Ўзбекистон | 07:21 / 29.07.2023
2920
3 дақиқада ўқилади

Пойтахт тадбиркорлари учун давлат билан шерикликнинг янги қоидалари ўрнатилмоқда

Фото: Shutterstock

Президент томонидан “Тошкент шаҳрида давлат ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва шаҳар инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳуқуқий экспериментни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор имзоланди.

2023 йил 1 октябрдан:

давлат идораларининг муниципал мулки ҳақидаги маълумотлар “Рақамли Тошкент” дастурига киритилади;

пойтахтда айрим объектлар негизида “Тошкент инвест компанияси” АЖ томонидан қиймати 1 млн АҚШ долларигача бўлган ДХШ лойиҳаларини амалга оширишнинг қуйидаги соддалаштирилган тартиби жорий этилади:

ДХШ лойиҳасининг концепцияси ва лойиҳани баҳолаш ҳужжатини ишлаб чиқиш ўрнига лойиҳани амалга ошириш шартларини белгилаш орқали ДХС лойиҳасини амалга оширишга рухсат этилади;

ДХШ лойиҳаси бўйича битим “E-auksion”да ўтказиладиган аукцион савдолари бўйича берилади. Бунда ҳуқуқнинг бошланғич қиймати шаҳар ҳокимлиги томонидан белгиланади ва тушган маблағлар шаҳарни ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади.

Компанияга айрим йўналишлар бўйича объект (маҳсулот)ни барпо этиш (ишлаб чиқиш)дан бошлаб фойдаланишга топшириш ва келгусида эксплуатация қилиш (қўллаб-қувватлаш)гача бўлган барча жараёнлардаги ишларни давлат харидлари доирасида “ҳаётий давр шартномаси” асосида битта тадбиркор билан ҳамкорликда амалга оширишга рухсат этилади.
 
Шунингдек, ер участкаларини қурилиш учун тегишли рухсат бериш ва лойиҳа ҳужжатлари расмийлаштирилган ҳолда тайёр бизнес шаклида аукционга чиқариш тартиби жорий этилмоқда.

2024 йил 1 январдан:

янги объектларни лойиҳалаштиришда уларнинг қаватлари сонининг мазкур ҳудуднинг бош режасида (батафсил режалаштириш лойиҳасида, мастер режада ёки қуриш лойиҳасида) белгиланган параметрлардан (қаватлар сонидан) 1,5 бараваргача оширишга рухсат этиш тартиби жорий этилади.

оқар сув, жумладан техник сувдан тўлов асосида фойдаланилади (бундан халқ депутатлари  Кенгаши томонидан белгиланадиган алоҳида йўналиш ва тоифадаги тадбиркорлик субъектлари мустасно).
 
Ҳужжат билан:

2024-2203 йилларда Тошкент шаҳридаги каналлар ҳудудларини ободонлаштириш орқали хиёбонлар, сайилгоҳлар ва дам олиш майдончаларини ташкил этиш дастури (923,3 млрд сўмлик жами 46 та объект);

Тошкент шаҳрида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва шаҳар инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказиш юзасидан “йўл харитаси” тасдиқланмоқда.
 
Ушбу ҳужжатда қуйидагилар назарда тутилган:

“Шаҳар чиқиндихонаси” (Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани) полигони ҳудудида қаттиқ маиший чиқиндиларни сараловчи ва муқобил энергияни ишлаб чиқарувчи заводни қуриш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш;

қуввати 20 кВтдан юқори бўлган электромобилларни тезкор қувватлаш шохобчалари томонидан сотилган электр энергиясига устама ўрнатиш ва мазкур маблағларни муҳандислик-коммуникация тармоқларини ривожлантиришга йўналтиришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиш.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид