Спорт | 19:20 / 25.07.2023
38126
8 дақиқада ўқилади

Мбаппе достонида янги боб. «Реал»га — Саудия Арабистони орқали

Фото: Getty Images

«ПСЖ» ва жамоа сардори муносабатларида яна бир кескин бурилиш рўй берди. Гап 700 миллион евро ҳақида бормоқда. «Спорт-Экспресс» шарҳловчиси Андрей Кузичев бу трансфер атрофидаги сўнгги ҳолатни таҳлил қилди.

Назардан қолган

Вақти келиб «ПСЖ» ва Килиан Мбаппе муносабатлари тарихи ҳақида ҳозиргидек виртуал сериалмас, ҳақиқий кино олиниши шубҳасиз. Жума куни эса виртуал сериалнинг навбатдаги мавсуми бошланганди, ўшанда парижликлар клуби раҳбарияти жамоа сардорини Японияга турнедан чиқариб ташлади, агар у 31 июл кунига қадар шартномани 2025 йилгача узайтирмаса ёки бошқа клубга ўтиш бўйича қарор қабул қилмаса,  трансферга қўйилади. Акс ҳолда — Мбаппенинг атрофидагиларга етказилган маълумотга кўра — ўжар юлдуз бутун мавсумни захира ўриндиғида ўтказади.

Бу тарихнинг янги тафсилотлари пайдо бўлаётганида Мбаппе аллақачон трансферга қўйилган Леандро Паредес, Жоржино Вайналдум ва Абу Диалло билан биргаликда шуғулланмоқда. Машғулотлардан биридан кейин база ташқарисида Килиан машинасидан чиқиб, мухлисларни автограф ва биргаликдаги фото билан хушнуд этди. Барчаси жуда самимий эди. Бундан ташқари, футболчини Миллий профессионал футболчилар касаба уюшмаси қўллаб-қувватлаб, Франция ҳукуматини ниҳоят Қатар ва «ПСЖ»га қарши туриш учун куч топишга чақирди, чунки бу клуб аввал ҳам янги шартнома имзолашдан бош тортган Адриен Рабиони ўйин амалиётидан маҳрум қилиб, бошқа футболчиларга ҳам босим ўтказганди.

Бироқ, Le Parisien нашри маълумотига кўра, клубнинг қатъий позициясига қарамай, парижликларнинг адвокатлари ва футболчи ўртасида музокаралар олиб борилган, ундан мақсад маданиятли ечим топиш. Айни вақтда бу сериалдаги актёрлар сони геометрик прогрессияда ўсиб, Мбаппе учун даъвогарлар сафида «Реал»дан ташқари «МЮ», «Челси», «Тоттенҳэм» ва «Ал-Ҳилол» ҳам пайдо бўлди.

Саудия Арабистони клуби аввалига бу пойгада аутсайдердек кўринаётганди, подшоҳликка Криштиану Роналду ва Карим Бензема бошчилигида десант ташланган бўлса-да, ҳали жуда ёш бўлган Мбаппенинг Яқин Шарққа бориши илмий фантастикани эслатиб юборади. Шунга қарамай, айнан «Ал-Ҳилол», ўтган ойда Лионел Мессини келишга кўндира олмаган клуб аниқ қадамлар ташлади.

Неймар. Фото: Reuters

Неймардан қимматроқ

Саудия Арабистонининг энг совриндор клуби ҳужум чизиғи учун юлдузли футболчи топишга муккасидан кетган. «Ал-Ҳилол» ҳимоя чизиғи Калиду Кулибали билан мустаҳкамланган. Ўрта чизиқни Рубен Невеш ва Сергей Милинкович-Савич тўлдирган, форвардлар эса — муаммо. Ҳарри Кейнни Ар-Риёддан бўлган таклиф унча қизиқтирмаяпти. Ёши ўтиб бораётган Ромелу Лукаку эса йилига 50 миллион евро сўрамоқда.

Бунга параллел равишда эса Мбаппени қўлга киритиш учун кампания бошланди. Ахборот маконида дастлаб ишоралар пайдо бўлди — ўшанда номи очиқланмаган клуб «ПСЖ»га Килиан трансфери бўйича оғзаки таклиф юборгани ва бу Неймар учун «Барселона»га тўланган рекорд даражадаги 222 миллион евродан кўпроқ экани айтилди. Кейин бу клуб «Ал-Ҳилол» экани, шунингдек француз юлдузи фаолиятини давом эттириши учун башанг ва ҳайратланарли вариант ҳақида маълум бўлди.

