Жамият | 14:10 / 26.07.2023
42378
5 дақиқада ўқилади

«Инсонлар орасидаги иблис» – Гилго бичдаги серияли қотилликлар гумондори ушланди

Нью-Йорк полицияси ўта хавфли жиноятларда айбланаётган Рекс Хойерманни қўлга олди. Касби архитектор бўлган Хойерманн 11 кишини ўлдиришда гумонланмоқда.

10 йиллардан буён очилмаётган жиноятлар

АҚШда катта шов-шувларга сабаб бўлган ва 10 йиллардан буён очиқ қолаётган жиноятларнинг асосий гумондори бўлмиш архитектор Рекс Хойерманн қўлга олинди. У 11 кишини қийнаб ўлдирган бўлиши мумкин. Қурбонларнинг аксари ёш аёллар бўлиб, уларнинг жасади Лонг-Айленд ороли яқинидаги Гилго бич соҳилидан топилган. Полиция ушбу қотилликларни 10 йилдан буён суриштириб келаётганди.

Рекс Хойерманн. Фото: Archinect

Серияли қотилликларда гумонланган Хойерманни топишда у емай қолдирган пицца бўлаги ёрдам берган. 59 ёшли архитекторнинг уйидан чала ейилган пицца чиқиндига олиб чиқиб ташланади. Ейилмай қолган пицца бўлагидан олинган ДНК намунаси эса ўлдирилган аёллардан бирининг жасади солинган қопдаги намуна билан бир хил бўлган.

Хойерманнга айни дамда уч нафар аёлни ўлдириш бўйича айблов қўйилган. Булар 2009 йилда ўлдирилган Мелисса Бартелеми, 2010 йилда ўлдирилган Меган Уотерман ва Эмбер Костелло. Архитектор, шунингдек, 2007 йилда бедарак йўқолган аёл Морин Брейнард-Барнс ишида ҳам асосий гумондор ҳисобланади.

Гилго бич. Фото: Getty Images
Гилго бичдаги қидирув ишлари. Фото: EPA
Гилго бич серияли қотиллиги қурбонлари. Фото: NYP
Гилго бич соҳилидаги мурдалар топилган жойлар. Фото: Reuters

«Гилго тўртлиги»

ОАВда бу тўрт аёлни «Гилго тўртлиги» деб аташади. Гап шундаки, полиция 2010 йил декабр ойида бошқа бир аёл – 23 ёшли Шеннен Гилбертсни қидираётганда 3 аёл жасадининг қолдиқларини топади. Прокурор Рей Тирнининг сўзларига кўра уларнинг барчаси бир хил – ёки камар ёки лента билан қўли боғланган ҳолатда топилган. Жасадлар қопга ўралган бўлган.

Шундан кейин полиция қидирув ишларини кучайтириб умумий ҳисобда 11 нафар шу ҳолатдаги жасадларни топади. Тергов уларнинг аксари фоҳишалик билан шуғулланганини аниқлаган. Қотил ўлдирган қурбонлар орасида эркак киши ва ёш қиз бола ҳам бўлган. 4 нафар қурбоннинг шахси ҳамон номаълумлигича қолмоқда.

ОАВда соҳилдан мурдаси топилган уч аёл ва бедарак йўқолган бир аёлни «Гилго тўртлиги» деб аташади. Улар ҳақида кино ҳам ишланган.

«Орамизда юрган иблис»

Нью-Йорклик архитектор Хойерманн ушбу қотилликлар бўйича 2022 йилдагина гумондор сифатида қарай бошланади. У қўлга олинганининг эртасига айблов эълон қилинди. Судя жиноятлар ҳаддан ташқари пасткашлик билан содир этилгани сабаб унга товон пули эвазига озодликка чиқишга рухсат бермайди. Рекс Хойерманн айбдор эмаслигини иддао қилган, аммо бу гапни айтгач йиғлаб юборган. Полиция комиссари Родни Хариссон Хойерманни орамизда юрган иблис ва оилаларни бузувчи йиртқич деб атаган. Гумондор устидан суд маҳкамаси 1 август куни бошланади.

Жиноятни очган пицца бўлаги

Рекс Хойерманн 1987 йилдан буён Манҳэттенда архитектор бўлиб ишлаб келади. 2022 йилда полиция уни қатор қотилликларда гумондор сифатида қараб, ўшандан буён синчковлик билан кузата бошлайди, уйидан чиқаётган чиқиндилардан ДНК намуналари олади.

Хойерманнинг уйидан чиққан пицца қутиси.
Фото: Саффол округ суди

Жиноят очилишида ҳам айнан чиқинди асосий омил бўлди. Хойерманнинг уйидан чиққан пицца қутисида ейилмаган бўлак ҳам бор эди. Ундан олинган ДНК намунаси соҳилда топилган жасадлардан бири солинган қопда топилган намуна билан бир хил бўлган. Айнан мана шу факт суриштирувда бурилиш нуқтаси бўлган.

Полиция телефон суҳбатлари, кредит карта операциялари ва мобил телефон бўлган манзилларини таққослаш орқали ҳам натижага яқинлашган. Терговчилар қотил ўзи ўлдирган аёлларга бир марталик телефонлар орқали қўнғироқ қилиб, кейин аппаратларни ташлаб юборган деган хулосага келган.

Хойерманнинг пикап кўринишидаги автомобили ҳам қотилни аниқлашда ҳал қилувчи омиллардан бўлган. Унинг акаси номига расмийлаштирилган яшил пикапи гувоҳлар тасвирлаган машина билан тўғри келган. Хойерманн бир марталик телефонларидан бири орқали ўтган йил давомида Лонг Айленддаги серияли қотиллик иши бўйича камида 200 марта қидирув тизимлари воситасида маълумот излаган.

Терговчилар Хойерманнинг компьютерида аёлларни қийнаб жинсий алоқа қилиш ва уларни ўлдириш тасвирланган видеолар топган.

Рекс Хойерманн Манҳэттендаги архитектура компанияси хўжайини ҳисобланади. Бу корхона ўзини Нью-Йоркдаги етакчи архитектура корхоналаридан бири деб ҳисоблайди. Хойерманнинг бир қизи ва ўгай ўғли бор. Қўшнисининг айтишича, у бир қарашда ҳеч қандай шубҳа уйғотмайди ва ҳар эрталаб костюм-шимда, галстук тақиб ишга кетади. Терговчига кўра, Хойерманнинг 92 та қурол учун рухсатномаси, уйида эса қурол сақлайдиган катта сейви бўлган.

Хойерманнинг уйидан топилган қуроллар. Фото: Daily Mail

Мавзуга оид