Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қушчасини йўқотган Twitter ва Samsung’нинг янги авлод букиладиган смартфонлари – ҳафта технодайжести
Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги технология ва илм-фанга оид энг қизиқарли хабарларни жамлади.
Қушчасини йўқотган Twitter
Twitter ижтимоий тармоғининг логотипи кўк қушдан Х’га ўзгартирилди. Илон Маскнинг сўзларига кўра, яқин келажакда Twitter номидан ҳам воз кечилиши мумкин.
Tармоқни сотиб олгандан сўнг, Илон Маск платформага ўзгартиришлар киритишни бошлади. Фойдаланувчининг ҳақиқийлигини кўрсатувчи кўк белгини фақат пулга олиш ҳуқуқи жорий этилди. Маск, шунингдек, фойдаланувчилар ўқиши учун мавжуд бўлган постлар сонига чекловлар ҳам қўйди.
Samsung’нинг янги авлод букиладиган смартфонлари
Samsung компанияси Samsung Galaxy Unpacked онлайн тадбири давомида букиладиган смартфонларнинг янги авлоди - Galaxy Z Fold5 ва Galaxy Z Flip5ʼни намойиш этди. Янги қурилмалар савдоси 11 август куни старт олади. Galaxy Z Fold5 нархи 1800, Galaxy Z Flip5 нархи 1000 доллардан бошланади.
Galaxy Z Fold4 смартфони 6,2 дюймли ташқи дисплейга (2316х904) ва 7,6 дюймли ички (2176х1812) экранга эга. Уларнинг янгиланиш частотаси 120 Гц ва HDR10+ стандартини қўллаб-қувватлайди. Қурилма Qualcomm компаниясининг Snapdragon 8 Gen 2 чипи билан жиҳозланган, 12 Gb тезкор ва 256 ёки 512 Gb ёки 1 Tb ички хотирага, симли ва тезкор симсиз қувватлаш имконини берувчи иккита 4400 мА•с аккумуляторга эга.
Смартфон тескари қувватлантириш функциясига эга, у бошқа Samsung аксессуарларини қувватлантириш имконини беради. Шунингдек, 2 та SIM-карта билан ишлайди (eSIM ҳам бор).
Смартфоннинг олд камераси 10 Мп, ички дисплей 4 Мп экраности камерасига эга. У фақат фойдаланилган вақтда «кўриниш беради». Асосий модуль 3 та қисмдан иборат: ультракенг — 50 Мп, кенг бурчакли — 12 Мп, телеобъектив — 12 Мп. Galaxy Z Fold5 учун янги S Pen стилуси ишлаб чиқилган. У енгилроқ вазнга эга, бироқ смартфонда ўрнатиладиган жойи йўқ. Уни алоҳида сотиб олинадиган чехолда сақлаш тавсия қилинади.
Z Flip5 компакт смартфони жиддий янгиланган. У 3,4 дюйм ташқи экранга (748х720) ва 6,7 дюйм асосий экранга (2640x1080) эга. «Раскладушка» ҳам Snapdragon 8 Gen 2 чипи билан жиҳозланган, аммо фақат 8 Gb тезкор хотира, шунингдек, 256 ёки 512 Gb ички хотирага эга. Унинг камералари оддийроқ: олд камера 10 Мп ва асосий иккита камера 12 Мп — ҳар иккаласи 4K видеони суратга олади. Аккумулятор 3700 мА•с ва симли, тезкор симсиз, тескари қувватлантириш функциясига эга.
Ҳар иккала смартфон янгиланган Android операцион тизими билан таъминланган. У букиладиган смартфонлар учун мўлжалланган янги функцияларга эга.
Иқлим ўзгаришига мослашувчан сузувчи шаҳар
Япониянинг N-Ark стартапи океанда Dogen City номли улкан сузувчи шаҳар яратиш режаларини тақдим этди. Шаҳар цунамидан ҳимоя қилиш учун ҳалқа шаклида лойиҳалаштирилади ва уч қатламдан иборат бўлади.
Хусусан, биринчи қатлам одамлар яшаши учун турар жой биноларидан иборат бўлади, Иккинчи қатламда энергия сарфини камайтирадиган ва океанда табиий равишда совитиладиган сувости маълумотлар маркази бўлади. Охирги қатлам эса ракеталар учун учириш ва қўниш майдончаси бўлиб хизмат қилади.
Лойиҳа йилига қарийб 7 минг тонна озиқ-овқат ва 22 миллион 265 минг кВт электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради.
Олтинга бой астероидга космик кема юборилади
NASA муҳандислари Psyche миссиясини тайёрлашнинг якуний босқичига ўтишди. Унинг доирасида космик кема деярли бутунлай темир, никель ва олтин каби металлардан ташкил топган Psyche астероидига юборилади.
Psyche кемаси Кеннеди космик маркази яқинидаги Astrotech заводида йиғилди. У 5 октябрга режалаштирилган парвоздан олдин якуний синовдан ўтказилмоқда.
Қурилма SpaceX Falcon Heavy ўта оғир ракетаси ёрдамида учирилади ва диаметри тахминан 279 километр бўлган Psyche астероиди томон йўналтирилади. Бу жисм астероидлар камари ичида парвоз қилмоқда. Манзилга етиб бориш учун олти йил ичида тахминан 4 миллиард километрни босиб ўтиш керак бўлади.
Psyche астероиди қуёш тизимининг энг катта марваридларидан бири деб аталади. Олимлар унинг иқтисодий ва илмий нуқтаи назардан қанчалик қимматли эканини яқинда англаб етди. Улар узоқдан олиб борилган кузатишлар натижасида астероид Қуёш тизимининг шаклланиши даврида муваффақиятсизликка учраган сайёра ядроси қолдиғи бўлиши мумкин деган хулосага келди. У деярли бутунлай металлардан иборат.
«Агар биз уни қўлга кирита олганимизда, дунё иқтисодиётидан ҳам катта, тахминан 10 квинтилион доллардан қимматроқ бўлар эди», деб таъкидламоқда олимлар.
Бироқ Psyche астероидининг ҳақиқий қиймати бу сайёрамиз ядроси қандай кўринишда эканини билишдир. Олимлар Ерда сейсмик маълумотлардан фойдаланиб, сайёра ядросининг шакли, тузилиши ва хусусиятларини аниқлашга ҳаракат қилмоқда. Бу фақат рентген нурлари ёрдамида вайроналар остида кўмилган филни реконструкция қилишга уриниш каби. Psyche сайёра ядроси қандай кўринишда эканини ва Ер қандай таркиб топганини яхшироқ тушунишни таъминлайди.
Бундан ташқари, миссия келажакда экипаж парвозлари учун ишлатилиши мумкин бўлган технологиялар учун синов майдончаси бўлиб хизмат қилади. Парвознинг ўзи Falcon Heavy ракетасининг биринчи сайёралараро миссияси бўлиб, келажакда Марс миссияси учун пойдевор қўяди.
Android учун ChatGPT иловаси ишга туширилди
OpenAI компанияси Android қурилмалари учун ChatGPT иловасини ишга туширди.
Уни Google Play орқали юклаб олиш мумкин. Бироқ илова ҳозирча фақат АҚШ, Ҳиндистон, Бангладеш ва Бразилияда ишлайди. Компания яқин келажакда ушбу рўйхатни кенгайтиришни ваъда қилмоқда. Келгуси ҳафта унда янги давлатлар пайдо бўлиши кутилмоқда.
Қайд этилишича, мобил чатбот ўзининг веб-версиясидан фарқ қилмайди ҳамда бир хил функция ва имкониятларни тақдим этади. Фақат интерфейс бироз фарқ қилади - у смартфонлар учун мослаштирилган.
Илгари ChatGPT расмий равишда iOS қурилмалари учун ҳам ишлаб чиқилган эди. Дастлаб у фақат АҚШ ҳудудида ишлади, аммо ҳозир уни 50 дан ортиқ мамлакатларда юклаб олиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, ChatGPT иловаси ва веб-версияси Ўзбекистон учун мавжуд эмас ва чатботда ўзбек мобил операторлари телефон рақамларидан фойдаланиб аккаунт очиб бўлмайди.
Мавзуга оид
14:18 / 02.03.2025
Янги “аждарҳо жангчиси”, космосга туристик парвоз ва “ақлли” ғилоф — технодайжест
12:08 / 23.02.2025
Илон Маскдан янги СИ, “арзон” iPhone 16 ва актёр робот — ҳафта технодайжести
10:49 / 09.02.2025
Кучайган Gemini, ваъдасидан воз кечган Google ва янада очилган ChatGPT — технодайжест
18:05 / 29.12.2024