига кириш имтиҳонларида Кэмбриж мутахассислари билан ҳамкорлик тўхтатилгани ҳақидаги тасдиқланмаган ахборотга жавобан, Cambridge University Press&Assessment ташкилотининг таълим йўналиши бўйича бош маслаҳатчиси Стив Кинг томонидан йўлланган расмий видеоизоҳни тақдим этди.

Стив Кинг унинг ташкилоти Ўзбекистондаги президент мактабларига қабул имтиҳонларида 2019 йилдан буён иштирок этаётганини айтиб, бу ҳамкорлик “узоқ йиллар давом этиши”га ишонч билдирди.

“Бу йилги имтиҳонларнинг 1-босқичи учун 8 та турли хил вариантлардаги саволлар ишлаб чиқилди. Бунда саволларнинг такрорланмаслиги ва ҳар сменада ҳар хил саволлардан фойдаланган ҳолда шаффофликни таъминлашга интилдик.

Мурожаатчилар биздан бу йилги президент мактаблари қабул имтиҳонларига бизнинг иштирокимиз йўқлиги ҳақидаги хабарларга ойдинлик киритишимизни сўрашди. Бу хабарлар асоссиз. Шуни ишонтириб айтаманки, биз 2019 йилдан бери, жумладан бу йил ҳам президент мактаблари қабул имтиҳонларида қатнашмоқдамиз”, – деди Кэмбриж таълимни баҳолаш ташкилоти вакили.

Стив Кинг унинг ташкилоти мутахассислари саволларни тузишда уларнинг такрорланмаслигини “таъминлашга интилгани”ни айтди.
​​​​Фото: ПТМА эълон қилган видеодан кадр

Ҳолат юзасидан Kun.uz мухбирининг хатига жавоб ёзган Cambridge Assessment International Education ташкилоти Ўзбекистонда президент мактабларига кириш имтиҳонларида иштирок этаётганини тасдиқлаб, тушунмовчиликка сабаб бўлган ҳолатга изоҳ берди.

Унга кўра, аввалги йиллардаги жараёнда ташкилотнинг қабул имтиҳонларидаги тестлар бўйича департаменти – Admissions Testing Department иштирок этган. Бу департамент бир вақтнинг ўзида ҳам Cambridge University Press & Assessment, ҳам Cambridge Assessment International Education таркибига киради. Эндиликда эса бу масала билан ушбу департамент эмас, бевосита Cambridge Assessment International Education'нинг ўзи шуғулланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, муҳокама марказига чиққан асосий масала – 15 июл куни бўлиб ўтган президент мактабларига кириш имтиҳонларининг биринчи босқичида 1-сменада тушган саволларнинг 2-сменада ҳам такрорлангани ҳақидаги хабарлар эди.

Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги буни рад этди. Агентлик тармоқ фаолларининг буни исботлаш учун керакли маълумотларни очиқлаш ҳақидаги сўровини жавобсиз қолдирмоқда.

Таълим эксперти Комил Жалилов 1-2-сменаларда тест топширганларнинг баллари тақсимоти, ўртача баллари, мода ва медианалари, шунингдек, ижтимоий тармоқларда тарқалган тест топшириқларига берилган тўғри жавоблар кўрсаткичини очиқлашни сўраганди.

Мавзуга оид