Ўзбекистон | 21:14 / 27.07.2023
34076
4 дақиқада ўқилади

Қўқондаги йиғилишда бир қанча маҳаллий амалдорлар ишдан олинди

Ишдан олинган ва чора кўрилган мансабдорлар ҳудудида ишларни лозим даражада ташкил этмагани қайд этилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фарғона вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари, вилоят солиқ бошқармаси раҳбари ҳамда бир шаҳар ва бир туман ҳокими, бир туман солиқчиси ишдан кетди, шунингдек, бир қанча маҳаллий мансабдорларга ҳайфсан берилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қўқон шаҳрида бўлиб ўтаётган йиғилишда деҳқонларга экин ерларини ижарага бериш ишлари ҳам номига ташкил қилингани кўрсатиб ўтилди. 

Жумладан, аҳоли яшаш жойидан узоқда жойлашгани, сув таъминоти оғирлиги сабаб 1 минг 157 гектар экин ерлари танловга қайта-қайта қўйилмоқда.

Вилоятда экинларни етиштириш учун харажатлар 1 сотих ер майдонига ўртача 220 минг сўмни ташкил қилиб, республика ўртача кўрсаткичидан 1,5 баробар кўп.

Шунингдек, ўтказилган сўровлар натижасига кўра, 32 фоиз ер эгаларига туман ҳокимлиги томонидан ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмаган.

Инфляцияни жиловлаш, бозорларда нархлар барқарорлигини таъминлашда ҳокимлар томонидан кўрилаётган чоралар ҳам қониқарсиз экани қайд этилди.

Шу боис, ҳудудида ишларни лозим даражада ташкил этмагани учун Фарғона вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Аваз Ўринбоев, вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи А.Тиллаволдиев, Риштон тумани ҳокими С.Солиев, Марғилон шаҳар ҳокими А.Зиявитдинов ва солиқ бошлиғи Т.Ҳусанов эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.

Шунингдек, вилоят ҳокимининг қурилиш ҳамда инвестиция бўйича ўринбосарлари (Ҳожиқўзижон Исоқов ва Иқболжон Эргашев), Бағдод (Юсуфжон Ҳусаинов), Қува (Халимжон Умаров) ва Бувайда (Беҳзод Ибрагимов) туманлари ҳокимларига ҳайфсан эълон қилинди.

Фарғона шаҳри ҳокими (Восилжон Назаров) ва сектор раҳбарларининг лавозими 3 ой синов муддати билан ўз вазифасини бажарувчи даражасига туширилди.

Президент топшириғига кўра, вилоятнинг ишга солинмаган имкониятларини аниқлаш ва уларни рўёбга чиқариш бўйича ҳар бир туман ва шаҳарга республикадан масъуллар бириктирилди.

Улар томонидан 2 миллиард долларлик қўшимча захиралар аниқланди ва тадбиркорлар билан учрашиб, аниқ лойиҳалар шакллантирилди.

«Агар ҳокимлар вақт ажратиб, тадбиркорлар билан учрашиб, уларнинг дардига қулоқ солса, ташаббусларини тингласа, вилоятдаги туманларнинг барчаси йил якунига қадар бемалол камида 100 миллион доллардан инвестиция жалб қилиши мумкин», - деди давлат раҳбари.

Давлат раҳбари Қува ва Бешариқ туманлари мисолида ушбу имкониятларни кўрсатиб ўтди.

Жумладан, Қува туманида яроқсиз ҳолга келиб қолган «Қува-2» насос станциясини хусусий шериклик асосида тадбиркорларга бериш ва 9 миллиард сўм инвестиция эвазига замонавий ускуналар ўрнатиб, электр харажатларини ойига 2,5 миллиард сўмдан 360 миллион сўмга, яъни 7 баробарга қисқартириш мумкин.

Бундан ташқари, Каркидон сув омбори атрофида ҳар йили 100 минг нафар сайёҳ учун хизмат қиладиган замонавий туризм зонасини ташкил қилиш мумкин.

Қува туманидаги «Сойгузар» станциясини модернизация қилиш, 1,5 километр электр тармоғи қуриш ва 2 та йирик трансформатор ўрнатиш ҳисобига тумандаги саноат маҳсулотлари ҳажмини қўшимча 100 миллиард сўмга ошириш мумкин.

Тумандаги 3 та саноат зонасида бўш турган 10 гектар майдонда 50 га яқин лойиҳани амалга ошириш ва 1 мингга яқин иш ўрни яратиш бўйича ҳам ташаббуслар бор.

25 миллион доллар инвестиция ҳисобига Мустақиллик маҳалласидаги 26 гектарда Агрологистика ва ёшлар марказини ташкил қилиб, 1,5 минг аҳолини юқори даромадли иш ўрни билан таъминлаш мумкин.

Фарғонани Андижон билан боғлайдиган йирик магистрал йўл Қува туманидан ўтган бўлиб, бу ҳудуддан кунига 2-3 мингта автомобиль қатнайди. Бу – йўл бўйи инфратузилмасини ривожлантириш учун катта имконият.

Умуман, янги аниқланган имкониятлар орқали биргина Қувада йил якунига қадар қўшимча 150 миллион долларлик 10 мингдан зиёд иш ўрни яратадиган 160 та лойиҳани бошлаш учун шароитлар етарли.

Энг муҳими, бу лойиҳалар ҳисобига хориждаги 6 минг нафар мигрантларимиз қайтиб келиши учун муҳит яратилади, деб таъкидланди йиғилишда.

Мавзуга оид