Спорт | 13:45 / 25.07.2023
20108
2 дақиқада ўқилади

«Янги чақирувга тайёрман». Элдор Шомуродов «Кальяри»га ўтаётганини тасдиқлади

«Рома» клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов фаолиятини «Кальяри»да давом эттиришини тасдиқлади.

Инсайдер Жанлука Ди Марцио хабарига кўра, ўзбекистонлик 28 ёшли футболчи душанба куни «Кальяри»да тиббий кўрикдан ўтган. 

«Янги чақирувга тайёрманми? Албатта! «Кальяри»га ўтаётганимдан жуда ҳам хурсандман», - дея Элдор Шомуродовнинг сўзларини келтирган Ди Марцио.

«Рома»га Шомуродовнинг бир йиллик ижараси учун 1 миллион евро тўланади ва 2024 йилнинг ёзида «Кальяри» Элдорни 9 миллион еврога сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади. Томонлар «1+3» шаклида шартнома имзолайди. Ўзбекистонлик форварднинг ижара муддати давомидаги маошининг 50 фоизини «Кальяри» тўласа, қолган ярмини Рим клуби тўлашда давом этади.

Аввалроқ, Шомуродовнинг «Рома»даги йиллик маоши 2 миллион еврони ташкил этиши ҳақида хабарлар тарқалганди. 

Эслатиб ўтамиз, италиялик 71 ёшли таниқли мутахассис Клаудио Раньери январь ойида «Кальяри» бош мураббийига айлангач, B Серияда 14-ўринда бораётган клубни ярим йил ичида пешқадамлар сафига кўтариб, мавсум якунида плей-офф орқали А Серияга олиб чиқишга муваффақ бўлди.

Усмон Ибодов
Тайёрлаган Усмон Ибодов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид