Ўзбекистон | 15:18 / 30.07.2023
13715
26 дақиқада ўқилади

Савдо алоқалари, Aфғонистон ва Украинадаги вазият, Ўзбекистондаги сўз эркинлиги – Британия элчиси билан суҳбат

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Тимоти Торлот ўз миссиясига ва умуман дипломатик карьерасига якун ясаяпти. Kun.uz мухбири охирги тўрт йил давомида Ўзбекистон-Британия муносабатлари ривожига ўз ҳиссасини қўшган элчи билан суҳбатлашди.

Суҳбатда элчи Тим Торлот сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги икки томонлама муносабатларда кузатилган ўзгаришлар, савдо алоқаларини янада мустаҳкамлаш имкониятлари, таълим соҳасидаги ҳамкорлик, Марказий Осиёдаги хавфсизлик масалалари, Украинадаги уруш ва бошқа кўплаб мавзуларда ўз фикрини билдирди.

— Жаноб элчи, сиз бу лавозимга тайинланганингиздан бери ўтган вақт давомида Ўзбекистонда ҳам, Буюк Британияда ҳам кўплаб ўзгаришлар кузатилди. Масалан, мамлакатингиз Европа Иттифоқини тарк этди, узоқ йиллик монарх – қиролича вафот этди ва унинг ўрнига тахтни янги қирол эгаллади, бир неча бор бош вазирингиз алмашди ва яна бошқа кўплаб ўзгаришлар бўлди. Сизнингча, буларнинг бари икки давлат ўртасидаги муносабатларга қандай таъсир кўрсатди?

— Айтиб ўтишим керакки, Буюк Британия Марказий Осиёга ҳар доим муҳим минтақа сифатида қараб келган, айниқса Ўзбекистоннинг аҳамияти катта биз учун. Биз Европа мамлакатлари орасида биринчилардан бўлиб бу ерда ўз элчихонамизни очганмиз.

Сиз санаб ўтганга ўхшаш ўзгаришлар нафақат Буюк Британияда, балки бутун дунёда рўй берди, дейишим мумкин. Бизнинг Европа Иттифоқини тарк этишимиз шубҳасиз мунозарали масала бўлди ва бошқа давлатлар билан муносабатларимизга у ёки бу кўринишда бевосита таъсир ўтказди. Бундан асосий мақсад – Европа ҳудудидан ташқарида ҳам алоқаларимизни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий имкониятларимизни кенгайтириш бўлган. Албатта, Европа минтақасидаги давлатлар ва улар билан ягона иттифоқ биз учун муҳим, лекин биз унинг ташқарисида ҳам фаолият юритишни истадик. Хусусан, менинг дипломат сифатидаги асосий вазифаларимдан бири ҳам мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни яхшилашдан иборат.

Шу ўринда сўнги йилларда халқаро майдонда содир бўлган ўзгаришларнинг Ўзбекистонга таъсири ҳақида ҳам бироз тўхталиб ўтсак. Айтиб ўтганингиздек, мен бу ерда тўрт йилдан бери фаолият юритиб келмоқдаман. Шу вақт оралиғида биз глобал пандемияни бошдан кечирдик. Бу бошқа давлатлар қатори сизнинг мамлакатингизга ҳам ўзининг жиддий салбий таъсирини кўрсатди. Бундан ташқари, қўшни Афғонистонда ҳукумат тепасига “Толибон”нинг келиши ҳам сизларга хавфсизлик ва иқтисодий жиҳатдан янги муаммоларни келтириб чиқарди. Ўтган йили Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаши ва унинг ҳудудини босиб олишга уриниши эса навбатдаги иқтисодий-ижтимоий муаммоларни келтириб чиқарди.

Биз бу йиллар давомида Ўзбекистон билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш йўлида кўплаб ишларни амалга оширдик. Масалан, давлатингиз Буюк Британия билан ҳамкорликда Кенгайтирилган GSP тизими шартномасини имзолаган биринчи мамлакат бўлди. Бу сизларга қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотларини ҳеч қандай тарифларсиз бизнинг бозорга экспорт қилиш имконини беради. Бундан ташқари, Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб биз билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик шартномасини ҳам имзолади. Бу ҳам ёрқин истиқболдан далолат.

