Ўзбекистон | 21:54 / 27.07.2023
36786
2 дақиқада ўқилади

Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи лавозимидан озод этилди

Президент вилоятда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш масаласига алоҳида тўхталиб, бу борадаги ишлар аҳволи қониқарсизлигини танқид қилди.

Фото: Ички ишлар вазирлиги

Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи Муҳиддин Жўраев лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

«Шунингдек, давлатимиз раҳбари вилоятда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш масаласига алоҳида тўхталиб, бу борадаги ишлар аҳволи қониқарсизлигини танқид қилди. Фаолиятида йўл қўйган камчиликлар учун Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи М.Жўраев лавозимидан озод этилди», дейилади хабарда.

Полковник Муҳиддин Жўраев 2014-2016 йилларда Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ИИБ бошлиғи, 2016-2018 йилларда Сирдарё вилоят ИИБ бошлиғи, 2018-2019 йилларда ички ишлар вазирининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари лавозимларида ишлаган. Шунингдек, 2019 йил июлида Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президенти лавозимини эгаллаган.

У 2019 йилнинг ноябрь ойи охирларида президент қарори билан ички ишлар вазири ўринбосари лавозимидан озод қилинганди. 2020 йилнинг февралида эса Қўқон шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган, 2020 йил сентябр ойида Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган.

2022 йил февралида Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланганди.

Эслатиб ўтамиз, 20 июл куни Фарғона шаҳрининг Янги аср кўчасида жойлашган қурилиши тугалланмаган бино ёнидан 11 ёшли қизчанинг мурдаси зўрлаш ва қотиллик аломатлари билан топилганди.

Мавзуга оид