Жаҳон | 11:07 / 28.07.2023
29461
11 дақиқада ўқилади

Фронтдаги вазият: Украина қарши ҳужумнинг янги босқичини бошлагани айтилмоқда

Украина қуролли кучлари мамлакат жанубида қарши ҳужумнинг биринчи вазифасини ҳал қилган ва Россия мудофаасининг биринчи чизиғига етиб келган (режалаштирилганидан анча кечикиб). Бу вақтда эса Россия армияси шимолда ўз юришини бошлади.

Фото: Emanuele Satolli for The Wall Street

Украинанинг 4 июн куни бошланган юриши (агар Бахмут атрофидаги қарши ҳужумлар бошланғич нуқта сифатида олинса, май ойи ўрталарида), қарийб икки ой ўтганидан кейин ниҳоят биринчи кульминация босқичига чиқди. Шубҳасиз, бу ягона амалиёт сифатида эмас, балки турли вақт ва турли жойларда берилган зарбалар серияси сифатида ишлаб чиқилганди. Ҳужум қилаётган қўшинлар биринчи навбатда ўз позицияларини Россия армиясининг мустаҳкамланган мудофаа линиясидан ажратиб турган 7-10 километрлик масофани босиб ўтиши талаб этиларди. Энди эса бу вазифани бажарилган деб ҳисоблаш мумкин.

Украина қўмондонлиги режасига кўра, бу анча аввалроқ рўй бериши керак эди. Аммо ҳужум қилаётган кучлар миналанган майдонларда, Россия артиллерияси ўқлари, танкка қарши комплекслар ва вертолётларнинг зарбалари туфайли катта йўқотишларга дучор бўлди. Июл ойи охирига келиб украин армияси РФ қуролли кучларининг асосий мудофаа линиясидаги қатор қишлоқ ва посёлкаларни штурм қилишга киришди. Американинг The New York Times нашри эса Украина қуролли кучлари «асосий зарбани беришни бошлаган бўлиши мумкинлиги» ҳақида ёзди. Нашр тахминига кўра, Запорижжя областидаги Орихив йўналиши асосий йўналиш сифатида танланган — бу ерда ғарб етказиб берган зирҳли техникалар билан жиҳозланган бригадалар ҳужумга ўтди.

CNN ҳам Украина сўнгги ойлардаги секин ҳаракатлардан кейин ҳужум суръатларини кучайтирганини ёзмоқда. Америкалик икки мулозим нашрга Украина мамлакат жануби-шарқига қўшимча кучлар ташлагани, бу эса Украина қуролли кучлари Россия мудофаа чизиқларидаги заиф нуқталар аниқланганидан далолат беришини айтган.

Bloomberg нашри эса Украина қарши ҳужумининг янги босқичи бошлангани ҳақида ёзган. Украина Запорижжя областининг Орихив шаҳридан юриш қилиб, жанубдаги Россия мудофаасини ёриб ўтиш учун катта захираларни жангга ташлаган ва Токмак орқали Мелитопол шаҳрига чиқиш мақсадида фаол ҳужум қилмоқда.

Запорижжя областида ҳарбий ҳаракатлар фаоллашгани ҳақида Россия президенти Владимир Путин ҳам айтиб ўтди. У ўз одатига кўра Украинанинг барча уринишлари муваффақиятсиз чиқаётганини такрорлаган.

Амалда Украина қуролли кучлари амалиёти шакли аниқ эмас: улар географик жиҳатдан бир-бири билан боғлиқ бўлмаган ҳудудларда ҳужум қилишда давом этмоқда. Эгаллаш учун жанглар олиб борилаётган аҳоли яшаш манзиллари бир-биридан ўнлаб километрлар масофада жойлашган. Асосий зарба йўналишини ҳали ҳам фақат тахмин қилиш мумкин. Украина қўмондонлиги дастлабки муваффақиятсизликлар туфайли захираларни ҳаракатга келтиришга мажбур бўлган — ва бу қўшинлар ҳам, юришнинг бошланғич босқичидаги каби турли йўналишларга тенг тақсимланган.

Россия қўмондонлиги ҳам ўз режаларининг бир қисмини очиқлаб қўйди: улар ҳозирча йирик захираларини Украина қуролли кучлари ҳужум қилаётган жойларга ташламайди (фақат Бахмут фронти бундан истисно, бу ерда РФ ҚК «Вагнер» ХҲК корпуси жанг майдонидан кетиши туфайли, уларнинг ўрнига зудлик билан захира кучларидан янги гуруҳ шакллантиришига тўғри келганди), лекин Украина шимоли-шарқида — Харкив, Луҳанск ва Донецк областлари туташган жойда ўз юришини бошлаш учун катта миқдордаги захираларини тўплаган. Кўриниб турибдики, бу гуруҳнинг вазифаси украин ресурсларини Бахмут ва мамлакат жанубидан чалғитиш ҳисобланади.

