Жаҳон | 12:45 / 29.07.2023
70328
20 дақиқада ўқилади

«Ундан ҳатто Брежнев ҳам қўрққан» – «Пахта иши» ва Афғон уруши ташкилотчиси Андропов нега Рашидовга қасдлашиб қолганди?

1982 йил 10 ноябр куни СССР раҳбари Леонид Брежнев вафот этади. Орадан икки кун ўтиб, у қабрга қўйилмасидан аввал КГБнинг собиқ бошлиғи Юрий Андропов мамлакатнинг янги раҳбари бўлади. Шундан сўнг Рашидов ва ўзбек халқи бошида қора булутлар айлана бошлайди. Кўп ўтмай Ўзбекистонга Гдлян ва Иванов бошчилигидаги «десант» ташланади.

Фото: fb.ru

Собиқ иттифоқ тарихида Юрий Андропов муҳим ўрин тутади. У 1967 йилдан 1982 йилгача КГБ (давлат хавфсизлик қўмитаси)ни бошқаради. Сўнг Сусловнинг ўлимидан сўнг КПСС марказий қўмитаси котиби лавозимини эгаллайди.

1982 йил 10 ноябр куни СССР раҳбари Леонид Брежнев вафот этади. Орадан икки кун ўтиб, ҳали Брежнев қабрга қўйилмасдан КПСС марказий қўмитасининг навбатдан ташқари пленуми ўтказилади ва Андропов СССРнинг янги раҳбари бўлади.

У СССР раҳбари сифатида бор-йўғи 15 ой ишлайди ва 1984 йил 9 феврал куни вафот этади. Ўшанда у 69 ёшда эди.

Ўзи шундоқ ҳам ўтмиши унча «тоза бўлмаган» Андропов КГБ раҳбари бўлиб ишлаганда жуда кўплаб инсонларга фитналар уюштиради. СССР ҳарбийлари қатнашган қуролли можаролар ҳамда урушларнинг ташкилотчиси бўлади.

Жумладан, миллионлаб инсонларнинг ёстиғини қуритган, майиб-мажруҳ бўлишига сабаб бўлган Афғон уруши ҳам айнан унинг ташаббуси билан бошланган эди.

40 йилдан ошиқроқ вақт давомида Афғонистон аҳолисининг бошига тушган ва тушаётган оғир синовларнинг дебочасини том маънода Андропов бошлаб берган деб бемалол айтиш мумкин.

Бундан ташқари, ўтган асрнинг 80-йиллари бошларида «Пахта иши»ни ўйлаб топиб, Москвадан Ўзбекистонга «десант» жўнатган ва ўзбек халқининг бошига оғир кунларни солган инсон ҳам айнан Андропов эди.

Юрий Андропов КГБ раҳбари / Фото: fb.ru

Юрий Андропов КГБ раҳбари бўлгунча

Айримлар томонидан «Иккинчи Берия» деб таърифланадиган Юрий Андропов ўзининг қонхўрликларини немислар босқинидан аввал Карелияда бошлаганди.

1940 йил 3 июнда Андропов Совет-фин урушида Финландиядан тортиб олинган ерларда ташкил этилган Карело-Фин ССР комсомол ташкилотининг биринчи котиби этиб тайинланади.

Ўшанда 26 ёшли Андропов янги ташкил этилган республикада тозалаш ишларини олиб боради ва кўплаб инсонларни қатағон қилиш ишларида қатнашади.

Немислар СССРга ҳужум қилгандан сўнг у Карелиядаги партизанлик ҳаракатларига бошчилик қилади. Уруш тугагандан сўнг Москвадагилар «қаттиққўл ходим»ни Карелияда қолдиришади ва Андропов 1950-йиллар бошигача ўша ерда турли юқори вазифаларда ишлайди.

Андропов 1951 йилда Москвага қайтади ва 1954 йилгача КПСС марказий қўмитаси аппаратида ва ташқи ишлар вазирлигида фаолият олиб боради.

Андропов Карелияда

Андропов иккинчи марта ўзини Венгрияда кўрсатади. У 1954 йилда СССРнинг Венгрия халқ республикасидаги элчиси этиб тайинланади. Бу давлат аҳолиси «коммунистик қопқон»га тушганидан норози эди.

1956 йилда венгерлар коммунистик тузумга қарши бош кўтаради. Ўша пайтда Андропов элчи лавозимида бўлса ҳам қўзғолонни аёвсиз тарзда бостиришда муҳим рол ўйнайди. Ўшанда венгерлар унга қарши бир неча марта суиқасд уюштиришади, аммо Андропов тирик қолади.

Венгрияда Андропов оиласи билан яшарди. Унинг хотини ва ўғли совет қўшинлари қўзғолончиларни қай тарзда жазоланганини ва Будапешт қандай қонга ботирилганини ўз кўзлари билан кўришади. Ўшандан кейин кўп ўтмай Андроповнинг хотини гиёҳванд моддаларга, ўғли эса спиртли ичимликларга ружу қўяди.

1956 йил, Венгрия қўзғолони

1957 йилда Андропов Москвага қайтарилади ва 1967 йилгача КПСС марказий қўмитасининг хориждаги коммунистик партиялар билан алоқалар бўлимини бошқаради. Бир вақтнинг ўзида 1962-1967 йиллар оралиғида КПСС марказий қўмитаси котиби лавозимида ишлайди.

Андропов хорижий давлатлардаги коммунистик партиялар билан алоқалар бўлимини бошқарар экан, дунёнинг жуда кўп давлатларида фитна ва қуролли можаролар келтириб чиқаришда муҳим рол ўйнайди.

Айнан унинг саъй-ҳаракатлари билан Осиё, Африка ва Лотин Америкасидаги давлатларда коммунистлар СССРдан ёрдам тариқасида берилган қуроллар ёрдамида ҳокимият тепасига келишади. Жумладан, Кубадаги давлат тўнтаришини ҳам СССР қизғин қўллайди ва бунда Андроповнинг ҳиссаси катта бўлади.

Андропов КГБ раҳбари

1967 йил 18 май куни Андропов КГБ раиси лавозимига тайинланади. Ўша пайтда ишончли одамлари етарли бўлатуриб, Брежнев бу масъулиятли лавозимни Андроповга бергани кўпчиликни ажаблантиради.

Кейинчалик Брежнев бу ишидан афсусланади, аммо КГБ раҳбари сифатида «темир мушти» билан мамлакатни қўлга олган Андроповни ишдан бўшатишга ҳадди сиғмайди.

КГБнинг аввалги раҳбари Владимир Семичастний Сталиннинг қизи Светлана Аллилуеванинг АҚШдан сиёсий бошпана сўраши ортидан ишдан олинган дейилади. Аслида эса Брежнев Семичастнийни ўзига қарши фитна тайёрлашда гумон қилиб ишдан олганди.

Брежнев ва Андропов масъуллар қуршовида

Андропов КГБ раҳбари бўлгандан сўнг СССРнинг ташқи ва ички сиёсатига фаол аралаша бошлайди. Аввало, АҚШга қарши урушаётган Вьетнам коммунистларига ҳарбий ёрдам кўламини кенгайтиради.

Бундан ташқари, 1960-йиллар бошида Хрушчёв даврида Москва «тизгинидан чиқиб кетган» Хитойга босимни кучайтиради. Шунингдек, хорижий давлатлардаги коммунистик партиялар раҳнамоларига ёрдам бериш, улар ёрдамида амалдаги ҳукуматларга қарши қуролли қўзғолонларни уюштириш ишларини давом эттиради.

Андроповнинг ана шундай ишларидан бири Афғонистонда амалга оширади. Аввалига унга бўйсунадиган махсус бўлинмалар бу мамлакатдаги нотинчликни авж олдиради.

Сўнг Андропов СССР мудофаа вазири Дмитрий Устиновга босим ўтказади ва иккаласи Брежневни қисқа муддатда ғалаба қозонишга ишонтириб, Афғонистонга қўшин киритишга рухсат олишади.

Афғон урушида Андропов ва КГБнинг роли

ХХ асрнинг 80-йилларида қарийб ўн йил давом этган Афғон уруши тарихчилар томонидан СССР раҳбарияти йўл қўйган энг жиддий хато сифатида қайд этилади. Ана шу хатонинг асосий ташкилотчиси Андропов эди.

Афғонистонда 1973 йилда Муҳаммад Довуд томонидан мамлакат раҳбари Муҳаммад Зоҳиршоҳнинг ағдариб ташланиши билан бошланган ҳодисалар 1978 йилга келиб анча жиддий тўқнашувларга айланиб кетади.

Чегарадош мамлакатдаги талотўплардан фойдаланган КГБ раҳбари Афғонистонда СССРга вассал тузум ўрнатиш учун фитналарни бошлаб юборади.

1978 йил апрелда ўзларини Афғонистон халқ демократик партияси аъзолари деб атаган гуруҳ советларнинг қўллови билан Муҳаммад Довудга қарши исён бошлайди. Исёнга Нурмуҳаммад Таракий ва Ҳафизуллоҳ Амин бошчилик қилишади. Бу исён тарихга «Савр инқилоби» номи билан кирган.

Исёнчилар президент саройини эгаллашади ва Муҳаммад Довуд ва унинг оила аъзолари бўлган йигирмага яқин одамни ўлдиришади. Мамлакатни Таракий ва Амин бошқара бошлайди.

Афғон урушида СССР ҳарбийлари

1979 йил 12 декабрда Кремлда Афғонистонга қўшин киритиш ҳақида махфий қарор қабул қилинади. Унинг ижросини таъминлаш Юрий Андропов, Мудофаа вазири Дмитрий Устинов ва СССР ташқи ишлар вазири Андрей Громико зиммасига юклатилади.

Ўз-ўзидан аёнки, Андропов бу учликнинг том маънода «бошлиғи» эди. Шу тариқа «дўст афғон халқига ёрдам бериш» баҳонасида Афғонистонга КГБнинг махсус бўлинмалари жўнатилади.

Ўша пайтда Афғонистонни бошқариб турган Таракий СССР билан Амин АҚШ билан ҳамкорлик қилиш тарафдори эди. 1979 йил сентябр ойида Амин Таракийни ўлдиртиради ва Афғонистоннинг якка ҳукмдорига айланади.

Аминнинг Афғонистонга ҳукмдор бўлиши совет манфаатларига тўғри келмасди. Шу сабабли Андропов КГБ ходимларига нима қилиб бўлса ҳам Аминни йўқ қилиш топшириғини беради. 1979 йил 16 декабр куни Аминга суиқасд уюштирилади. У тирик қолади.

1979 йил 27 декабрь куни, КГБнинг Ўрта Осиё ва Кавказда яшовчи миллат йигитларидан ташкил топган махсус «Мусулмон батальони» Амин саройини эгаллайди. Шу ерда Амин ўлдирилади.

Ўша пайтда Амин саройига КГБ махсус бўлинмаси бостириб киргани ҳақида ҳеч қаерда гапирилмаган. Оммага «Афғон халқи Амин саройини забт этиб уни ўлдирди», дея маълумот берилади.

«Правда» газетасида эса «Халқ исён кўтариб, Аминнинг саройига бостириб кирди ва Амин ҳамда унинг тарафдорларини ўлдирди», деб ёзилган хабар берилади.

Кейинчалик, СССР тарқаб кетганидан сўнг, ўшанда Амин саройига бостириб кириб уни ва тарафдорларини ўлдирган «афғон халқи» афғонлар кийимини кийиб олган КГБнинг махсус бўлинмаси ходимлари бўлгани ошкор бўлади.

Амин ўлдирилганидан сўнг советлар Афғонистонга Бабрак Кормални Афғонистон раҳбари деб эълон қилишади. У СССР раҳбариятидан Афғонистонда тинчлик ўрнатиш учун ўз мамлакатига ҳарбийларни киритишни «илтимос қилади».

Афғонистонга қўшин киритиш, бу мамлакатда зўрлик билан бўлса ҳам социалистик тузум ўрнатиш режаси мамлакат раҳбари Брежневнинг режаси эмасди. Гарчи совет армияси Брежнев ҳукмронлигининг илк йилларида Вьетнам урушида қатнашган бўлса ҳам, бу шахс урушни ёқтирадиганлар сафига кирмасди.

Афғон урушининг асосий ташаббускори айнан КГБ раҳбари Юрий Андропов эди. Ўшанда Афғонистонга қўшин киритиш масаласида Дмитрий Устиновни ҳам Андропов «йўлдан урган» ва у КГБ раҳбарининг раъйига қарши бора олмасди.

Юрий Андропов мамлакат раҳбари Брежневнинг ёнида Фото: qaynarinfo.az 

Андроповнинг босими остида қолган Устинов Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатларни 2-3 ойда тугатиб, у ерда социалистик республика ўрнатилишни айтиб Брежневни ишонтиради. Аммо уруш ўн йилга чўзилади ва СССРнинг ичдан емирилишига ҳамда совет қўшинларининг Афғонистонни шармандаларча ташлаб чиқишига сабаб бўлади.

