Спорт | 18:13 / 27.07.2023
27582
10 дақиқада ўқилади

«У томоғимдан бўғди». Иско «Реал»дан кетиш сабаби, Мончи билан можаро ва Берлиндаги масхарабозлик ҳақида

«Реал»нинг собиқ юлдузи, ЕЧЛда беш бор ғолиб бўлган футболчи саккиз ой мобайнида футболдан ташқарида қолди.

Фото: FRAN SANTIAGO/GETTY IMAGES

Иско бир пайтлар испан футболининг энг ёрқин ёш футболчиларидан бири бўлган, ўз вақтида ўша машҳур «Барса учлиги» қаторида тилга олинар, «Реал» ҳатто уни деб Месут Ўзилдек футболчини ўйлаб ўтирмай сотиб юборганди. Аммо футболчининг фаолияти кутилгандек кечмади, сўнгги пайтларда эса, умуман футболдан четда қолди, «Севилья» билан шартномасини бекор қилди. Янги мавсумда эса ҳаммаси бошқатдан бошланиши мумкин.

У ўз фаолиятини «Бетис»да давом эттирадиган бўлди: клуб испаниялик футболчи билан эркин агент сифатида бир йиллик шартнома тузганини расман эълон қилди. Искони «Тахтлар ўйини» сериалига ҳавола ўлароқ, Жон Сноунинг тирилиш саҳнасини, ортидан эса, футболчининг ўзини қаҳрамон образида намойиш қилишди.

Ўхшатиш ўринли, зеро Иско ҳам қарийб саккиз ойдан бери футбол ўйнамаётганди, унинг сўнгги расмий ўйини ўтган йилнинг ноябр ойларига тўғри келади. 31 ёшли футболчи Андалусияга кетиш олдидан Marca нашрига интервю берди. Унда Иско анча очиқ гапирди, мухлислар ва матбуот учун жумбоқ бўлган Мончи воқеаси, Берлин клубига трансфери мавзуларига ойдинлик киритди.

Нега беш йил сукут сақлади?

«Сўнгги вақтларда журналистлар қаршисига чиқиш бироз ноқулай бўлганди. Спорт журналистикасининг бугунги ҳолати менга ёқмайди – аввал хабарни чоп этишади, ана ундан кейин фактларга тўхталинади. Энг аввало, ҳаммамиз тирик жонмиз, оиламиз, болаларимиз бор. Баъзи нотўғри хабарлар тарқалганда бизга зарар келтиради», – дейди у.

Шу билан бирга, футболчи узоқ вақт сукут сақлаганини хато бўлганини ҳам тан олди: «Одамлар дарҳол нима бўлганини билиши керак. Кўп ишлар бўлди, менинг ҳам айбим бор, аммо ҳаммасида эмас. Вақти вақти билан елкадаги катта тоғни ағдариб ташлаш, яъни ҳаммасини одамларга етказиш керак».

«Реал»да нега ҳаммаси чаппасига кетганди?

2018 йилда кўричак операциясидан сўнг, шифокорлар майдонга тез қайтмаслигим кераклигини маслаҳат берганди, аммо айнан ўша пайтларда жамоа қийин ҳолатга тушиб қолди, аввал «Алавес», кейин ЦСКАдан мағлубиятга учради. Шунинг учун тезроқ қайтиб жамоага ёрдам беришим керак, деб ҳисоблагандим. Лопетеги кетиб, Солари бошқарувга келгач, муаммолар пайдо бўла бошлади. Иско борлиги кўпчиликнинг хаёлида ҳам йўқ эди, ҳеч ким менга нега майдонга тушмаётганимни тушунтириб ҳам бермасди. Солари ҳаммаси жойида эканини айтар, аммо масалан, «Мелиля»га қарши ўйнайман, кейин бирданига ҳатто қайдномага ҳам киритишмайди. Ҳеч ким қўллаб-қувватламасди ҳам.