Буюк Британия Ўзбекистонда Ҳамкорликни ривожлантириш дастурини йўлга қўйди. Бу дастур иқтисодиётнинг етти турли йўналишида икки томонлама ҳамкорликни назарда тутади. Қўшимча сифатида мавсумий ишчилар дастурини ҳам келтириб ўтиш мумкин. Яъни биз ёз ойларида Буюк Британия қишлоқ хўжалиги соҳасига, мева ва сабзавотлар териш, уларни қадоқлаш каби ишларга Ўзбекистон фуқароларини жалб қилишни бошладик.

Яна айтишим мумкинки, хавфсизлик бўйича ҳамкорликда ҳам катта ишлар амалга оширилди. Савдо алоқалари ривожланди. Ҳатто пандемия бизга янги имкониятларни тақдим этди, дейиш мумкин. Чунки айнан коронавирус ортидан ўрнатилган чекловлар сабаб биз бизнеснинг янги соҳаларини йўлга қўйдик. Олдинлари мавжуд бўлмаган йўналишларда савдо қила бошладик. 2021 йилда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Буюк Британия Савдо ва саноат кенгаши йиғилишида 800 нафар ишбилармон онлайн тарзда иштирок этди ва бу ўтган йили Ўзбекистонга йирик савдо делегацияси, 126 нафар тадбиркорнинг келишига туртки бўлди. Умид қиламанки, бу ҳаракатларимизнинг натижалари аста-секин ташқи савдо статистикаларида намоён бўлади.

Ўсиб бораётган ҳамкорликни янада қўллаб-қувватлаш учун элчихонамиз ходимлари сонини икки баравар кўпайтирдик. Мен бу ерга келганимда атига олти нафар буюк британиялик дипломат ишларди бу ерда. Ҳозир эса ўн икки кишимиз. Буларнинг бари сиз билан алоқаларни мустаҳкамлашга қанчалар жиддий эътибор қаратганимиздан дарак.

Савдо алоқалари ҳақида тўхталиб ўтдингиз. Билишимча, Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги савдо айланмаси жуда паст. Бу борадаги ҳамкорликни яхшилаш учун бирор аниқ дастур, режалар борми? Давлатингиз Ўзбекистондан қайси турдаги маҳсулотларни импорт қилишни афзал деб билади?

— Фикрингизга қўшиламан. Ўзбекистоннинг имкониятлари, унинг дунё ҳамжамиятига очилиб бораётгани ва бу борадаги саъй-ҳаракатларини ҳисобга оладиган бўлсак, у билан савдо-инвестиция алоқаларимизнинг ҳозирги ҳолати мени ҳам ажаблантиради. Олдинги саволга жавоб бериш асносида айтганимдек, биз мамлакатингиз билан муносабатларни мустаҳкамлаш учун ўзимизнинг одатий усуллардан фойдаланган ҳолда турли бизнес йиғинлари ташкил этиб келмоқдамиз. Хусусан, буюк британиялик тадбиркорларга фойда келтириши ва шу билан бирга фойда олиши мумкин бўлган иқтисодиёт соҳалари биз учун устувор йўналишлар ҳисобланади.

Биз Ўзбекистон ҳукуматининг хусусийлатириш сиёсатини қўллаб-қувватлаган ҳолда мамлакатингизга давлатнинг иқтисодиётдаги ролини камайтириш, давлат тасарруфидан чиқарилган компанияларга хорижий инвестицияларни жалб қилиш борасида кўмаклашмоқдамиз. Буларни амалга ошириш учун биз энг аввало ўзбекистонлик ишбилармонларни Буюк Британияда малака оширишига имкон яратишни зарур деб биламиз. Масалан, сентябр ойида бир гуруҳ банк соҳаси мутахассислари Лондонга малака ошириш учун боришади.

Бундан ташқари, шу йил август ойида Буюк Британия савдо вазирининг Ўзбекистонга ташрифи кутилмоқда. Ўтган йили ёз фаслида ҳам айни шундай ташриф амалга оширилганди. Бу ташрифлардан кўзланган асосий мақсад – савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва икки тараф учун ҳам фойда келтириш.

