Ўзбекистон | 12:34 / 29.07.2023
25793
3 дақиқада ўқилади

Бандихон прокурори ишдан олинди. У маҳалла раисларини сўкиб, фермерни калтаклаганда интизомий жазо билан қутулиб қолганди

Шавкат Мирзиёев ўтказган йиғилишда ишдан олинганлар орасида Бандихон тумани прокурори Соатмурод Маҳманов ҳам бор. У аввалроқ маҳалла раисларини куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилиб, фермерни калтаклаган эди.

Фото: Бандихон тумани ҳокимлиги

27-28 июль кунлари Фарғона вилоятига ташриф буюрган президент Шавкат Мирзиёев ҳудуддаги ва умуман республика бўйлаб жиноятчилик билан боғлиқ вазиятни кескин танқид қилди. Ўтказилган йиғилишлар давомида нафақат ИИВ тизимидаги, балки прокуратура тизимидаги кўплаб ходимлар ҳам огоҳлантирилиб, 6 та туман прокурори ишдан олинди.

Ишдан олинганлар орасида охирги вақтларда жамоатчиликка сўконғичлиги билан танилган Бандихон тумани прокурори Соатмурод Маҳманов ҳам бор.

Аввалроқ Бандихон тумани прокурори Соатмурод Маҳмановга тегишли экани айтилган аудио тарқалган эди. Прокурор солиқ тушумларини бажармаган маҳалла раисларига тўғри муомала қилмаган, барчасини уятсиз сўзлар билан ҳақорат қилган. Ҳатто аёл раисларни ҳам сўкишлари билан яхшигина “сийлаган” эди.

Ушбу воқеадан сал ўтиб айнан шу прокурор тумандаги фермер хўжаликларидан бирининг раҳбарини йиғилишга кечикиб боргани учун аввал ҳақорат қилиб, сўнгра калтаклаганди.

Аммо Бош прокуратура камида маъмурий жазога тортилиши мумкин бўлган ҳолатда интизомий чора кўриш билан чекланганди.

Шунингдек, президент ўтказган йиғилишда жиноятчиликка қарши курашишда сусткашликка йўл қўйгани учун Андижон, Бувайда, Нарпай, Юнусобод, Риштон туманлари прокурорлари ҳам эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.

Жиноятчиликни жиловлаш ва аҳоли билан ишлашда сусткашликка йўл қўйгани учун Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиевга ҳайфсан эълон қилинди ва уч ой синов муддати тайинланди.

Қўл остидаги ходимлари ҳамда ички ишлар идораларида қонун ижроси устидан назоратни сусайтириб юборгани учун Фарғона вилояти прокурори Бахтиёр Исмоиловга ҳам ҳайфсан берилди. Вилоят прокурорининг ички хавфсизлик бўйича ёрдамчиси, вилоят прокуратураси иқтисодий қонунчилик ижроси устидан назорат бўлими бошлиғи, вилоят прокурорининг вояга етмаганлар ишлари бўйича ёрдамчиси ишдан олинди.

Бош прокуратура ва ДХХга уларнинг фаолиятига қонуний баҳо бериб, тергов ҳаракатларини бошлаш топширилди.

Шунингдек, барча вилоят прокурорлари ва ИИБ бошлиқларининг биринчи ўринбосарлари ўзига тегишли хулоса қилмаса, йил якуни билан барчаси лавозимидан озод этилиши қайд этилди.

Мавзуга оид