Фото: ANGEL MARTINEZ/GETTY IMAGES

Балки Зиданнинг келишидан кўп нарса кутгандирман. Аммо Зиданнинг ўзи ҳам мендан кўпроғини кутгани табиий. У мавсум охирида келди, у пайтга келиб формада эмасдим, руҳан чўкиб бўлгандим.

Келаси мавсумда асосий таркибда тушмасдим, лекин аммо аввалги кераксизлик ҳиссиёти мени тарк этиб улгурганди – «ПСЖ» билан муҳим ўйинда, «Барселона»га қарши суперкубок учрашувида ўйнадим, Чемпионлар Лигасида «Манчестер Сити»га гол урдим. Уёғи пандемия бошланди, сўнг яна ўйнамадим. Карло Анчелотти келгач, бир неча ўйинда синовдан ўтдим ва айтишим керакки, у ростини айтиб қўя қолди - «Реал»даги даврим тугаганди. Мураббийни тўғри тушундим».

Лопетеги туфайли «Севиля»ни танлади, аммо Мончи билан уришиб қолди

Таклифлар кўп эди. Ўз вақтида Бартомеу ҳам қўнғироқ қилган. Жуда катта нарх ва маош эвазига. Аммо у пайтларда Мадридда ўзимни яхши ҳис қилардим, жамоадошларим билан ажойиб муҳитни ташлаб кета олмасдим. Ҳеч қандай пул мени у ердан тортиб ололмасди.

Бир йил олдин «Реал» билан шартномам муддати тугаганди, Лопетеги «Севиля»га тайинланди. Ўзим қўл остида ўйнаган энг яхши мураббий деб ҳисоблайман уни. Италиядан таклифлар бўлди, аммо Чемпионлар Лигасида тўп сурадиган, бунинг устига Лопетеги бошқараётган жамоани танлаш фаолиятим учун энг тўғри қарордек туюлган. У истеъфога чиққач, клубда ғалати ишлар бўлиб кетди.

Аввалига, ўзимга индамасдан, агентимга қўнғироқ қилишди ва янги клуб топишим кераклигини маслаҳат беришди. Буни билган заҳоти Мончининг олдига бордим:

— Менга хабарлар етиб келди, лекин ўзим ҳеч нарса билмайман. Сизга нима керак? Очиғини айтинг, муаммосиз ҳал қилиб оламиз, мен ёнингиздаман.

Ўша вақтда «Севиля»да қандай иқтисодий инқироз бўлганини билмайман, аммо ўша суҳбатдан сўнг ҳаммаси тескари кетди. Мончи матбуотга мен кетмоқчи эканимни айтиб, ёлғон гапира бошлади. Сурункали равишда менга ва агентимга шартномани бекор қилишимни айтиб қўнғироқ қилишарди.

Сабрим тўлиб, яна Мончининг олдига бордим ва ёлғон гапираётганини айтдим. Уни футболда учратган энг катта ёлғончи эканини айтганимда, Мончи бўғзимга ёпишди. Бизни зўрға ажратиб қолишганди. Табиийки, бундай воқеадан кейин у ерда қололмасдим. Афсус, чунки жамоадошларим билан яхши муносабатда эдим, фанатлар мени яхши кўришарди. Лекин тушунинг, спорт директори ўзини шундай тутса-да, ҳеч ким ёлғон учун, қўполлик учун тушунтириш бермаса? Мен шартномани бекор қилдим.

«Севиля»да бахтли эдим, доим майдонга тушаётгандим. Севиля матбуотида ёзилгани каби чўкаётган қайиқдан тушиб қолганим йўқ. Бу менинг менталитетимга мос қилиқ эмас. «Реал»да узоқ вақт бўлиб, ҳеч қачон таслим бўлмаганман.

«Севиля»да «Реал»дагига нисбатан тўрт баробар кам маошга рози бўлганман. У ерга болаларим билан бордим, аммо атиги тўрт ойдан кейин шаҳарни тарк этиш осон эмас, футболдан ташқари ташвишлар пайдо бўлади, масалан болаларга янги мактаб қидириш керак».