СССРнинг Афғонистонга бостириб кириши халқаро майдонда кескин қораланади ва АҚШ бошлиқ Ғарб давлатлари билан алоқалар совуқлашади. Ҳатто 1980 йилда Москвада бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларини дунёнинг 65 та давлати бойкот қилади ва ўз спортчиларини мусобақаларга юбормайди. СССР ва АҚШ ўртасида тарихда «совуқ уруш» деб ном олган давр авж палласига чиқади.

Ғарбда Москва олимпиадасига қарши намойиш Фото: history.com

Афғонистондаги урушда СССР кўплаб қурбонлар беради, аскарлар ногирон бўлиб қайтади, халқнинг миллиардлаб маблағи беҳуда сарфланади. Бундан ташқари, мамлакат халқаро майдонда турли санкцияларга учраб иқтисодий тарафдан қийналиб қолади.

Қолаверса, 10 йиллик урушда Афғонистон бутунлай вайронага айланади, миллионлаб одамлар ҳалок бўлади. Охир-оқибат нима бўлганини биласиз – дунёнинг иккинчи қутби бўлишга даъвогар бўлган ва қисман бунга эришган давлат Ер харитасидан ном-нишонсиз йўқ бўлиб кетади.

Брежневнинг шубҳали ўлими

1982 йил 10 ноябрда Брежнев шубҳали тарзда вафот этади. Андропов қулай вазиятни қўлдан чиқармайди ва СССР раҳбари бўлади. Ўшанда у 68 ёшда эди.

Агар Андроповнинг КПСС марказий қўмитасининг биринчи секретари (амалда СССР раҳбари) лавозимини эгаллаши тарихига синчиклаб қаралса, у мамлакат раҳбарлигини олиш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилганини кўриш мумкин.

1982 йил 26 май куни тўсатдан Андропов КГБ раиси лавозимидан истеъфога чиқади ва КПСС марказий қўмитаси котиби лавозимини эгаллайди. Бу амал аслида КГБ раҳбари лавозими олдида жуда кичик бўлса-да мамлакат раҳбарлигини қўлга олиш учун қўйилган муҳим қадам эди.

Ўшанда Андроповнинг ўрнига Брежнев В.Федорчукни КГБ раиси этиб тайинлайди. Аммо Андропов СССР раҳбари бўлганидан 35 кун ўтиб Федорчукни КГБ раиси лавозимидан бўшатиб ички ишлар вазири лавозимига ўтказади. Унинг ўрнига КГБни ишончли одамларидан бири Виктор Чебриковга топширади.

1982 йил 10 ноябр куни Брежнев вафот этади. Бу ҳақда оммага 11 ноябр куни хабар берилади ва 15 ноябр куни у дафн этилади. Андропов эса Брежневнинг дафн маросими ўтиб бўлишини ҳам кутмайди ва 12 ноябр куни КПСС марказий қўмитасининг биринчи секретари лавозимини эгаллаб СССР раҳбари бўлади.

СССР даврида аксарият ишларнинг ҳужжатлари махфий сақланган ва оммага ошкор қилинмаган. 1990-1991 йилларда СССР тарқаши арафасида ва ундан кейин бирмунча вақт архивлар очилади ва кимлардир улардан фойдаланади. Ана шунда Брежнев ўз ажали билан ўлмагани ва унга Андропов суиқасд қилгани ҳақида гап-сўзлар ўртага чиқади.

Ёши 75 дан ошган Брежнев кексалик туфайли тез-тез бетоб бўларди. Аммо ҳар доим унинг соғлиги мамлакатдаги энг яхши врачлардан иборат гуруҳ назоратида бўлган. Брежнев 1982 йил 10 ноябр куни Москва вилоятидаги Заречье қароргоҳида шубҳали тарзда вафот этганда у ерда врачлар йўқ эди.

Қароргоҳ қўриқчилари Брежневнинг аҳволи оғирлашгани ҳақида (бу пайтда у ўлиб бўлганди) хабар беришгандан сўнг ҳам врачлар анча кечикиб келишади.