Футболчи билан атиги бир мавсумга шартнома имзолаш ва кейинги ёзда уни орзуси бўлган «Реал»га қўйиб юбориш — деярли шарқона эртакдир. Бу футболчисини текинга қўйиб юборишни истамаётган «ПСЖ»ни тўла қаноатлантиради. Ўз навбатида, Мадриддагилар ҳозирги режасини амалга оширади ҳамда Мбаппени кейинги йил ёзида эркин агент сифатида ўз сафига қўшиб олади, «Ал-Ҳилол» эса бутун мавсум давомида диққат марказида бўлади.

Килианнинг ўзи эса олдиндаги мавсумни Европа футболидан ташқарида ўтказиш истиқболидан мамнун бўлмаслиги аниқ, гарчи унинг атрофидагилар номидан футболчи шусиз ҳам тақдирга кўниб, бир йил давомида захирада ўтиришга рози экани ҳақида хабарлар тарқатилганди. Фақат бу катта эҳтимол билан клуб билан савдолашиш ва жавоб босими элементидир, чунки амалда «ПСЖ»нинг 90 миллион евролик содиқлик бонуси ҳам Мбаппе бир йил давомида ҳаракатсиз қолиши учун етарли товон бўла олмаса керак.

Сониясига 22 евро

Айни вақтда Мбаппе ўз жойида қолмоқда — шартномаси муддати тугагунича кетмоқчи эмас ва бир йилдан кейин «Реал»га ўтиш орқали 100 миллион евро миқдорида бонус (кўтарма пули) олмоқчи. Le Parisien нашри ёзишича эса, «ПСЖ» президенти Носир Ал-Ҳилайфий уни бошқа клублар таклифларини ҳам эшитиб кўришга ундамоқда. Жумладан, трансфер учун тўлаш имконияти йўқ бўлган, аммо L'Equipe версиясига кўра, ўз футболчиларининг бир гуруҳига алмашишга тайёр бўлган «Барселона» номи тилга олинган. Луис Энрике бу клубда муносиб номзодларни топиши аниқ, каталонияликлар эса аллақачон парижликлар билан алоқага чиққани ҳақида хабарлар бор.

Аммо ҳозирча фақат «Ал-Ҳилол» молиявий томондан «ПСЖ»ни тўлиқ қаноатлантирадиган таклиф берган. Франция чемпионлари Мбаппе учун, ҳали вазият хавфли тус олмаганида 200 миллион евро талаб қилаётганди. Ҳозир эса бу миқдор 150 миллион еврогача тушган, аммо Фабрицио Романонинг тасдиқлашича, Ар-Риёддагилар трансфер учун 300 миллион евро тўлашга тайёр. Бу эса жаҳон рекорди бўлади, аммо бу келишувдаги энг таъсирли рақам эмас.

Ҳақиқий космос эса — Мбаппенинг ўзи учун кўзда тутилган 700 миллион евро миқдоридаги йиллик маош. CBS журналисти Жеймс Бенж шундай суммани келтирган (Романонинг аниқлик киритишича, саудияликлар клуби Мбаппе учун бир йилга 200 миллион евро миқдорида маош тайинлашга тайёр. Шунингдек, француз футболчисининг даромадлари реклама ва бошқа тижорий шартномалари ҳисобига яна 500 миллион еврога ошиши мумкин. Клуб унинг имиж ҳуқуқидан фойдаланганлик учун келадиган даромадни Мбаппега беришга рози).

Агар ўртача рақамлар олинса, сониясига 22 евро чиқади. Килиан учун мўлжалланган йиллик маош «Ал-Ҳилол» олдинроқ Мессига таклиф этганидан (400 миллион евро) қарийб икки баробар кўпроқ. Лео йўқ дея олган ва Америкага саёҳатни танлаганди. Мбаппенинг келажаги эса музокаралар натижасига боғлиқ, «ПСЖ» аллақачон музокара ўтказишга розилик берган. Футбол тарихида ҳали бундай ақлдан оздирувчи васваса бўлмаган ва айрим нуфузли экспертлар фикрича, энди «Реал» ва шахсан Флорентино Перес дарҳол вазиятга аралашиши лозим. Бу рўй беришининг олдини олиш учун ҳали вақт бор ва энг қизиқарли ишлар ҳали олдинда.

Мавзуга оид