Ўзбекистон ташқи сиёсат вектори қандай шаклланиши керак?
Муддатидан олдин президентлик сайловида ғолиб бўлган Шавкат Мирзиёев лавозимига қайта киришар экан, ташқи сиёсат ва глобал воқеликларга ҳам муносабат билдирди. Хўш, Ўзбекистоннинг кейинги 7 йилда ташқи сиёсат вектори қандай бўлади? Президент таъкидлаган “жаҳон миқёсидаги тарихий давр ниҳояси” нима дегани? “Геосиёсат”нинг бугунги сонида шулар ҳақида сўз боради.
Кўрсатувимиз меҳмонлари – сиёсатшунослар Фарҳод Толипов, Камолиддин Раббимов, Сайфиддин Жўраев ва Шерзод Зиёев бўлди.
— Янги глобал тартибот шароитига мослашишда Ўзбекистон учун асосий принциплар қандай ва қайси факторларга асосан шаклланиши керак?
Фарҳод Толипов: Қандай принципларга асосланмаслиги керак, деган савол қўйишни маъқул кўрардим. Кўп векторли сиёсат ҳақида гапирилади бизда, содда қилиб айтганда, барча давлатлар билан бир хил муносабат дегани. Масалан, АҚШ, Франция каби давлатлар кўп векторли сиёсат олиб боради, лекин бунга расмийлари урғу бериб гапириб ётмайди. Кейин мувозанатни сақлаш сиёсати деган тушунча ҳам кўпайган бизда. Академик нуқтайи назардан қарасак, бунинг ҳам иложи йўқ. Чунки мувозанат тушунчасининг сиёсатдаги мезонлари қандай, қандай ўлчаш керак, деган масала очиқ. Бу тушунчаларни бир кўриб чиқиш керак.
Олдин ҳам айтганимдек, заиф давлат комплекси мавжуд. Ўзбекистон иккинчи ё учинчи даражали давлат эмас. Мустақилликдан сўнг анча ўзини тиклаб тажрибага эга бўлган давлат. Америка каби давлатлар Ўзбекистонга минтақадаги «калит» давлат деб қарайди, яъни жуда кўп нарса Ўзбекистонга боғлиқ. Шундай экан, Ўзбекистон ҳам шу мақомга яраша ҳаракат қилиши керак.
Сайфиддин Жўраев: Кўп қиррали сиёсат тушунчаси ҳам бор ҳозир. Ривожланаётган мамлакатлардан ташқари АҚШ, Хитой каби давлатларда ҳам шу масала бор. Россия ҳам бундан кейинги сиёсатда қандай кириб борамиз жараёнга, деган масала қўйган. Яъни бу нарса бутун дунёда бор ҳозир.
Ўзбекистонда бу кўп қиррали сиёсатда анча олдинлаб кетган жиҳатлар бор. Ташқи сиёсий ишларда, муносабатларда Ўзбекистон ҳар қандай вазиятда ўз миллий манфаатларидан келиб чиқиб сиёсат олиб боради. Бундан ташқари, Ўзбекистон ташқи сиёсатда прагматик йўл тутади, яъни фақат маълум бир давлатлар билангина муносабат қилмайди. Ҳолатларда ўз манфаатидан келиб чиқиб қарор қилади.
Ўзбекистон минтақада тизим яратишда муҳим рол ўйнайди. Бизнинг ташқи ва ички сиёсатдаги ишларимиз бошқа қўшни давлатларга ҳам таъсир қилади. Масалан, сўнгги вақтлардаги Марказий Осиёдаги чегара масалалари, сув масалаларида Ўзбекистон сиёсати муҳим бўлди.
Камолиддин Раббимов: Кўп векторли деган атама ёнига тенг векторли деган атамани ҳам қўшиб кетган бўлардим. Яъни Каримов даврида Ўзбекистон дихотомик сиёсат олиб борди. Яъни Вашингтонга яқинлашса, автоматик тарзда унинг рақобатчиларидан узоқлашарди, Москвага яқинлашганда ҳам шундай. Оқ ва қора рангли бўлиниш. «Кимки Ўзбекистонга думини кўтарса, Вашингтон/Москвага думини кўтарган бўлади» деган ибора ҳам бўларди.
Ташқи сиёсат миллий қадр-қимматни ифодалаши керак. Фарҳод ака айтган гапга қўшиламан бу борада. Биз нега кимлардандир қўрқишимиз керак? Давлатчилик қадр-қимматидан келиб чиқиб ташқи сиёсат юритиш лозим. Бу ерда ҳам зиддиятлар пайдо бўлади. Масалан, Украина масаласида Ўзбекистон эҳтиёткор. Минтақанинг энг яқин икки ҳамкори ХХР ва Россия. Геоиқтисодий ва геосиёсий зиддият бор бунда ҳам. Туркия билан яқинлик кучайди, бунга геомафкуравий муштараклик, тарихан яқинлик сабаб бўлди.
Ташқи сиёсат – ички сиёсатнинг давоми. Агар ички сиёсатда миллий манфаатларни тўлиқ расмийлаштирадиган тизим бўлса, бу тўлақонли ташқи сиёсатда ўз асосини топади.
Сайфиддин Жўраев: Ўзбекистон ташқи сиёсатида қўрқиш, ҳадиксираш йўқ, менимча. Бу борада юқоридаги фикрларга қўшилмайман. Балки бошида қандайдир вазиятлар туфайли эҳтиёткорлик бўлганди. Лекин сўнгги йилларда бундай эмас, масалан, Эрон, Қатар, Саудия Арабистони каби давлатлар билан алоқани оладиган бўлсак, манфаат бўлгани учун бўляпти, яъни қаерда манфаат бўлса, ўша томонга йўналяпти. Бу дегани олдинга интилиш бор.
Камолиддин Раббимов: 2014 йилла Қрим аннексияси бўлганда, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россияга бир йилда икки марта баёнот берди. Ислом Каримов МДҲ саммитида Путинга эътироз билдириб, танбеҳ берган эди, Қирғизистон президентига ҳам танбеҳ берганди. Бугун эса очиқча Украинага босқинчилик уруши бўляпти. 2014 йил билан солиштириб қаралса, ҳозирги ҳолатни геосиёсий эҳтиёткорлик деб баҳолашдан бошқа вариант йўқ.
Сайфиддин Жўраев: Россия – бизнинг энг катта савдо-иқтисодий ҳамкоримиз. Россия ва Украина урушини деб биз ҳамкордан ажраб қололмаймиз.
Камолиддин Раббимов: Россия ва Қозоғистон муносабатли зиддиятли экани маълум. Хўш, Қозоғистон билан Украинадаги каби ҳолат бўлса, биз нима қилишимиз керак? Давлатнинг ҳудудий яхлитлиги борасида Ўзбекистоннинг фундаментал қадрияти бор. Ҳозирги Ташқи ишлар вазирлиги ҳам буни бир неча бор таъкидлади.
Сайфиддин Жўраев: Ўзбекистон ўз миллий манфаатларидан келиб чиқиб ҳаракат қилиши керак. Россиядаги Абхазия ва Обсетияни Ўзбекистон ҳалигача тан олгани йўқ ҳудудий яхлитлик масаласида.
Шерзод Зиёев: Ўзбекистон ташқи сиёсатида стереотип фикрлашлар бор. Аллақачон сиёсий имиж яратиш керак эди. Аниқ манфаатларга ва аниқ вазифаларни бажаришга хизмат қилувчи ташқи сиёсий тизимни ривожлантириш эҳтиёжи бор.
Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш нуқтаи назаридан дунёдаги геосиёсий вазиятдан келиб чиқиб қарор қабул қилишимиз керак. Камолиддин айтганидек, ички сиёсатнинг давоми бўлмади ташқи сиёсат.
— Ўзбекистон ташқи сиёсатда қандай қилиб катта кучлар мувозанатини сақлаши керак?
Фарҳод Толипов: Мувозанатнинг ўзи мавҳум тушунча, айтганимдек. Мувозанатни сақлаб бўлмайди, чунки халқаро тизим жуда мураккаб. Қадим давр сиёсатидан бугунга қадар кўриб чиқсак, бўлган сулҳлар, келишувларнинг барчаси сиёсий ўйинлар бўлиб чиққан. Демакки, мувозанатни кафолатлаш қийин масала. Бир тарафни танлаш керак деёлмайман, лекин бетараф бўлиш ҳам қалтис ҳолат.
Агар БМТда аксар давлатлар Россияни қоралаган бўлса, хўш, ҳақиқат ким тарафида ? Шу вазиятда биз бетараф бўлайлик деб қотиб қолишимиз керакми? Биз ўзимининг концепцияларимизда БМТни устувор деб кўрсатганмиз. Халқаро ҳуқуқ миллий ҳуқуқдар усьун бўлишини таъкидлаб келамиз. Минтақа доирасидаги муаммоларда БМТда баёнот қилиб мурожаатлар қилганмиз. БМТ Россияни қоралади. Нимага энди ҳамма нарсани БМТ билан боғлаб, энг масъулиятли пайтда бетараф бўлиб қоляпмиз? Қандай тушунтириш мумкин буни? Очиқ савол бу.