1982 йил октябр ойи ўрталарида Брежнев 15 ноябр куни истеъфога чиқишини ва ўз ўрнига ўша пайтда Украинага раҳбарлик қилаётган В.Шербицкийни тайинлашини КПСС марказий қўмитаси котиби И.Капитоновга айтади. Ўз навбатида Капитонов бу «хушхабар»ни Андроповга етказади.

Аксарият тарихчилар ҳамда Кремл деворлари ичкарисида бўлаётган воқеа ва ҳодисаларнинг тирик гувоҳлари 10 ноябр куни Брежнев ўз ажали билан ўлмаганини, унга Андроповнинг хос одамлари суиқасд уюштирганини айтишади.

Шунингдек, Брежневнинг ўлимига Тошкентда олган жароҳати сабаб бўлган дегувчилар ҳам бор. Гап шундаки, Брежнев 1982 йил 23 март куни Тошкентга келади. Ташрифдан мақсад Ўзбекистонни навбатдаги Ленин ордени билан мукофотлаш ва республикада амалга оширилаётган ишлар билан танишиш эди.

Ташриф давомида авиация заводига борганида у ерда ишчилар билан учрашув чоғида Брежневнинг устига темир бўлаги тушиб кетади. Оқибатда у жароҳат олади ва бир неча ой даволанади.

Кўпчилик Брежневнинг ўлимига Тошкентдаги жароҳат сабаб бўлганига ишонмайди. Чунки кузгача Брежнев соғлигини тиклаб олган ва анча бардамлашганди.

Брежнев Тошкент авиация заводида, 1982 йил

Андропов СССР раҳбари

Андропов СССР раҳбари бўлар экан, у Ғарб билан алоқаларни илиқлаштириш ҳақида бош қотира бошлайди. Аммо ҳаракатлар натижа бермайди. АҚШ бошлиқ Ғарбнинг талаби битта эди – СССР Афғонистондан қўшинларини зудлик билан олиб чиқиши керак.

Гарчи Афғонистонда беҳуда уруш қилаётганини билса ҳам, Андропов бу мамлакатдан қўшинларни олиб чиқишга шошилмайди – ахир ҳали ғалабага эришилмади. Бу ҳолатда у ердан қўшинларни олиб чиқиш мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўйига путур етказарди.

Андропов СССРни бошқарган қисқа вақт мобайнида раҳбар бўлишидан аввал ўзига садоқат билдирмаган аксарият кадрларни ишдан бўшатади. Ўзи билан алоқалари яхши бўлмаганларни эса қамоққа тиқади. Порахўрликка қарши кураш баҳонасида Ўзбекистонга КГБ ва Бош прокуратура терговчиларидан иборат гуруҳ жўнатади.

Андропов СССР раҳбари Фото: alamy.com

Юрий Андропов СССРни бор-йўғи 15 ой бошқарган бўлса ҳам, амалда мамлакатни 10 йилдан ошиқ назорат қилгани айтилади. Бевақт ўлим Андроповга СССРни узоқроқ бошқаришига йўл бермайди.

Агар у тўсатдан вафот этмаганида яна нималар содир бўлар эди, буни ҳатто тахмин қилиб бўлмайди. Балки, Ўзбекистонда бўлгандай яна қайсидир республикани «тозалаш учун» «десант» туширармиди? Ёки Афғонистонга ўхшаб яна қайсидир мамлакатни «социалистик лагер»га қўшиб олиш учун қўшин киритиб «кулини кўкка совурармиди»?

Андропов 1984 йил 9 февралда 69 ёшида вафот этади ва катта эҳтимол билан миллионлаб инсонлар бошларига тушиши мумкин бўлган кўргиликлардан омон қолишади.

Андропов Рашидовга қарши

1970-йилларнинг иккинчи ярмида СССР раҳбари Брежнев бўлса ҳам, амалда мамлакатни КГБ раҳбари Андропов бошқарарди. Ўша пайтда кўплаб вазирлар, иттифоқдош республикаларнинг раҳбарлари КГБдай қудратли ташкилот раҳбари билан ҳисоблашиб муомала қилишга мажбур эди.

1972 йилда тузилган ва Андроповнинг ихтиёрида бўлган КГБнинг «Альфа» махсус бўлинмаси ҳар ишга қодир эди. Шу учун ҳам СССРдаги ҳар қандай амал эгаси Андроповдан қўрқиб турарди.