Бахмут

  • Фронтнинг бу участкаси жанубида кўп ҳафталардан буён давом этаётган жанглардан кейин Украина қуролли кучлари вагнерчилар ўрнига келган РФ ҚК бўлинмаларини Шимолий Дон — Донбасс канали ва Бахмут — Константиновка трассаси бўйларидан суриб чиқаришга муваффақ бўлган. Сўнгги ҳафталарда бу ҳудудга Россия захира кучлари олиб келинганига қарамай, украин қўшини РФ ҚКнинг Клешчиевка ва Андрийивка қишлоқларидан ғарбдаги тепаликларда жойлашган асосий истеҳкомларини эгаллаган. 25 июл куни украин қўшини бу қишлоқларни штурм қилишга киришди.
  • Бу жанглар якуни ҳозирча номаълум. Украина қуролли кучлари бўлинмалари Клешчиевканинг жанубий чеккаларида кўзга ташланган. Видеога кўра, улар россияликлар артиллерияси томонидан ўққа тутилган.
  • Бундан олдинроқ Украина қуролли кучлари бир неча ҳафта давомида россияликларнинг фронт ичкарисидаги артиллерия тизимларига зарбалар бериб келганди (интернетда РФ ҚКнинг Бахмутдан бир неча километр масофадаги артиллерия тизимлари нишонга олингани кўрсатилган ўнлаб видеолар мавжуд). Аммо, кўриниб турибдики, Россия қўшинларининг ўт очиш тизимларини тўлиқ бостиришнинг имкони бўлмаган.
  • Агар Украина қуролли кучлари Клешчиевка ва Андрийивкани озод қилишга муваффақ бўлса, улар Бахмутга жанубдан кириб келиши мумкин («Вагнер» ҳам қиш ўрталарида шу қишлоқларни эгаллаганидан кейин шундай қилганди). Аммо бу Россия мудофаасини қулата олмайди, гарчи уни қийин аҳволга солиб қўйса ҳам: Россия гуруҳининг асосий таъминот линиялари (Бахмут — Попасная ва Бахмут — Соледар йўллари) шимоли-шарқда жойлашган ҳамда ҳозирча нисбатан ишончли ҳимояланган.
  • Украина қуролли кучларининг Бахмут шимолида юришлари (бу ҳужумлар орқали шаҳардаги Россия гуруҳининг таъминотини хавф остига қўйиш кўзланган) бир неча ҳафтадан буён бир жойда тўхтаб қолган. Украин кучлари Бахмутдан шимоли-шарқдаги юк машиналари бўйлаб зарбалар беришга уриниш билан кифояланмоқда.
  • Россия қўшини катта эҳтимол билан Клешчиевкани ташлаб чиқади — қишлоқдан ғарбдаги тепаликлар бой берилганидан кейин уни мудофаа қилиш ўта қийинлашган. Аммо бу мудофаа чизиғи ёриб ўтилишига олиб келиши  даргумон: агар РФ ҚК бўлинмалари ортга чекинса, улар Клешчиевка ва Андрийивкадан шарқдаги янги мудофаа чизиқларига ўрнашади.

Велика Новосилка йўналиши

  • Донецк ва Запорижжя областлари чегарасида сўнгги ҳафталарда бўлиб ўтган жанглар Россия мудофаасида инқироз келтириб чиқарди.
  • Велика Новосилка райони марказидан чиқиб, Сухие Яли дарёси соҳиллари бўйлаб жанубга қараб ҳаракатланган ва йўл-йўлакай бир қанча қишлоқларни озод этган Украина қуролли кучларининг юриши июл ойига келиб тўхтаб қолганди. Қанотлардаги тепаликларни эгалламасдан туриб, дарё бўйлаб жанубга юриш қилиш имконсизлиги маълум бўлганди. Шунда украин кучлари захира кучларни ишга солди ва ғарбий қанотда йирик юриш бошлади; улар Ровнопол қишлоғини эгаллаб, жанубга ҳаракатланди. Июл ойи охирига келиб Украина ҚК Приютне ва Старомайорске қишлоқларини штурм қилишга киришди. 27 июл куни кечқурун Володимир Зеленский украин ҳарбийлари Старомайорскени эгаллагани акс этган видеони намойиш этди, мамлакат мудофаа вазирлиги бу маълумотни тасдиқлаб, айни вақтда қишлоқ ҳудудини тозалаш ишлари кетаётганини билдирди.
  • Ғарбий қанотдаги ютуқлар (Старомайорске, Приютне ва бу қишлоқларнинг атрофи озод этилиши) Украина қуролли кучларига РФ ҚКнинг Мокрий Ялининг бошқа соҳилидаги Урожайне посёлкасидаги истеҳкомларига уч томондан ҳужум қилиш имконини беради. Бу эса Россия қўшинини Старомлинивка йўналишида жанубга чекиниб,  иккинчи мудофаа линиясига ўтишга мажбур қилади.