Сайфиддин Жўраев: Ўзи бу мувозанат қандай ўлчанади? Мезонлари қандай? БМТни мувозанатни таъминловчи ташкилот дейиш бир томондан тўғри, лекин бир томондан нотўғри. Дейлик, Россияга қарши бир қанча қарорлар қабул қилинди. Лекин бунинг натижаси йўқ, чунки тавсиявий характерга эга улар. Аввал ташкилот фаолиятини қайта кўриш керак. Масала бизнинг миллий манфаатларга тақалади яна.
— Бизнинг сўнгги вақтлардаги яқин ҳамкорларимиз АҚШ, ХХР, Россия, Туркия каби давлатлар. Улар билан алоқаларни қандай шакллантириш керак? Барибир булар ўртасида тўқнашувлар бўлади-ку.
Камолиддин Раббимов: Кейинги 6 йилда Ўзбекистон энг йирик савдо-иқтисодий ҳамкори — Хитой. Иккинчи ўринда Россия. Бу давлатлар билан иқтисодий барқарорлик ва ижтимоий вазият боғлиқ. Россияда 3-4 млн муҳожирларимиз бор. Улар юборган капитал барқарорлаштирувчи омил сифатида ўйнайди жамиятда. Аммо постсовет ҳудудидаги давлатларнинг ҳудудий яхлитлигига таҳдид қилган давлат ҳам Россия. Россиянинг империячилик кайфияти ҳеч кимга сир эмас.
Ўзбекистоннинг Россия билан алоқаларида икки муҳим жиҳат бор: биринчиси Россияга ютилмаслик, иккинчиси буткул узилиб қолмаслик. Бу икки омил ўртасида мувозанат қилиш катта сиёсий маҳорат талаб этади.
Хитойга қараганимизда бизнинг кўзга биринчи тушадиган шаҳар — Урумчи. Расмий доираларда бу ҳақида айтилмайди ҳали-бери. Хитойнинг мақсади — уйғурларни этник сингдириб юбориш. Уйғурлар ҳақида гап кетар экан, биз мустақилликкача бўлган давримизни эслашимиз керак. Уйғурларнинг ассимиляция бўлиши бизнинг миллий манфаатларга тўғри келмайди. Лекин ҳукумат айтолмайди. Ҳатто 10 йиллар олдин айта олган Туркия ҳам бу борада жим. Умуман, мусулмон дунёси айтолмаяпти. Хитойнинг 1/5 қисмини ташкил этувчи Уйғуристон йўқотилса, туркий дунё учун мисли кўрилмаган йўқотиш бўлади бу.
Марказий Осиё давлатлари олдида катта вазифа бор. Биринчидан, Хитой билан иқтисодий ҳамкорликни пастга туширмаслик. Иккинчидан эса ХХР ва Россияни тийиб туриш механизми ҳақида ўйлаб кўриш керак бўлади. Глобаллашган келажакда чегаралар қатъий бўлади деб бўлмайди, улар кенгаяди ёки торайиб боради. Аммо бугун Марказий Осиё давлатлари тийиб туриш масаласини кун тартибига қўёлмайди.
Сайфиддин Жўраев: Ҳар қандай давлатлар ўртасидаги алоқаларда асосий шарт иккинчи томоннинг ички ишларига аралашмаслик бўлади. Олимлар, экспертлар бу муаммоларни ўрганиши, кўтариб чиқиши мумкин. Лекин сиёсийлаштира олмаймиз. Биз Хитой билан ҳар томонлама, манфаатларимиз мос келадиган жиҳатларда ҳамкорликни ривожлантиришимиз керак.
Россияда империячилик сиёсати юритиш учун ҳеч қандай юридик асос йўқ. Россия ўз манфаатларини ҳимоя қиляпти бир давлат сифатида. Ўз мақсадларимиз йўлида Россия имкониятларидан фойдаланишимиз керак биз ҳам.
Шерзод Зиёев: Россия хавфи асосли, лекин Ўзбекистон дипломатиясида ҳам ижобий ўзгаришлар бор. Салоҳиятимиз юқори. Бизда фойдаланилмаган имкониятлар кўп. Бўлаётган ўзгаришларни кўра билиб, аниқ манфаатларга йўналтирилган сиёсатни давом эттириш керак. Россия ўз сиёсати ортидан ўзи зарар кўряпти. Бизнинг дипломатия ҳам ўз олдига қўйилган вазифаларни бажариши керак. Дипломатик институтларни ривожлантириш иқтисодиёт билан боғлиқ, давлат легитимлиги ҳам ошади.
