Ўзбекистон | 08:05 / 27.07.2023
2147
2 дақиқада ўқилади

Суд бошқарувчиларини аттестациядан ўтказиш тартиби ўзгармоқда

Вазирлар Маҳкамасининг “Тўловга қобилиятсизлик соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари такомиллаштирилгани муносабати билан ҳукумат айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Фото: Shutterstock

Ҳужжат билан суд бошқарувчилари, уларни аттестациядан (қайта аттестациядан) ўтказиш ва малака аттестатини бериш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Уларга кўра, суд бошқарувчисининг 1-3 тоифадаги малака аттестатини олиш учун имтиҳондаги энг кам тўғри жавоблар фоизи ўзгармоқда:

  • 4-тоифа учун –  камида 50 фоиз (ўзгаришсиз);
  • 3-тоифа учун – камида 65 фоиз (илгари 60 фоиз);
  • 2-тоифа учун – камида 75 фоиз (илгари 70 фоиз);
  • 1-тоифа учун – камида  85 фоиз (илгари 75 фоиз); 

номзодлар томонидан юқорироқ тоифадаги аттестатни олиш истаги билдирилганда қайта тест топшириш учун қайта мурожаат қилиш муддати белгиланмоқда: биринчи аттестациядан камида 1 ойдан сўнг;

суд бошқарувчилари томонидан белгиланган талабларни бузилганда аттестация томонидан ушбу ҳолатларни кўриб чиқиш тартиби белгиланмоқда.
 
Қуйидаги ҳолатлар ишни кўриб чиқиш учун асос этиб белгиланмоқда:

Давактив агентлиги ва унинг ҳудудий органларининг суд бошқарувчиси фаолиятида аниқланган ҳуқуқбузарлик аломатлари тўғрисида маълумотнома ва текшириш далолатномалари;

давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ҳокимият органларининг маълумотлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ариза ва шикоятлари, ОАВдаги маълумотлар;

суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг суд бошқарувчиси томонидан ҳуқуқбузарликка йўл қўйилганлиги ҳақида маълумот, тақдимнома, ажрим.

Ишни кўриб чиқиш натижаси бўйича комиссия қарор қабул қилиб, Давактив агентлигига юборади. Қарорга асосан Давактив агентлиги суд бошқарувчисига камчиликларни бартараф этиш учун бир ойлик (бир ойгача узайтириш имконияти мавжуд) муҳлат беради ёки аттестатни тўхтатиб туриш ёхуд тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилади.

Сохта банкротлик, банкротликни яшириш ва қасддан банкротликка олиб келиш аломатларини аниқлаш Қоидаларига ўзгартириш киритилмоқда. Унга кўра, агарда қарздор сўнгги 2 йил ичида фаолият юритмаган бўлса, суд бошқарувчиси томонидан қарздорнинг молия хўжалик фаолияти юритган даврдаги 2 йиллик фаолияти таҳлил қилинади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид