Жаҳон | 20:58 / 27.07.2023
14550
2 дақиқада ўқилади

Голфстрим оқимлари тизими 2025 йилдаёқ йўқ бўлиб кетиши мумкин 

12 минг йилдан кўпроқ вақт давомида ишлаган бу тизимнинг йўқолиши ҳалокатли иқлим ўзгаришларига олиб келади. 

Фото: Shutterstock

Nature Communications журналида чоп этилган янги тадқиқот натижалари Атлантика океанидаги Голфстрим тизими яқин келажакда йўқ бўлиб кетиши мумкинлигини кўрсатди. 

Гап Атлантика меридиан айланма циркуляцияси (AMOC) ҳақида кетмоқда. У глобал сув айланишининг бир қисми бўлиб, иссиқликни қайта тақсимлашга ва сайёрадаги иқлимни шакллантиришга ёрдам беради. Голфстрим - AMOC таркибига киради ва Кариб денгизидан шимолга илиқ сувларни кўчиради. 

Олимлар ҳисоб-китобига кўра, Голфстрим XX аср ўрталаридан бошлаб секинлашди ва бунга одамлар айбдор. У 2025 ва 2095 йиллар оралиғида тўлиқ тўхтаб қолиши мумкин. Агар одамлар углерод чиқиндиларини камайтирмаса, бу ҳодиса 2050 йилга бориб юз беради. 

Агар оқим бутунлай тўхтаса, тропикларда одамлар, ҳайвонлар ва ўсимликлар ҳаёти учун зарур бўлган муссонли ёмғирли мавсумлар бўлмайди. Европа ва Шимолий Америка бўйлаб хавфли даражада қаттиқ қиш келади. Бу бутун экотизимларнинг омон қолишига ва озиқ-овқат ишлаб чиқаришига хавф солади. 

AMOC илгари, 115 минг – 12 минг йил олдин бир неча марта тўхтаган ва яна қайта оққан. Тўхтаган даврида ҳарорат ўзгариб, ўнлаб йиллар давомида 10°С гача бўлган. Аммо бу музлик даврига оид маълумотлар, шунинг учун замонавий шароитларга мос рақамларни ҳисоблаш қийин. 

Олимлар тадқиқоти Потсдам (Германия) иқлим ўзгаришини ўрганиш институтининг 2021 йилда чоп этилган тадқиқоти натижалари билан мос келмоқда. Бу илмий ҳамжамиятнинг хавотирини кучайтиряпти ва келгуси ўн йилликларда AMOC тизимининг тўхташ хавфини тасдиқламоқда.

Мавзуга оид