Сайфиддин Жўраев: Икки давлат ўртасидаги қарама-қаршилик Марказий Осиё нуқтасида юзага келади. Марказий Осиёда интеграция кучайса, жипслашса давлатлар, биз ютамиз. Шунинг учун ҳам Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида Марказий Осиё устувор. Бешала давлат учун ҳам яхши бўлади.
Фарҳод Толипов: 2002 йилнинг март ойида АҚШ ва Ўзбекистон стратегик шериклик тўғрисида декларация қабул қилган. У пайтда Афғонистондаги операциялар энди бошланиб, АҚШ Ўзбекистонга ҳарбий база жойлаштирган эди. Ўшанда Москвадан дўққа ўхшаш сигнал келади. Бунга жавобан Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон мустақил давлат, бундай қарорларни ўз манфаатига кўра қабул қилади, деб жавоб берган. Кўрсатадики, ўша пайтда Ўзбекистон ташқи сиёсатда дадил бўлган. 2005 йилдан кейин вазият ўзгариб, ҳарбий база олиб чиқиб кетилиши керак дейди Ўзбекистон. Андижон воқеаларидан нотўғри хулоса чиқади ҳукумат ва АҚШ билан муносабатлар бузилади. АҚШ ҳам Ўзбекистонга нисбатан маълум бир санкциялар эълон қилади. Айтмоқчиманки, тарихда шундай воқеалар ҳам бўлди, яъни ўзгарувчан халқаро сиёсат.
АҚШ бугунга қадар Марказий Осиё бўйича сиёсатини аниқ кўринишларда ифодалаб келган. Марказий Осиё давлатларининг мустақиллиги , ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлаймиз, демократик жамиятни, бозор иқтисодиётига асосланган иқтисодни ривожлантиришда кўмак берамиз, деган ёндашув бор АҚШда. На Россияда, на Хитойда бундай стратегия йўқ Марказий Осиёга нисбатан. АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шериклик тўғрисидаги ҳужжат ҳали ҳам кучда. Шунинг учун стратегик шерик деб қараш керак.
Сайфиддин Жўраев: Ўзбекистон АҚШ базасини чиқариб юбориш воқеаларида мўлжалланган ҳарбий ҳаракатлар тугаган эди, лекин улар чиқиб кетишни суриб келаётганди. Икки йилдан кейин эса Афғонистондаги вазият яна ўзгарди. АҚШ қўшинларини олиб чиқиш учун шерик излаб яна Ўзбекистонга мурожаат қилди. Ҳарбий техникалар эса Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия орқали олиб чиқиб кетилган.
Сўнгги вақтларда АҚШ билан ҳамкорлик кенгайганини кўряпмиз. Минтақавий хавфсизлик, ҳамкорлик борасида ҳам янги ҳаракатлар бўляпти. Турли доирадаги ҳукумат вакиллари ўртасидаги музокаралар кучайиб бормоқда. Икки томон учун ҳам манфаатли бу. АҚШ кучсизланяпти, бу эса Марказий Осиёга бошқа давлатларнинг таъсирини кучайтириб боради, деган фикрлар ҳам бор. Аслида бундай эмас. АҚШ билан муносабатларда ҳам ўз миллий манфаатларимиз устун эканини кўряпмиз.
Камолиддин Раббимов: АҚШ ва Ўзбекистон муносабатлари 2005-2009 йилларда совуқ бўлди. АҚШ ташқи сиёсатида Ўзбекистон минтақа бўйича ҳам, поссовет ҳудудидаги давлатлар бўйича ҳам муҳим давлат ҳисобланади. Марказий Осиёда Ўзбекистон ва Қозоғистон таҳлил этилган бўлиб, Ўзбекистон давлатчилик қадриятлари томонидан, аҳолининг этник мансублиги томонидан қулай давлат, дейилган. АҚШ Ўзбекистон ва Қозоғистон билан ижобий муносабатда бўлишдан манфаатдор.
Нормуҳаммад Али Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
21:00 / 21.11.2024
АҚШ–Хитой зиддияти ва Тайван омили: Трампдан нима кутиш мумкин?
23:12 / 19.11.2024
Исроилнинг кейинги нишони Туркиями?
19:03 / 18.11.2024
Ўзбекистонда хорижликларни номақбул шахс деб топиш ҳақидаги қонун кучга кирди
10:05 / 17.11.2024