Ўзбекистон | 11:48 / 25.07.2023
18006
2 дақиқада ўқилади

Аскарнинг ўлими юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда – Ҳарбий прокуратура

Марказий ҳарбий госпиталда даволанаётган аскар комага тушиб қолганидан бир кун ўтиб вафот этганди.

Шеҳрозиддин Баҳриддинов Фото: Kun.uz

2023 йилнинг 27 июнь куни ФВВга қарашли ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган Шеҳрозиддин Баҳриддиновнинг ўлими юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда, деб хабар бермоқда Республика ҳарбий прокуратураси.

Терговга қадар текширув Тошкент ҳарбий прокуратураси томонидан ўтказилмоқда, жараён Республика Ҳарбий прокуратураси назоратига олинган.

“Мазкур ҳолат ҳар томонлама тўлиқ ва холисона текшириб чиқилади. Терговга қадар текширув натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади”, дейди Республика ҳарбий прокурорининг катта ёрдамчиси Шерзод Ҳайитов.

Экспертиза хулосаси Фото: Kun.uz

Ўлим ҳақидаги маълумотномада Шеҳрозиддин Баҳриддиновнинг ўлимига қўзғатувчиси аниқланмаган пневмония сабаб бўлгани келтирилган. Қуролли Кучлар Суд-тиббий экспертиза марказининг экспертиза хулосасида 24 яшар аскар қатор касалликлар натижасида юзага келган полиорган етишмовчилиги оқибатида вафот этгани келтирилган.

Бироқ аскарнинг яқинлари бунга ишонмаяпти. Kun.uz билан суҳбатда марҳумнинг яқинлари командирлари аскарнинг ўпкасига сув йиғилиб йиринглаб кетганини айтишгани, 24 июнь куни телефон орқали гаплашишганда унинг овозида касаллик аломати, масалан, хириллаш, қийналиб нафас олиш сезилмаганини таъкидлашганди. Аскарнинг акаси Эркин Қодиров укаси командирлари айтганидай чиндан ҳам сафда ҳушидан кетиб йиқилгани, шундан сўнг ҳарбий қисм тиббиёт пунктига олиб борилгани акс этган видеотасвирлар кўрсатилишини сўрамоқда.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид