Жаҳон | 08:33 / 27.07.2023
7104
2 дақиқада ўқилади

Россия гвардиясининг харидларида янги коррупция схемаси аниқланди

Идора «Аракс» мобил миналардан тозалаш комплексларини оширилган нархда сотиб олган. Россия Тергов қўмитаси маълумотларига кўра, ўзлаштириш миқдори 227 миллион рублни ташкил қилади.

Фото: Александр Казаков / Коммерсантъ

Россия гвардиясининг харидларида йирик коррупция схемаси аниқланди. Бу ҳақда 26 июль, чоршанба куни Росгвардия раҳбари собиқ маслаҳатчиси, Давлат думаси ахборот сиёсати қўмитаси раиси Александр Хинштейн маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, идора «Аракс» мобил миналардан тозалаш комплексларини оширилган нархда сотиб олган. Россия гвардияси қурилиш департаменти уй-жой сиёсати бўлими бошлиғи Ярослав Наконечний, давлат дастурларини амалга ошириш департаменти бошлиғи Игор Елисеев, шунингдек, «Комплексные системы» етказиб берувчи компанияси бош директори Олег Чекришев, унинг ўринбосари Александр Беляков ва яна бир неча киши ҳибсга олинган. 

Россия Тергов қўмитаси (ТҚ) маълумотларига кўра, ноқонуний ўзлаштириш миқдори 227 миллион рублни ташкил қилади. Катта ҳажмдаги фирибгарлик моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган. Хинштейннинг таъкидлашича, фирибгарлик Виктор Золотов қарори билан Росгвардия ўз хавфсизлик хизмати томонидан ўтказилган текширув вақтида фош этилган. Текширув материаллари ҳарбий прокуратура ва ҳарбий терговга юборилди, 12 нафар шахс сўроқ қилинди, қатор тинтувлар ўтказилди. 

2023 йил март ойида Хинштейн Россия гвардияси қўшинлари Марказий округи қўмондони ўринбосари генерал-майор Вадим Драгомирецкийга нисбатан коррупция ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш бўйича жиноий иш қўзғатилганини эълон қилди. У бир неча миллион доллар пора олганликда гумон қилинган. Генерал ўз айбига иқрор бўлди. 

2023 йил апрель ойида Тергов қўмитаси Россия гвардияси Денгиз бошқармаси бўлим бошлиғи, полковник Сергей Волковни ҳибсга олди. Тергов маълумотларига кўра, Волков иккита ишламайдиган «Орел-БПЛА» комплексларини сотиб олишга масъул бўлган. Ушбу қурилмалар Қрим кўпригини ҳимоя қилиш учун харид қилинган. 

Мавзуга оид