Ҳатто ундан Брежневнинг ўзи ҳам қўрқиб яшаган дейишади. Андроповнинг Рашидов билан нега тескари бўлиб қолгани ҳақида тахминлар кўп. Улардан энг машҳури Брежневнинг Шароф Рашидов билан анча илиқ муносабатда бўлгани Андроповга ёқмайди.

Шароф Рашидов Фото: alamy.com

Шунингдек, яна бир тахминга кўра Рашидов Афғонистоннинг ички ишларига аралашишга ва бу мамлакатга қўшин киритишга қарши бўлади. Шу масала муҳокама қилинганда Брежнев йиғилиш қатнашчиларига Афғон урушига қарши бўлаётганларни санаб ўтганида Рашидовни ҳам тилга олади.

Табиийки, Афғонистонга қўшин киритишга қарши бўлган юқори лавозимли масъуллар Андроповга хуш келмайди. Бироқ Брежнев билан яқин бўлган Рашидовга ҳеч нарса қила олмайди.

Брежневнинг вафотидан сўнг мамлакат раҳбарлигини ўз қўлига олгач, Андропов Ўзбекистонда порахўрлик ҳамда қўшиб ёзиш урчиб кетгани ва бунга чек қўйиш лозимлиги ҳақида бот-бот гапира бошлайди.

1983 йил январда Андропов Рашидовга ҳайфсан беради. Бу Рашидовга Ўзбекистон раҳбарлигидан ихтиёрий тарзда кет дейилгани эди. Бироқ Рашидов кетмайди.

Кўп ўтмай апрел ойида КПСС сиёсий бюроси Ўзбекситондаги пахта етиштиришда содир этилган қўшиб ёзишларни тергов қилиш ҳақида қарор қабул қилади. СССР бош прокуратураси эса Гдлян ва Иванов бошчилигида гуруҳ тайёрлайди.

1983 йил сентябрда Гдлян ва Иванов гуруҳига Ўзбекистонда қўшиб ёзиш ишларини тафтиш қилиш ваколати берилади ва улар Ўзбекистонга келишади.

Андроповнинг мақсади Рашидовни қамоққа тиқиш эди. Бироқ у бунга улгурмайди, 1983 йил 31 октябр куни Рашидов вафот этади. Бироқ Гдлян ва Иванов Ўзбекистонда тергов ишларини давом эттираверади.

Гдлян ва Иванов бошлиқ «десантчилар»ларнинг Ўзбекистонни қандай «тафтиш» қилгани кўпчиликка аён. Кўплаб инсонларни ваҳшийлик ҳамда ғайриинсоний усуллар билан қийноққа солиб, уларнинг жабрланишига ва вафот этишига сабаб бўлган Гдлян ва Иванов ўша пайтда Андроповнинг буйруғини бажарганди.

Гдлян ва Иванов Фото news.day.az 

Тўғри, Гдлян ва Ивановларнинг Ўзбекистондаги ваҳшийликлари Андроповдан кейин СССРга раҳбарлик қилган Константин Черненко ва Михаил Горбачёв даврида ҳам давом этади. Аммо факт шуки, уларни Ўзбекистонга юбориш ва ўзбекистонликларни жазолаш айнан Андроповнинг ташаббуси ва хоҳиши эди.

Гдлян ҳамда Ивановни Ўзбекистонга юборган Андроповнинг ноҳақлиги шунда эдики, агар гап қўшиб ёзиш ҳамда порахўрлик ҳақида кетадиган бўлса, ўша пайтда СССРнинг ҳамма жойида ва барча соҳада бу ишлар бўлаётганди.

Шу сабабли СССР бўйлаб қўшиб ёзишлар ва порахўрлик авж олиб турганида бу ишда фақат ўзбекистонликларни айблаб, ёмонотлиқ қилиш ҳамда жазолаш – бу виждонсизликдан ўзга нарса эмасди.

Хулоса шуки, тарих ҳали Андроповга Ўзбекистон халқига етказган жабр-зулмлари ва Афғонистонда миллионлаб инсонларнинг умрига зомин бўлган урушни бошлагани учун узоқ вақт лаънат айтади.

Зеро, бир тарафдан ўзини «тинчликпарвар» қилиб кўрсатиб, иккинчи тарафдан эса миллионлаб одамларнинг ўлимига, азият чекишига сабаб бўлган ишларни қилган Юрий Андропов бунга лойиқ.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид