Жамият | 14:56 / 27.07.2023
33319
3 дақиқада ўқилади

Энергетика вазирлиги АҚШ ва Испания энергия тақчиллигидан «азият чекаётгани» ҳақида ғалати постлар эълон қилди

Вазирлик матбуот хизмати Испанияда одамлар уйларини совитиш учун музлаткич эшикларини очиб қўяётгани ҳақида ёзган.

Фото: Янги Ўзбекистон

Ўзбекистон энергетика вазирлиги мамлакатнинг аксар қисмида электр энергияси билан боғлиқ муаммо кузатилаётган бир вақтда Ғарб мамлакатларидаги энергия тақчиллиги ҳақида Россия нашрларига таянган ҳолда постлар эълон қилди.

Хусусан, вазирлик дунёнинг энг бой давлати АҚШда энергия тақчиллиги кузатилаётгани ҳақида Россия энергетика хабарларини бериб борувчи Energy Today каналига асосланиб хабар берган. Ўша постда Англияда энергия тақчиллиги ўсиб бораётгани ҳақида хабарлар одатий ҳол экани айтилган.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизматининг шубҳали манбадан қўлбола таржима қилинган постида ёзилишича, дунёнинг биринчи иқтисоди бўлмиш АҚШда «82 миллион одам энергия тақчиллиги чегарасида яшайди ва аҳвол бу йил янада ёмонроқ». Шунингдек, АҚШда хўжаликлар бир ойда коммунал тўловлар учун 578 доллар тўлаётгани ва августга бориб бу кўрсаткич 706 долларгача кўтарилишига эътибор қаратилган.

Вазирликнинг 13 минг атрофида обуначига эга Telegram-каналига кўра, АҚШ «энергетика тақчиллигидан азият чекаётган» дунёдаги ягона мамлакат эмас. Вазирликнинг 22 июлда эълон қилган постида айтилишича, ялпи ички маҳсулот ҳажми 1,5 триллион доллар бўлган Испанияда одамлар уйларини совитиш учун музлаткич эшикларини очиб қўяётган экан.

Вазирлик расмий каналида Испанияда гўёки одамлар энергия тақчиллигидан қийналаётгани тасвирланган мемлар ҳам илова қилинган. Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг бу пости ҳам Россия нашрларига берилган иловалардан холи бўлмаган. Пост охирида 2023 йил июл ойи 160 йиллик давр ичида энг иссиғи бўлгани ҳақида маълумот Россия бош пропагандачи нашрларидан бири Russia Today'га илова берилган ҳолда ёзилган. Ваҳоланки, RT'нинг ўзи ҳам хабарни АҚШнинг NASA космик агентлиги ва Британиянинг The Guardian нашрига таяниб ёзган.

Аммо вазирлик каналида нега Ўзбекистонда ёзнинг ўртасида ҳам электр кўп ўчаётгани, жуда кўп ижтимоий объектларга қуёш панеллари қўйилган бўлса-да, уларнинг самараси амалда сезилмаётгани, нега қишда кузатилган блэкаутдан хулоса чиқарилмагани ҳақида пост топилмайди. Ёзда электр кўп ўчаётгани фақат энергия сарфи рекорд даражада ошгани ва авария кўринишидаги омиллар билан изоҳланган.

Ўткир Жалолхонов

Мавзуга оид