Ўзбекистон | 12:51 / 20.07.2023
19562
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда автобус пиёдани уриб юборди

Яккасарой туманида автобус ва пиёда иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Йўлнинг белгиланмаган қисмидан кесиб ўтаётган пиёда вафот этган.

19 июл куни соат 17:00 да Тошкент шаҳри Яккасарой тумани Бобур кўчасида автобус иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди. Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабарига кўра, «Ютонг» русумли йўловчи автобуси йўлнинг белгиланмаган қисмидан кесиб ўтаётган пиёда, 1972 йилда туғилган Ғ.К.ни уриб юборган.

«Тошшаҳартрансхизмат» матбуот хизмати хабарида аниқлик киритилишича, автобус Бобур кўчаси бўйлаб Аэропорт кўпригидан Аския бозори чорраҳасига яқинлашган вақтда, йўлнинг қатнов қисмида пиёдалар учун белгиланмаган жойдан йўлни кесиб ўтаётганида Ғ.К. олдидан енгил автомашина чиқиши натижасида тўсатдан орқага ҳаракатлангани сабабли, автобус уни уриб юборган.

Пиёда олган тан жароҳатлари натижасида 16-сонли шаҳар шифохонасига олиб борилган. Бироқ тиббиёт ходимларининг саъй-ҳаракатларига қарамай у вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.

Мавзуга оид