Биз учун энг аҳамиятли соҳалар – молиявий хизматлар ва бизнеснинг бошқа турли тармоқлари, деб айтишим мумкин. Чунки айнан шу йўналишларда Буюк Британия катта тажрибага эга. Бундан ташқари, қайта тикланувчи энергия манбалари хусусида ҳам мулоқотлар давом этяпти. Айтиб ўтиш ўринлики, биз бу борада Европада етакчилардан ҳисобланамиз ва бошқа мамлакатларнинг транспорт тизими, қурилиш ишлари ҳамда иқтисодий-молиявий ҳаётида яшил энергия манбаларини жорий қилишда кўмаклашиб келмоқдамиз.

Таълим йўналишидаги ҳамкорликнинг аҳамияти эса шахсан мен учун жуда юқори. Чунки ҳозирда айнан таълим соҳасида Буюк Британиянинг мамлакатингиздаги иштироки катта ва у янада кенгайишда давом этмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда Буюк Британия билан ҳамкорликда ишлаётган олий таълим муассасалари сони 30 дан ортади. Уларнинг баъзилари Вестминстер университети каби тўлиқ фаолият юритувчи таълим масканлари бўлса, баъзилари қўшма дастурлар таклиф этувчи олийгоҳлардир. Бизнинг олий ўқув юртлари Ўзбекистон университетларига фармацевтика, бухгалтерия, қишлоқ хўжалигининг айрим тармоқлари ва таълимнинг бошқа йўналишларида ривожланишга ёрдам бериб келмоқда. Бу дастурларнинг ортида Британия кенгаши ва элчихонанинг меҳнатлари турибди, деб айта оламан.

Умуман олганда, иқтисодиёт ривожланган сари ҳамкорлик учун имкониятлар ҳам кенгайиб бораверади. Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалик ҳамда текстил маҳсулотлари Буюк Британия бозорларида талабгир бўлади, деб ўйлайман. Аввалроқ айтиб ўтганимдек, бунда сизга бизнинг Ривожланаётган давлатлар билан савдо қилиш деб номланган тизимимиз жуда қўл келади. У орқали сиз 99 фоиз маҳсулотларингизни тарифлардан ҳоли ҳолда бизнинг бозорга етказиб беришингиз мумкин. Бу ҳам сиз билан савдо муносабатларини ривожлантиришга қанчалик жиддий қараётганимиздан дарак беради.

Тимоти Торлот ва Шавкат Мирзиёев ишонч ёрлиғини топшириш маросимида. / 2019 йил, сентябр / Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистоннинг қисқа ёки айтайлик ўрта муддатли даврда Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш имкониятларини қандай баҳолайсиз?

— Агар давлатингиз Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш жараёнини тезлаштириб, бу борада дадиллик, қатъият кўрсатар экан, сизда унга аъзо бўлиш имконияти етарлича. Қабул қилинаётган президент қарорлари, ташкилотга қўшилиш учун махсус вакил тайинланиши ҳам ҳаракатларингиздан дарак беради. Аммо бу жараён синчковлик талаб қиладиган, ўзига яраша техник босқичлардан иборат. Буюк Британия Ўзбекистонни бу йўлда ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр. Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш ривожланган давлатлар учун ҳам, ривожланаётган мамлакатлар учун ҳам ўз иқтисодий ҳолатини яхшилаш, барқарорликка эришишда кенг имкониятлар яратади.

Биз ҳозирда Ўзбекистон ҳукуматини асосан икки йўналишда қўллашга эътибор қаратганмиз: биринчиси, муллифлик ҳуқуқининг савдога алоқадор жиҳатлари, яъни TRIPS келишуви бўлса, иккинчиси инвестициялар билан боғлиқ. Айнан шу икки жабҳада мамлакатингиз ўзгаришлар қилиши керак бўлган жиҳатлар бор. Бунда биз сизларга молиявий томондан ҳам кўмаклашмоқдамиз ҳамда президентнинг Жаҳон савдо ташкилоти бўйича махсус вакили ва Савдо-инвестиция вазирлиги билан кенг кўламли ишлар бошлаганмиз. Айтиб ўтганимдек, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давом этмоқда.

Сиз хавфсизлик масалалари ҳақида ҳам гапириб ўтдингиз. Қўшни Афғонистонда Толибоннинг ҳукумат тепасига келиши билан Буюк Британия ташқи сиёсатида, унинг минтақадаги маанфатларида бирор нарса ўзгардими? Бу икки мамлакат ўртасидаги муносабатларга ўз таъсирини кўрсатдими?

