Ўзбекистон | 14:19 / 18.07.2023
9413
2 дақиқада ўқилади

Юнусободда электр таъминоти чекланмоқда. Тармоқ юкламани кўтара олмаяпти

18 июл куни тушга яқин Тошкентнинг Юнусобод туманидаги бир нечта мавзеларда электр таъминоти 2 соатга ўчирилди. Туман электр тармоқлари корхонаси 110 KWлик электр узатиш линияларининг юкланганлик даражаси ортиб кетганини маълум қилди.

Юнусобод ҲЭТК каналидаги хабарларга кўра, тумандаги 3- ва 8-кварталлар, Эски Юнусобод, Элнур, Амир Темур кўчалари, 17-квартал (саноат зонаси) ва 10-кварталда (Исломобод маҳалласи) электр таъминоти 2 соатга тўхтатилган. Фақат 17-кварталда электр таъминоти 2 соатга бормай қайта тикланган.

Бу узилишлар 110 КВлик тармоқда юклама ортиб кетгани ва “шаҳарнинг топшириғи” билан изоҳланган.

Охирги ойларда пойтахтдаги электр узилишларининг катта қисмини масъуллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасидаги режали таъмирлаш билан изоҳлаб келмоқда. Шу билан бирга, жазирама кунларда тармоқнинг юкланганлик даражаси ортиб кетиши ва авариялар сабабли ҳам узилишлар рўй бермоқда.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг Тошкент шаҳар филиали 18 июл куни таъмирлаш ишлари сабаб қуйидаги манзилларда электр таъминоти вақтинча ўчирилишини маълум қилган:

  • Учтепа тумани: “Оқ масжид” ва “Хуршид” МФЙларининг қисман ҳудудларидаги айрим кўчаларда соат 09:00 дан 15:00 гача;
  • Яккасарой тумани: “Ракатбоши” МФЙнинг айрим кўчаларида соат 09:00 дан 17:00 гача;
  • Яшнобод тумани: “Баҳор” МФЙнинг айрим кўчаларида соат 09:00 дан 17:00 гача.

Расмийлар таъмирлаш ишлари эртароқ якунланиши мумкинлигини ҳам қўшимча қилиб, вақтинча узилишлар сабабли етказилаётган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраган.

Тошкентда кеча, 17 июл куни Олмазор туманидаги қатор маҳаллалар тармоқдаги авария сабаб бир муддат электрсиз қолган эди.

Мавзуга оид