Ўзбекистон | 07:53 / 21.07.2023
6980
5 дақиқада ўқилади

Божхона юк декларациясини тўлдириш тартибига ўзгартириш киритилди

Иқтисодиёт ва молия вазирининг “Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги буйруғи қабул қилинди.

Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага  киритилаётган ўзгартиришларга мувофиқ, қуйидагилар битта БЮДда декларацияланиши мумкин:

1) битта битимга мувофиқ ёки бундай битим тузмасдан битта жўнатувчининг манзилидан битта олувчининг манзилига битта транспорт ҳужжати билан (бундан бир нечта темир йўл ва автотранспорт воситасида олиб ўтилаётган (олиб ўтилган) товарлар мустасно)  ва бир хил божхона режимига жойлаштирилаётган товарлар;

2) темирйўл ва автотранспорт воситасида бир нечта транспорт ҳужжати билан олиб ўтилаётганда (олиб ўтилганда):

темирйўл транспортида олиб чиқилаётган товарлар бўйича – битта битимга мувофиқ ёки бундай битим тузмаган ҳолда битта жўнатувчидан битта қабул қилувчи манзилига битта темирйўл транспортида бир вақтда жўнатиладиган ва бир хил божхона режимига жойлаштирилаётган товарлар;

темирйўл транспортида олиб кирилаётган товарлар бўйича – битта битимга мувофиқ ёки бундай битим тузмаган ҳолда битта жўнатувчидан битта қабул қилувчи манзилига битта темирйўл транспорти таркибида Ўзбекистон ҳудудига бир вақтда олиб кирилган ва бир хил божхона режимига жойлаштирилаётган товарлар;

автотранспорт воситасида олиб чиқилаётган товарлар бўйича – битта битимга мувофиқ ёки бундай битим тузмасдан битта жўнатувчининг манзилидан битта олувчининг манзилига битта чегара божхона пости орқали олиб чиқиладиган ва бир вақтда битта божхона постига тақдим этган ҳолда бир хил божхона режимига жойлаштирилаётган бир ном, тур, маркадаги, Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатурасига (ТИФ ТН) асосан битта ўн рақамли код билан таснифланувчи товарлар;

автотранспорт воситасида олиб кирилган (олиб кирилаётган) товарлар бўйича – битта битимга мувофиқ ёки бундай битим тузмасдан битта жўнатувчининг манзилидан битта олувчининг манзилига битта чегара божхона пости орқали бир кунда олиб кирилган (олиб кириладиган) ва битта божхона постига тақдим этган ҳолда бир хил божхона режимига жойлаштирилаётган бир ном, тур, маркадаги, ТИФ ТНга асосан битта ўн рақамли код билан таснифланувчи товарлар;

ТИФ ТНни талқин этишнинг 2а асосий қоидасига мувофиқ йиғилмаган ёки ажратилган товарнинг таркибий қисмлари деб ҳисобланадиган ва ТИФ ТНнинг йиғилган ёки тугалланган товарга мос келувчи позициясида таснифланадиган товарлар, агар бундай товарлар битта битимга мувофиқ ёки бундай битим тузмаган ҳолда битта жўнатувчидан битта қабул қилувчи манзилига бир турдаги транспорт воситасида олиб кирилган ва божхона ҳудудига кириб келиш жойида айни битта божхона органига тақдим этилган бўлса. Бунда, товарлар олиб кирилиб аввал бошқа божхона режимига жойлаштирилмаган бўлса, БЮД Божхона кодексининг 261-моддасида кўзда тутилган муддатлар доирасида тақдим этилиши лозим;

3) битта почта юк хати билан олиб ўтилаётган ёхуд божхона чегараси орқали ўтаётган жисмоний шахснинг қўл юкида ва багажида олиб ўтилаётган товар ёки унинг бир қисми. Агар товарлар турли божхона режимларига жойлаштирилаётган бўлса, у ҳолда тўлдириладиган БЮДлар сони божхона режимлари сонига мувофиқ бўлиши лозим

Маълумот учун, агар товарлар турли божхона режимларига жойлаштирилаётган бўлса, у ҳолда тўлдириладиган БЮДлар сони божхона режимлари сонига мувофиқ бўлиши лозим.

Агар товарларнинг ташувчиси ёки автотранспорт воситасининг ҳайдовчиси СТИР ёки ЖШШИРга эга бўлмаган норезидент бўлса, у ҳолда шахснинг СТИР ёки ЖШШИРи қайд этиладиган жойда код кўрсатилади.

Божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимидан сўнг Ўзбекистон товари (Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган товар) мақомига эга бўлган қайта ишлаш маҳсулотларини олиб чиқиб кетиш экспорт божхона режимига мувофиқ, бошқа ҳолларда қайта ишлаш маҳсулотларини, божхона ҳудудида қайта ишлаш учун олиб кирилган товар, товарнинг чиқиндилари ва қолдиқларини қайтариб олиб чиқиб кетиш реэкспорт божхона режимига мувофиқ амалга оширилади.

Мавзуга оид