Берлинга трансфер нега содир бўлмади?

«Балким ўзимни оқлаётгандек туюларман, тўғри, мени кўп нарсада айблаш мумкин. Баъзи вазиятларда ўзимни бўш қўйганман, машғулотларда бор кучимни ишга сола олмагандирман. Аммо Берлиндаги воқеа – нонсенс.

Трансфер ойнасининг сўнгги кунида қўнғироқ қилиб, вариант пайдо бўлганини айтишяпти. Жорже Мендеш? Ҳа, у менинг агентим. Унинг айтишича, «Унион» мавсумни давом эттиришим учун яхши таклиф билан чиққан. 1+1 шаклидаги келишув. Беш дақиқадан сўнг телефон қилишимни айтдим. Маслаҳатлашишим керак эди. Улар Бундеслигада юқори ўринларда кетишаётганди, Европа Лигаси плей-оффига чиқишган. Шартнома ҳам ёмон эмас. Рози бўлдим. Менга шартномани жўнатишди, мен уни адвокатимга бердим.

Нарсаларимни йиғиштириб бир ўзим Берлинга отландим. Тўрт соатда бутун оилам, икки ёш бола билан боришимнинг иложи йўқ эди. Клубга келганимда вакил мени кутиб олди. Ҳаммаси тайёр, расмлар, камерага қараб саломлашиш, одатий юмушлар. Эртага тиббий кўрик. 

Эрталаб машинада кетаётиб менга «Сени Европа Лигаси таркибига қўшмаймиз» дейишди.

«Нега бу ҳақида ҳозир айтяпсизлар?»

Айтишларича, охиригача ҳаракат қилишибди, аммо уддасидан чиқа олишмабди. Тиббий кўрикдан яхши ўтдим. Гўёки кўрикдан ўтолмаганим ҳақидаги хабарлар нотўғри, врачлар ҳам тасдиқлай олади, ўша пайтда жисмоний ҳолатим ажойиб эди. Кейин шартнома имзолагани кетаётганимда яна қўнғироқ бўлди: «Менга қара, айтилган сумма эмас экан, бироз камроқ бўлади».

Мен яна рози бўляпман, аслида айтилган рақамлар Германияга келишимдан олдингисидан фарқ қиларди. Ўн дақиқа ўтиб, яна қўнғироқ. Суммани яна кўриб чиқиш лозим эмиш.

Шу ерда чидай олмадим. Катта мақсадлар билан Европа Лигасида ўйнайдиган жамоага келасан ва ўн беш дақиқада шартноманинг ярмидан асар ҳам қолмайди. Бу ҳурматсизлик. Ахир мен 18 ёшли болакай эмасман ва бу менинг илк профессионал шартномам эмас. Испанияга қайтишимни, бунинг ҳаммаси масхарабозлик эканини айтдим.

Футболни соғиндим

Руҳан бошқа лойиҳага, бошқа шартномага тайёр эмасдим. Бироз тин олиш ва ҳаммасини бир бошдан ўйлаб чиқишга, фикрларимни жамлашга эҳтиёж пайдо бўлди.

Руҳшунос ёрдамини олганимни яширмайман. Воқеаларни қабул қилиш, атрофдагилар ва ўзинг билан зиддиятларни назорат қилиб, бошқариш учун профессионалларнинг маслаҳатига қулоқ тутиш фойдали.

Ҳозир душанбадан жумагача шуғулланаман, кейин шахсий тренерим дам олиш кунларим учун дастур тақдим этади. Машғулотлар ва оилавий ҳаётни бирга олиб боришга уриняпман. Аммо ўйнашни жуда хоҳлаяпман, футболни, тўпни соғиндим.

Ўйинларни, ечиниш хонасидаги муҳитни, умуман футболчи бўлиш туйғусини соғиндим. Футбол томоша қилаётганимда, бу истак янаям кучаяди. Ўйнаётганларга ҳавас қиламан, ахир мен ҳам шу учун туғилганман».

Мавзуга оид