АҚШ Россияга ёрдами учун Қирғизистонга қарши санкциялар қўллашга тайёрланмоқда — Washington Post
Washington Post Америка ҳукумат тузилмаларидаги манбаларига таянган ҳолда хабар беришича, АҚШ Россияга Украинага босқини учун қўлланган санкцияларни айланиб ўтиб, ушбу мамлакатга Европа ва Осиёдан маҳсулотлар етказиб бераётган Қирғизистон компанияларига қарши янги санкциялар тайёрламоқда.
Президент Жо Байден маъмуриятидаги шахси сир қолишини сўраган икки манбанинг нашрга маълум қилишича, бу қарор АҚШ ва Европа дипломатларининг Бишкекка бир неча ойдан буён амалга ошириб келинган «бесамар ташрифлари»дан кейин қабул қилинган. Расмий шахслар анонимлик шарти билан сўзлашича, шу ҳафтанинг ўзидаёқ иқтисодий чоралар кўрилиши мумкин.
Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошланиши ва ундан кейинги санкциялардан сўнг Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги савдо айланмаси ғайритабиий даражада ўсгани қайд этилган. Тахминларга кўра, Қирғизистон орқали ҳам Россияга тўғридан тўғри экспорт қилиш тақиқланган маҳсулот етказиб берилади.
«Қирғизистон бошқалар билан таққослаганда кичик давлат бўлса ҳам, унинг мисолида санкцияларни четлаб ўтиш учун қулай муҳит яратиладиган барча омиллар кўриниб турибди», — дея юқори мартабали мулозимнинг сўзларини келтирган газета.
Америка томони баҳоларига кўра, санкцияга учраган товарлар реэкспортига Россия махсус хизматлари жалб этилган. Нашрнинг қайд этишича, Қирғизистондан товарларни қабул қилиб олган фирмалар Россия мудофаа саноатининг етказиб берувчилари бўлган.
Қирғизистоннинг Вашингтондаги элчихонаси Америка газетаси сўровига жавобан, мамлакат ҳукумати халқаро нормаларга риоя қилиш, контрабанда ва бошқа ноқонуний савдо турларига қарши курашиш мажбуриятини олганини маълум қилган. Элчихонадагилар Москва билан савдо ҳажми ўсганини товарлар ҳаракатини кузатишнинг электрон тизимлари такомиллашгани билан боғлаган.
Бу Қирғизистон учун биринчи санкциялар эмас
19 май куни ҳам АҚШ ҳукумати Қирғизистон ҳудудида рўйхатга олинган Tro.Ya компаниясига қарши санкциялар қўллаганди.
Америка Адлия вазирлиги қирғиз компаниясини россиялик ҳарбийлар ва РФ мудофаа секторига ёрдам берувчи бошқа 70 фирма ва юридик шахслардан иборат рўйхатга киритганди. Журналистлар Tro.Ya электрон компонентлар ва навигация ускуналари етказиб бериш билан шуғуллангани ҳақида хабар беришган.
Washington Post тасдиқлашича, Қирғизистоннинг Вашингтондаги элчихонаси маҳсулотлар санкцияларни четлаб ўтган ҳолда етказиб берилгани тўғрисидаги хабарларни тан олган. Аммо дипломатик ваколатхонадагилар танқидчилар Қирғизистон ва Россия ўртасидаги муносабатларнинг «реал иқтисодий контексти»ни, ҳар икки давлат ҳам Евросиё иқтисодий иттифоқи аъзоси эканини ҳисобга олмаётганидан ёзғирган.
«Умуман олганда, Россия бизнинг асосий савдо шерикларимиздан бири саналади […] Миллиондан ортиқ фуқароларимиз [ушбу мамлакатда] ишлашади», — дея Қирғизистон элчихонаси баёнотидан иқтибос келтирган газета.
14 май куни Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев «Россия-1» давлат телеканалига берган интервюсида Бишкек Ғарбнинг иккиламчи санкциялари таҳдидига қарамай, Москва билан ҳамкорликни давом эттираётганини айтганди.
«Биз стратегик ҳамкорлармиз, бизда ҳамкорлик учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Хўш, ғарблик ҳамкорларимиз эҳтимолий санкциялар ҳақида гапиришмоқда. Аммо биз ҳам ўз қоидаларимизга амал қиламиз ва бунда мен ҳеч қандай муаммо кўрмаяпман», — деганди вазир.
Аммо 2 июн куни, «Марказий Осиё — Европа иттифоқи» саммитида Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакат санкциялар муҳокамаси учун ЕИ билан мулоқотга очиқ эканини айтди.
Жапаров европалик ҳамкорларнинг санкцияларга риоя этиш бўйича сўровларини «тушуниши»ни билдирганди.
BBC Қирғизистон президенти администрациясига Washington Post нашрининг қирғиз компанияларига қарши иқтисодий чекловлар киритилиши мумкинлиги ҳақидаги маълумоти юзасидан изоҳ сўраб мурожаат қилган, аммо жавоб ололмаган.
Россия Қозоғистон ва Қирғизистон орқали санкцияларни қандай четлаб ўтмоқда?
Нашр материалида айтилишича, АҚШ ҳукумати Қирғизистондан Россияга юборилган Хитой дронлари партияси Қозоғистонда мусодара қилингани ҳақидаги хабарга ҳам эътибор қаратган.
Июн ойи бошида қозоқ божхоначилари Қирғизистоннинг «Импульс-Инвест» компаниясига тегишли бўлган 14 дона DJI Agras T30 дронларини тўхтатиб қолгани маълум бўлганди, компания уларни экспорт қилиш лицензиясига эга бўлмаган. Бу қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун мўлжалланган дронлар эди, аммо назарий жиҳатдан уларни урушда ҳам қўллаш мумкин, чунки улар 30 кг юк ташиш имкониятига эга ҳисобланади. Кейинроқ дронлар кимошди савдосига қўйилган, Қозоғистон расмийлари уларни 83,6 млн тенгега баҳолаган (193 минг доллар).
Қирғизистон расмий шахслари Washington Post нашрига хитойликларнинг дронларини Россияга экспорт қилишга уриниш ҳолати бўйича изоҳ беришни истамаган.
Санкция остидаги товарлар Қозоғистон орқали реэкспорт қилиниши ҳақида эса «Важные истории» нашри, OCCRP ва Spiegel журнали тадқиқотчи журналистлари томонидан ёзилган. 20 май куни бу нашрларнинг қўшма суриштирувида Россия ғарб санкцияларини четлаб ўтган ҳолда Қозоғистон орқали ҳар ойда миллионлаб долларга дронлар ва микроэлектроника харид қилиши маълум бўлганди.
Журналистларнинг маълумотига кўра, Қозоғистоннинг Da Group 22 компанияси Россиянинг «Стэк» фирмасига микрочиплар ва бошқа бутловчи қисмлар етказиб беради. «Стэк»нинг асосий харидори эса Россия кучишлатар тузилмалари учун махсус техникалар ишлаб чиқадиган ва ясайдиган компания ҳисобланади.
Журналистик суриштирувда айтилишича, уруш бошланганидан кейин Қозоғистонда ташкил этилган бошқа бир компания «Аспан арба» Россиянинг «Небесная механика» компаниясига 500 дона учувчисиз учар қурилма етказиб берган. Муаллифларнинг ёзишича, дронларни бу компаниядан «Рысь» қуролли можаролар фахрийлари федерацияси ва амалдаги россиялик ҳарбийлар сотиб олишган.
Қирғизистондан Россияга экспорт ҳажми кескин ўсиши
«Радио Азаттык» — «Озодлик Радиоси»нинг қирғиз ва қозоқ таҳририятлари — ҳам Россияга ҳарбий техникалар етказиб берилиши фактларини очиқлаган.
Журналистларнинг аниқлашича, Қозоғистон ва Қирғизистондаги фирмалар Россияга микрочиплар, телекоммуникация қурилмалари ва украин ҳарбийлари россияликларнинг ракеталари, танклари, вертолётлари, дронлари ва радиотизимларида учратган бошқа қурилмаларни экспорт қилган.
Тадқиқотчи журналистлар икки мамлакатнинг божхона хизматлари, шунингдек икки мақсадли технологияларни Россияга қайта экспорт қилиш билан шуғулланувчи компанияларнинг корпоратив маълумотларига таянади.
Суриштирувда шунингдек БМТнинг савдо маълумотлари келтирилган, унга кўра 2021 йилда Қирғизистон самолётлар, вертолётлар ва дронлар учун ҳеч қандай қисмларни импорт қилмаган. Аммо 2022 йилда ушбу мамлакатга учар аппаратлар учун 3,5 млн долларлик эҳтиёт қисмлар олиб кирилган ва Россияга 1,5 млн долларлик эҳтиёт қисмлар экспорт қилинган.
Худди шу даврда Қозоғистон Россияга ҳисоблаш машиналари экспортини икки минг мартага оширган. Хусусан, 2021 йилда мамлакат 127 минг долларлик ҳисоблаш машиналари етказиб берган бўлса, 2022 йилда — бу миқдор 296 млн долларга етган.
Мавзуга оид
13:51
Қирғизистонда содир бўлган зилзила кучи Ўзбекистонда сезилди
11:53 / 22.11.2024
АҚШ Россиянинг 50 та банкига қарши янги санкциялар киритди
21:37 / 20.11.2024
«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўли бўйича музокаралар якуний босқичда – ОАВ
20:34 / 20.11.2024