Ўзбекистон | 10:39 / 20.07.2023
21397
2 дақиқада ўқилади

Киноқаҳрамон: Кетмони учмаган раис бува

Кино ва театр актёри, Ўзбекистон халқ артисти Тўйчи Орипов 1924 йил Тошкентнинг Дегрез маҳалласида туғилган.

“Абдуллажон” филмидаги ҳеч кетмони учмайган раис роли орқали мухлислар қалбидан жой олган актёр ёшлигида ҳайдовчи бўлишни орзу қилган. Бироқ тақдир уни театр ва кино оламига етаклаган.

1953 йил Тошкент театр санъати институтини тугатиб, Қўқон театри, Аброр Ҳидоятов номидаги драма театри, ҳозирги ўзбек миллий академик драма театрида фаолият юритган. У драматик, фожиавий ва комик роллар, айниқса, ўткир характерли, салбий образлар устаси сифатида танилган. 

Тўйчи Орипов “Қутлуғ қон”, “Бой ила хизматчи”, “Келинлар қўзғолони”, “Абу Райҳон Беруний”, “Қиёмат қарз”, “Ғариблар”, “Юлдузли тунлар” спектаклларидаги ролларни ижро этган.

Тўйчи Орипов, Ўзбекистон халқ артисти Фото: Мбаза. уз

Актёр кино оламида ҳам самарали меҳнат қилган. У “Абдуллажон”, “Бомба”, “Дев билан пакана”, “Осмондаги болалар”, “Нол вариант”, “Даҳонинг ёшлиги ”, “Оловли йўллар”, “Шум бола”, “Кутмаганинг ёнингда”, “Сайёд қўнғироғи” филмлари орқали киноихлосмандлар эътирофига сазовор бўлган.

Ўзбекистон халқ артисти Тўйчи Орипов 2015 йил 91 ёшида Тошкентда вафот этган.