Жаҳон | 08:38 / 20.07.2023
11571
2 дақиқада ўқилади

Зеленский: Одессага ҳужумда Хитой учун мўлжалланган маҳсулотлар йўқ қилинган

Россия томонидан зарба берилган Одесса ва Черноморск портларида миллион тонна ғалла сақланган, уларнинг бир қисми Хитойга экспорт қилиш учун мўлжалланган, деди Зеленский. 

Фото: president.gov.ua

Россиянинг кеча тунда Украинанинг Одесса ва Черноморск портларига берган зарбаси унинг мақсади биргина Украина эмаслиги кўрсатди, деди президент Володимир Зеленский 19 июль, чоршанба куни кечки видеомурожаатида. «Дунёдаги ҳамма Россияни жавобгарликка тортишдан манфаатдор бўлиши керак», деди у.

Украина президентининг сўзларига кўра, ҳужумга учраган портларда «бир миллион тоннага яқин озиқ-овқат захиралари сақланган. Айнан шу ҳажм Африка ва Осиёдаги истеъмолчи мамлакатларга етказилиши керак эди».

Шу билан бирга, Хитойга экспорт қилиш учун 60 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сақланган терминал ҳужумлар натижасида айниқса жиддий шикастланган, деди Зеленский. Аввалроқ Украина аграр сиёсат ва озиқ-овқат вазири Николай Солский Одесса ва Черноморскка зарба натижасида 60 минг тонна ғалла нобуд бўлганини маълум қилганди.

Зеленский 19 июлга ўтар кечаси содир бўлган ҳужумни «тўлиқ миқёсдаги уруш даврида Одессага зарар етказишга бўлган энг катта уриниш» деб атади. «Ҳар бир шундай зарба билан биз ҳамкорларимизга қайта-қайта мурожаат қиламиз - Украина ҳаво қалқони кучайтирилиши керак», - дея таъкидлади Украина президенти.

Мавзуга оид