Жаҳон | 19:51 / 25.07.2023
18579
4 дақиқада ўқилади

Хитой ТИВ раҳбарининг дараги чиқди. Уни лавозимдан четлатишган ва янги вазир тайинланган

Ван И яна Хитой ташқи ишлар вазири лавозимига қайтди. Ўтган йили унинг ўрнини эгаллаган Чин Ганг бир ой давомида кўриниш бермаган, бу эса унинг тақдири ҳақида турли миш-мишларга сабаб бўлганди.

Фото: Getty Images

Хитойдаги давлат нашрлари хабарига кўра, сешанба куни ушбу мамлакат ташқи ишлар вазири, бир ой мобайнида жамоатчиликка кўриниш бермаган Чин Ганг лавозимдан четлатилди.

«Хитойнинг олий қонун чиқарувчи органи сешанба куни бўлиб ўтган йиғилишда Ван Ини ташқи ишлар вазири  этиб тайинлаш учун овоз берди... Чин Ганг ташқи ишлар вазири лавозимидан четлатилди», дейилган Xinhua давлат агентлиги хабарида.

Хабарда Чин Гангнинг четлатилиши сабаби келтирилмаган, аммо ХХР раиси Си Жинпинг унинг ўрнига янги вазир тайинлаш ҳақидаги фармонига имзо чеккани айтилган.

Чин раис Сининг ишончли одамларидан ҳисобланган ва кўп таҳлилчилар унинг сўнгги йилларда дипломатик поғоналардан тезлик билан кўтарилганини уларнинг яқин муносабатлари билан  боғлаганди.

Охирги бир неча ҳафта мобайнида Хитой расмийлари Чин Гангнинг тақдири тўғрисида сукут сақлашни лозим топди, у 25 июн куни Пекинда Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Руденко билан учрашганидан кейин жамоатчиликка кўриниш бермаяпти.

Унинг ғойиб бўлиб қолиши у ёки лавозимдан четлатилгани ёки унга нисбатан хизмат текшируви ўтказилаётгани ҳақидаги тахминлар тўлқинини келтириб чиқарди.

Бу вақт мобайнида ТИВ раҳбари вазифаларини коммунистик партиянинг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Ван И бажариб турди. Ҳукумат иерархиясида у Чиндан юқорироқ туради.

Ван И 2013 йилдан 2022 йил декабрига қадар ҳам Хитой ташқи ишлар маҳкамасига раҳбарлик қилганди.

Саломатлиги ҳолати туфайлими?

Чин Ганг (Фото: Suo Takekuma / Getty Images)

57 ёшда бўлган Чин Ганг вазирлик лавозимини 2022 йил декабрида эгаллаган ва коммунистик Хитой тарихида бу лавозимга келган энг ёш дипломат бўлганди. Унгача эса Хитойнинг АҚШдаги элчиси сифатида ишлаган.

25 июндан кейин у жамоатчилик қаршисига чиқмади, бу эса интернетнинг Хитой сегментида у билан нима бўлгани тўғрисида сон-саноқсиз версияларни келтириб чиқарди. Шарҳловчилар эса бошқа нарсалар қатори бу сафар ТИВ раҳбари ғойиб бўлгани ҳақидаги хабар негадир цензура қилинмаётганига эътибор қаратишди.

Британиянинг Guardian газетаси 57 ёшли дипломат Пекин АҚШ билан муносабатларни яхшилашга ҳаракат қилаётган паллада йўқ бўлиб қолгани ҳақида ёзди.

Кейинроқ ташқи ишлар вазирлиги у соғлигидаги ҳолат туфайли ишлай олмаётганини маълум қилди, аммо батафсил маълумотлар йўқлиги янги тахминлар бўронига сабаб бўлди.

Энг кенг тарқалган миш-мишлардан бирига кўра вазият шундай: Чин Ганг гўёки у бегона аёл билан ишқий муносабатлари, яъни рафиқасига хиёнат қилганидан кейин тергов қилинмоқда.

Times нашри Ҳонгконг ва Тайван матбуотига асосланиб, у билан бир вақтда ҳонгконглик телебошловчи Фу Сяотян ҳам ғойиб бўлганини ёзиб чиққан. Аввалроқ, Чин Ганг ўтган йили, ҳали АҚШдаги элчи лавозимида ишлаганида берган интервюсида ушбу журналист билан гаплашиш оҳанги жамоатчилик эътиборини тортганди, дея қайд этади газета. Ўтган йилнинг ноябрида Фу Сяотен ўғил фарзандли бўлган.

Хитой ТИВ расмийси Мао Нин эса бу борадаги саволга жавоб беришдан бош тортган ва шундай деган: «Мен бу ҳақда ҳеч нарса билмайман».

Мавзуга оид