Орихив йўналиши

  • Июн ойида Украина қуролли кучларининг ғарб зирҳли техникалари қуролланган янги кучлари Россиянинг Запорижжя областидаги гуруҳининг муҳим логистик маркази бўлмиш Токмак шаҳрига Орихивдан энг қисқа йўл орқали ёриб ўтишга уриниб, муваффақиятсизликка учраганди. Аммо қарийб икки ойга чўзилган ҳужумлардан кейин Россия армиясининг бу йўналишдаги энг яқин истеҳкомлари жойлашган Работине посёлкасигача бўлган 7 километрлик «ҳеч кимга тегишли бўлмаган» ҳудуд босиб ўтилди. Ниҳоят, июл ойининг иккинчи ярмида Украина қуролли кучлари Работинени шарқдан айланиб ўтиб, унга шимолдан яқинлашди. Украина қуролли кучлари бунинг учун йирик захираларини ишга солишига тўғри келди (июн ойидаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашмаган бир қанча бригада қисмлари жанг майдонида пайдо бўлган).
Июл ойи бошида Велика Новосилка йўналишида Ровнопол қишлоғини эгаллаган Украина ҚК жанубга силжишда давом этган. Ровнополдан жануброқдаги тепаликларни эгаллаб, 20 июлдан кейин улар оғир жанглар билан Старомайорске ва Приюте қишлоқлари чеккаларига яқинлашиб келган.
Орихив йўналишида эса Украина қўмондонлиги Роботине ва Вербове йўналишида янги кучларни жангга ташлаган. Ўз қарши ҳужуми бошланганидан 50 кун ўтиб Украина ҚК ниҳоят Россия мудофаасининг биринчи чизиғида жойлашган Роботинени штурм қилишни бошлади.
  • Посёлка чеккаларига кириш учун 26 июл куни амалга оширилган биринчи уриниш, афтидан муваффақиятли чиқмаган: ҳужум қилаётган қўшин танкка қарши комплекслар, артиллерия ва вертолётлар зарбалари туфайли кўплаб зирҳли техникаларини йўқотган. Аммо яқин вақтлар ичида Работинени эгаллаш учун навбатдаги штурмлар ва ундан шарқда жойлашган Вербове қишлоғига ҳужум қилиниши кутилмоқда.

Россиянинг шимолдаги юриши

  • РФ ҚКнинг Луҳанск, Донецк ва Харкив областлари чегарасидаги (жанубдаги Креминна ва Торскедан шимолдаги Купянскка қадар) йирик юриши, катта эҳтимол билан дастлабки ютуқни олиб келди. Вазиятни аниқ баҳолаш қийин: Россия армиясининг асосий зарбаси ҳудуди — Жеребец ва Оскол дарёлари оралиғидан — шунчаки ҳеч қандай видеолар келмаяпти. 
  • Аммо икки томон ҳам юриш фактининг ўзи ва Россия қўшинлари бу йўналишда олдинга чуқур силжиганини тан олмоқда. РФ мудофаа вазирлиги Россия қўшини Жеребец дарёсини кечиб ўтиб, унинг ғарбий соҳилида плацдарм ташкил этгани ва Сергеевка қишлоғини эгаллаганини (амалда қишлоқдан фақат ном қолган, унинг ўзи анчадан буён хариталарда мавжуд эмас) хабар қилган. Украинадаги манбалар эса Россия қўшини янада илгарилаб, яна бир қанча қишлоқни эгаллаганини айтмоқда. Кўриниб турибдики, бу йўналишда ҳужум қилаётган Россия гуруҳи сон жиҳатдан анча устунликка эга.
  • Россия қўмондонлиги бу юриш орқали Украина томонини ҳеч бўлмаганда Бахмут йўналишидаги қўшинларнинг бир қисмини РФ ҚК йўлини тўсиш учун шимолга йўллашига мажбур қилишни кўзлаган.
Россия армияси йирик кучлар билан (катта эҳтимол билан Ғарбий ҳарбий округнинг 4-танк дивизияси асосида шакллантирилган) Жеребец дарёсини кечиб ўтди ва унинг ғарбий соҳилида катта плацдарм ташкил этди. Шундан кейин ғарб томон юриш давом эттирилмоқда.
Украина ҚК Клешчиевкадан ғарбдаги тепаликлар учун бир неча ҳафталик жанглардан кейин қишлоқнинг ғарбий чеккаларига кирди. Шу билан бир вақтда, украин ҳарбийлари Андрийивканинг ғарбий чеккаларини эгаллаган, энди Россия қўшини бу қишлоқларни ташлаб чиқиб, Ҳорливка-Бахмут темирйўли ортига чекиниши кутилмоқда.

Мавзуга оид