Спорт | 12:10 / 26.07.2023
27183
7 дақиқада ўқилади

Американинг забт этилиши. Месси яна икки гол урди, голли пас берди ва финландиялик ҳужумчи билан ажойиб тандем ҳосил қилди

Аргентиналик футболчи навбатдаги шоуни намойиш этди, «Интер Майами» эса «Атланта Юнайтед»ни йирик ҳисобда тор-мор этди.

Фото: Inter Miami CF

Лионел Мессининг Америкадаги премьераси кутилганидан ортиқ даражада бўлганди. Ақл бовар қилмас ажиотаж, MLS жамоалари иштирокидаги ўйинлар учун рекорд даражадаги 12,5 миллион томошабиндан иборат телевизион аудитория ва — торт устидаги гилос — арбитр томонидан қўшиб берилган дақиқаларда жарима зарбасидан урилган ажойиб ғалаба голи.

«Тўғрисини айтсам, жарима зарбаси белгиланганини кўрган заҳотим, ўйладим: бу шундай тугаши керак эди», — дея тан олди сеҳрли якун ва бир ярим ойдаги илк ғалабадан кейин «Интер Майами» хўжайинларидан бири Дэвид Бекҳэм.

«Бу биз аввал ҳам кўрган филм. Биласизми, унинг учун бу оддий иш. Мутлақо нормал кўринади, аммо бундай эмас... Биз барча даврларнинг энг буюги ҳақида гапиряпмиз», — дея қўшимча қилди «қарқаралар» жамоаси бош мураббийи Херардо Мартино.

Бундан ташқари, «Барселона»да ҳам, Аргентина миллий жамоасида ҳам Месси билан бирга ишлаган 60 ёшли мутахассис Лео жамоадошларига майдонда ҳам, машғулотларда ҳам йўл-йўриқ кўрсатаётганини айтиб берди. Ўз-ўзидан, сардорлик боғичи ҳам аргентиналик футболчига тегди. У бу боғични АҚШ миллий жамоаси ҳимоячиси Йедлиндан қабул қилиб олди, жамоанинг бунгача асосий сардори бўлган Грегоре эса март ойида оғир жароҳат олган ва олти ой муддатга сафдан чиққанди.

Лекин булар ҳакамнинг ўйин бошланиши ҳақидаги ҳуштаги янграшидан анча олдинроқ, сеҳргарнинг навбатдаги сеанси бошланишини кутиш жараёнидаёқ эсдан чиқадиган майда деталлар. Мухлислар навбатдаги ўйинга пухта тайёргарлик кўришди. Плакатлар, баннерлар, футболчининг бўй-басти тўлиқ акс этган фигуралар — ҳамма ёқда Месси эди. Трибуналарнинг ҳар бир секторида Аргентина миллий жамоаси футболкасини кийган инсонларни учратиш мумкин эди. Уларнинг ҳафсаласини пир қилиб бўладими?!

Бунинг жавоби аён, лекин «қарқаралар»нинг ҳимоядаги муаммолари ҳеч қаерга йўқолмаганди ва «Атланта» ўйинни мезбонларга хос тарзда бошлади. Фақат энди MLS чемпионатининг ҳар бир жамоаси «Интер» билан ўйинларда бир кўзи ўз дарвозасида бўлиб ўйнаши керак, чунки — рақиб ўйинни назорат қилаётгандек бўлса-да, Месси барибир нимадир ўйлаб топади. Ва жамоада бу иш билан шуғулланувчи Леонинг ёлғиз ўзи эмас. Бускетс ҳам Америкада қирол бўлади, унинг қадрдон дўсти билан телепатик алоқаси эса — деярли уриб бўлмас кузирдир.

Лекин Серхио ҳам мукаммал эмас ва унинг жарима майдони яқинидаги хатоси аргентиналик яримҳимоячи Алмаданинг голига айланишига бир бахя қолди. Аммо буюк усталарнинг ҳам баъзида бўшашишга ҳаққи бор. Қолаверса, ўйин масаласи аллақачон ҳал бўлганида. Айнан Бускетснинг ҳимоячилар ортига ташлаб берган тўпини дарвозага йўллаш билан Месси ўйин масаласини ҳал қилишни бошлаганди. Аммо барча ишни «Барселона»нинг ушбу икки собиқ футболчиси бажарди дейиш, адолатдан эмас.

Собиқ жамоадошларининг «қонини ичган» Жосеф Мартинес ёки ажойиб голли пас узатган клуб академиясининг 18 ёшли тарбияланувчиси Кремаскининг хизматларини ҳам эътироф этиш керак. Аргентиналикларнинг АҚШда туғилган авлоди аввалроқ тарихий ватанининг ёшлар жамоасига чақирув олганди, энди эса Месси билан жамоадош бўлди. Буни орзунинг ушалиши деса бўлади.

Ва, албатта, Финландия миллий жамоаси вингери Роберт Тэйлор катта таассурот қолдирмоқда. У Месси билан кўп йиллардан буён бирга ўйнаб келгандек ўзаро тушуниб ҳаракатланмоқда. Бу тандем рақиб ҳудудида кетма-кет паслар бериб, «Атланта» мудофаасини пароканда қилди ва Лео саккиз йил ичида илк бор бир ўйинда ўнг оёғи билан гол урди — бу футбол ўқув қўлланмаларига кирадиган комбинация эди. Худди танаффусдан кейинги намунали қарши ҳужум каби, бу ҳужумда финн футболчиси аргентиналик жамоадошининг узатмасидан дублни расмийлаштирди.

Биринчи бўлим охирида Тэйлор жарима майдонига чап қанотдан қайтариб бўлмас зарба берганида Антонелла Рокуццо голни ўз эрининг голларидан кам қувонч билан нишонламади, бу голли ҳужумни ҳам Месси бошлаб берган ва тўпни рақиб жарима майдони атрофига олиб келганди. Ҳали океанортидаги дебютини амалга оширмаган Жорди Алба ҳам таркибда пайдо бўлганида нималар бўлиб кетишини тасаввур қилиш қийин.

Месси эса яна бир тарих ёзди. Ҳам ўзидан жабрланган клублар сонини 100 тага етказиб, ўз шахсий рекордини ўрнатди, ҳам клуб рекордини. Чунки «Интер» шу вақтга қадар биринчи бўлимда учта гол фарқига эриша олмаганди. Бундай натижадан кейин фақат ўта дангасаларгина Месси эффектини эътироф этмаслиги мумкин.

Ва бу ҳали бошланиши. Келгусида янада қизиқ воқеалар бўлиши тайин. «Интер Майами» икки ғалабадан кейин гуруҳда биринчи ўринни кафолатлаб, Лигалар кубоги плей-оффига чиқди. Плей-офф ўйинлари бошланганида Лео 90 дақиқа давомида ўйнашга тайёр бўлади. Бу сафарги ўйинда ҳам у ҳакамнинг ўйин якунлангани ҳақидаги ҳуштаги янграгунича майдонда қолишни истаганди, аммо Мартино сардорнинг кучини тежашга қарор қилди ва шу билан бирга унга олқишлар остида майдонни тарк этиш имконини тақдим этди.

«Қарқаралар» жамоаси мухлисларига ҳавас қилиш мумкин — уларнинг Америка орзуси рўёбга чиқди. Бу мухлисларнинг баъзилари ўйин давомида ундан автограф олишга улгурди, Лео захира ўриндиғида ўтирган ҳолда имзо тарқатди. Қиролнинг шоуси давом этади.

Мавзуга оид