— Бу сўссиз бизнинг Афғонистон билан муносабатларимизга таъсир қилди. Олдинги ҳукумат даврида ҳам муаммолар йўқ эмасди албатта, аммо у демократик йўл билан сайланганди ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда иқтисодий ҳолатни яхшилаш бўйича сезиларли ишларни амалга ошираётганди.

“Толибон”нинг ҳукумат тепасига келиши Афғонистон иқтисодиётида ўз аксини кўрсатди. Биз афғон халқига кўмаклашиш учун БМТнинг турли агентликлари орқали кўплаб инсонпарварлик ёрдамларини юбордик. У ердаги инқироз қўшни давлатларга ҳам таъсир кўрсатмай қолмаслиги табиий.

Бизнинг асосий хавотиримиз – халқаро терроризмнинг яна қайта пайдо бўлиши. Олдинги сафар “Толибон” бошқарувни эгаллаганда унинг террорчи ташкилотлар, хусусан, “Ал-Қоида” билан алоқалари бошқалар қаторида Ўзбекистонга ҳам хавф солган. Ундан ташқари, Ислом давлатининг Хуросон вилоятида фаолият юритишига ҳам йўл очиб берган.

Шундай экан, биз Афғонистонни яна бир бор халқаро терроризм ўчоғига айланишидан хавотирдамиз. Бунинг олдини олиш учун биз Ўзбекистон ҳукумати билан, минтақадаги бошқа давлатларнинг ҳукуматлари билан яқин алоқалар ўрнатиб, хавфсизлик чораларини кўряпмиз. Бунда айниқса Ўзбекистоннинг роли катта, деб биламан. Чунки сўнги тўрт-беш йилда сизлар Афғонистоннинг олдинги ҳукумати билан ҳам, эндиликда эса “Толибон” билан ҳам яхши қўшничилик алоқаларини олиб боряпсизлар. Мамлакатингизнинг ушбу давлат билан энергетика соҳасида ва иқтисодиётнинг бошқа жабҳаларида ҳамкорлиги ривожланмоқда; транспорт йўлларининг яхшиланишидан ҳам манфаатдорсиз, албатта. Умуман олиб айтганда, сизлар Афғонистонни иқтисодий жиҳатдан ўсишини, барқарор бўлишини қўллаб-қувватлаяпсиз. Бу жуда яхши. Икки давлат ўртасидаги ушбу муносабатлардан биз ҳам мамнунмиз. Аммо фикримча, барчамиз, жумладан, Ўзбекистон ҳукумати ҳам, қонуний равишда сайланган ва барча афғонлар, жумладан, аёллар манфаатларини ифодаловчи ҳукумат бошқаруви таъминланмагунича, бу иқтисодий алоқаларни қай даражада ривожлантириш мумкинлигидан хавфсираяпмиз.

“Толибон”нинг аёллар ҳуқуқлари ва фуқаролик жамиятини чеклаш йўлидаги қадамлари бизга маъқул эмас. Биз ўз аҳолисининг ярмини ажратадиган, уларга кескин муносабатда бўладиган ҳукуматни оқлай олмаймиз. Бу барқарор ривожланиш йўли эмас, минтақа хавфсизлиги учун ҳам зарар.

Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев ва Британия элчиси Тимоти Торлот ўртасидаги учрашув. 2023 йил, феврал / Фото: "Дунё" ахборот агентлиги

— Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати сўнгги беш-олти йил ичида сезиларли даражада ўзгарди. Сизнингча, амалдаги ҳукумат ташқи сиёсатидаги энг кўзга кўринган ютуқлар нималардан иборат? Камчиликлари-чи?

— Менимча, ютуқлар рўйхати камчиликларга қараганда анча узун. Авваламбор айтиб ўтиш керакки, президент Мирзиёев ва Ўзбекистон ҳукумати қўшнилар билан, хусусан, Афғонистон билан, ва яна Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Туркманистон билан ўрнатган муносабатлар савдо алоқаларини, ижтимоий-маданий алоқаларни қўллаб-қувватлашда катта аҳамиятга эга бўлди. Бу эса ўз навбатида минтақада янада хавфсиз ва барқарор муҳит шаклланишига замин яратди, бирдамлик туйғусини кучайтирди, айниқса иқлим ўзгариши билан боғлиқ масалаларда. Бу муаммо бутун дунё учун, жумладан, музликлар тез эриб бораётган Марказий Осиё учун ҳам долзарб ҳисобланади.

Ўзбекистоннинг Россия билан иқтисодий, ижтимоий, маданий алоқалари узоқ йиллардан бери мустаҳкам бўлиб келган. Бу маълум. Эндиликда мамлакатингиз дунёнинг бошқа минтақалари, бошқа давлатлари билан ҳам алоқаларини янада яхшилаш йўлида жиддий ишлар олиб бормоқда. Масалан, шарқда Япония, Корея, Хитой билан, жанубда Ҳиндистон, Покистон, Афғонистон, Бангладеш билан, ғарбда Туркия, Эрон, Европа мамлакатлари, хусусан Буюк Британия билан, ҳамда АҚШ ва Канада билан алоқалар мустаҳкамланиб бормоқда. Бу мантиқан олиб қаралганда ҳам жуда тўғри қарор. Чунки бу ўзбек тадбиркорларига янги имконият эшикларини очади, янги бозорларга етаклайди, сизларга кўплаб сиёсий ҳамкорлар топиш имконини беради, бошқалардан ўрганиш ва бу орқали ўз йўлингизни қуришни осонлаштиради.

Ўйлайманки, буларнинг бари – катта муваффақиятлар. Ўзбекистон бу йўлда давом этса, қандай фойдалар кўришини аллақачон тушуниб етган. Давлатингиз бу ислоҳотлар йўлидан чекинмайди, деб умид қиламан.

Агар ҳамкорлик алоқаларини кенгайтирсангиз, чорасиз вазиятда ҳам қолмайсиз. Бир давлат билан муносабатларда муаммо чиқса, бошқаси билан ишлаб кетаверасиз. Бу айниқса Россиянинг Украинага бостириб кириши мисолида яққол кўринади. Яъни уруш бошлангач, бор эътиборни фақат битта ҳамкорга қаратиш тўғри эмаслигини давлатингиз яхши англаб етди. Биз сизларни Россия билан савдо қилишдан тўсмоқчи эмасмиз, асло. Лекин айтиб ўтганимдек, ҳамкорларнинг кўп бўлгани яхши. Шунда танлов ҳам кўпроқ бўлади.

Ҳали устида ишланиши керак бўлган масалаларга тўхталадиган бўлсак, менимча, қурилган бу алоқаларнинг эндигина бошланғич босқичда эканини урғулаш мумкин. Буюк Британия билан муносабатлар ҳам ҳали шаклланиши керак. Бу борада сизлар ҳам, бизлар ҳам қилишимиз мумкин бўлга ишлар талайгина.

Гапимнинг бошида иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммолар ҳақида гапирдим. Бу каби муаммолар халқаро миқёсда ҳал қилинади ва давлатингиз ҳам буни тобора чуқурроқ ҳис қилиб бормоқда. Демак, бу йўлда ҳам қилиниши керак бўлган ишлар оз эмас.

Бунинг устига Жаҳон савдо ташкилотига қўшилмоқчисиз, унинг ҳам ўзига яраша қийинчиликлари бор, савдо тизимини ўзгартириш, мослаштириш керак.

Умуман олганда, қилиниши керак бўлган ишлар кўп, лекин бу нафақат Ўзбекистон, балки бошқа давлатларда ҳам шундай. Замон тез ўзгариб боряпти.

Тим Торлот ва Ўзбекистон собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида битимни имзоламоқда. / Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати

Украинада уруш бошланганидан бери Буюк Британия ташқи разведка хизмати – MI6 маълумотлар тақдим этишда анча аниқ ишламоқда. Шундан келиб чиқиб, бу қарама-қаршиликнинг келажагини қандай кўришингиз ва Ўзбекистон учун қандай оқибатлар бўлиши мумкинлигини айта оласизми? Ғарб санкциялари Марказий Осиёга ҳам таъсир қиладими?

— Бу саволда кўп нарса сўралди. Уларга бирма-бир жавоб беришга ҳаракат қиламан. Аввало шуни таъкидлашим керакки, мен MI6 Россия ва Украина бўйича чиқараётган разведка маълумотларини ўқимайман. Шундай экан, бунга изоҳ ҳам беролмайман.

Украинадаги бу даҳшатли уруш кўплаб оддий одамларнинг ҳаётига ўз таъсирини кўрсатмоқда, ёш рус йигитларининг ва бошқаларнинг ўлимига сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари, минтақавий ва глобал иқтисодиётни ҳам жар ёқасига етаклаяпти. Россиянинг ушбу ҳафтада Қора денгиз дон ташаббусидан чиқиши халқаро озиқ-овқат таъминотини хавф остига қўяди. Африка ва дунёнинг бошқа минтақаларида қийин аҳволда яшовчи одамлар мушкулини енгил қилиши мумкин бўлган, 32 млн тонна дон маҳсулотлари экспортига замин яратган шартнома хавф остида қолмоқда. Бу ўта кетган беъманилик. Умуман олганда, бу урушнинг ўзи катта фожиа, хато, деб биламан.

Урушга чек қўйишнинг ягона йўли – бу рус қўшинларининг босиб олинган ерлардан чиқиб кетиши ва ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиши. Биз Украинани ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Уруш бошлангандан бери Буюк Британия Украинага 350 млн фунтга тенг инсонпарварлик ёрдами ажратди, бу 400 млн доллардан ошиқроқ дегани. Давлатимиз то сўнгги рус аскари мустақил Украина ҳудудини тарк этмагунига қадар ёрдам кўрсатишда давом этади.

Очиғини айтсам, мен бу уруш келажаги борасида у қадар ҳам ижобий фикр билдиролмайман. Россияда давом этаётган зиддиятлар, иқтисодиётнинг катта зарар кўришига қарамай президент Путин тўхтамоқчи эмас. Россия – катта иқтисодий ва ҳарбий қудратга эга давлат. Лекин бу уруш унинг заиф жиҳатларини ҳам намоён қилиб қўймоқда, техника борасида ҳам, уруш олиб боришга тайёргарлик борасида ҳам.

Биз, айтиб ўтганимдек, Европа Иттифоқидаги, НАТОдаги ва умуман бутун дунёдаги ҳамкорларимиз билан Украинани қўллаб-қувватлашда давом этамиз.

Сиз санкциялар ҳақида ҳам сўрадингиз. Санкциялар икки нарсани мақсад қилган: биринчиси, Путин режими ва унинг ёнида туриб урушни қўллаётган тарафдорларини молиявий жиҳатдан чекловлар билан таъқиб қилиш. Иккинчиси, Буюк Британияда ишлаб чиқарилган малсулотларнинг Россияга етиб боришининг олдини олиш. Санкциялар Ўзбекистонга Буюк Британияда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар давлатингиз орқали Россияга етказилгандагина таъсир қилиши мумкин. Биз ҳукуматингиз билан бу борада мулоқотлар ўтказиб, керакли ишларни олиб боряпмиз. Айтиб ўтишим керакки, Ўзбекистон ҳукумати ҳам, Марказий банк ва вазирликлар ҳам бу борада бизга катта ёрдам беряпти, ҳамкорлик қиляпти. Президент Мирзиёев йил бошида Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакилини қабул қилди ва Ўзбекистондан санкцияларни айланиб ўтишда фойдаланишларига йўл қўймаслигини айтди. Биз бундан жуда мамнунмиз, албатта.

Бизнинг мақсадимиз Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг қонуний экспортини чеклаш эмас. Санкциялар бунга қаратилмаган ва бу халқаро мезонларга ҳам тўғри келмайди. Буни ҳукуматга атрофлича тушунтириш учун мулоқотлар олиб боряпмиз. Шу ҳафтада Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Молия вазирлигидан бир гуруҳ вакиллар Ўзбекистонга келиб, масаланинг техник жиҳатларини ёритиб бериши кутиляпти. Биз бу каби учрашувларни ташкил қилишда давом этамиз. Мақсад – санкцияларнинг аҳамиятини ва таъсирини тушунтириш. Қонуний савдога аралишиш ёки уни чеклаш эмас.

Саволлардан бирига жавоб бера туриб, инсон ҳуқуқлари масаласига ҳам тўхталиб ўтдингиз. Олдинлари элчихона сўз эркинлиги билан боғлиқ турли ҳолатларга доимий равишда ўз муносабатини билдириб келарди, ижтимоий тармоқларда изоҳ қолдирарди. Шахсан ўзим сизни Twitter'да бундай ҳолатларга ёзган изоҳларингизни бир неча бор кўрганман. Лекин сўнгги пайтларда сўз эркинлиги билан боғлиқ вазиятларга элчихона беэътибордек. Бунинг сабаби нима?

— Беэътиборлилик ҳақидаги танқидни қабул қилмаган бўлардим. Шахсан мен ҳам, элчихона ҳам сўз эркинлиги таъминланишини жуда муҳим деб ҳисоблаймиз. Бу борада олдинги фаолликни йўқотганимиз ҳақидаги бу фикр қанчалик тўғри, билмайман, очиғи. Адашмасам, охирги марта ўтган ҳафтада ёки ундан бироз олдинроқ Қорақалпоғистон воқеалари бир йиллиги муносабати билан ёзилган ва Gazeta.uz'да чоп этилган мақолани олиб ташлаш учун қилинган босимга муносабат билдириб, пост жойлагандим. Мақола жуда ажойиб чиққан, у мамлакатдаги муҳим сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳолатлар ҳақида атрофлича тўхталган. Уни олиб ташлашга уриниш эса тўғри иш эмасди. Шундай экан, мен бу борада ўз фикримни билдирдим.

Бундан ташқари, кеча ташқи ишлар вазири билан элчи сифатида сўнгги бор учрашдим ва бу учрашувда ҳам сўз эркинлиги масаласи кўтарилди.

Биз президент қураётган Янги Ўзбекистон учун сўз эркинлигининг қанчалар муҳим эканини яхши биламиз, бунга ишонамиз ва қўллаб-қувватлаймиз. Тўғри, камчиликлар, хатоликлар бўлиши мумкин, лекин барибир матбуот эркинлиги таъминланиши керак.

Бир ўринда танқидда ҳақлисиз. Мен бу ерга келган вақтларимда мустақил журналистикани қўллаб-қувватлаш ва ҳукумат томонидан сўз эркинлигига кенгроқ эшиклар очилиши учун ҳаракатимиз кучлироқ эди, бунга кўпроқ ресурс ажратардик. Лекин ҳозирга келиб бир тарафдан бу ишни бошқа халқаро ташкилотлар ҳам қилаётгани, бошқа тарафдан биз эндиликда аёллар ҳуқуқи масаласига кўпроқ эътибор бераётганимиз сабаб ресурларимизни шу тарафга йўналтирганмиз. Бундан ташқари, иқлим ўзгариши билан боғлиқ масалаларда ҳам анча фаоллашганмиз. Масалан, ҳозир Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан шунга алоқадор бир лойиҳа устида ишлаяпмиз. Меҳнат миграциясини қўллаш бўйича ҳам олдинга силжиш бор. Буларнинг бари инсон ҳуқуқлари ҳимоясига қаратилган.

Шундай экан, бизни сўз эркинлиги борасида ҳаракатни сусайтирган дейиш у қадар адолатли бўлмайди, менимча. Биз шунчаки ресурлар тақсимотини бироз ўзгартирдик, лекин ҳамон матбуот эркинлиги муҳимлигига ишонамиз.

Яқинда сиз ва элчихона ходимларининг ўзбекча тез айтишларни машқ қилаётганингиз ҳақида бир қизиқ видео кўрдим. Бу қийин кечмадими?

— Жуда қийин кечди очиғи. Буни эътироф этганингиз учун авваламбор ташаккур. Бу бизнинг ижтимоий тармоқларга жойлаган энг муваффақиятли постларимиздан бўлди. Тез айтишларни ўз она тилида қайтариш қанча мушкул, бошқа тилда-ку гапирмаса ҳам бўлади. Лекин шунга қарамай бу жуда қизиқ кечди.

Сўнги тўрт йилда бу ерда яшаб, ўзбек тилида мулоқот қилиш даражангиз яхшиландими? Балки ўзбекча бирор шеър ўқиб берарсиз?

— Афсуски, ўзбек тили даражам яхшиланди деб айтолмайман. Ўрганишга ҳаракат қилдим албатта, лекин натижа ҳавас қиларлик эмас. Бошқа бир тилда гапириш мен учун ўша халққа нисбатан ҳурматни ифода этишни англатади. Шунинг учун баъзи-баъзида, муҳим саналарда ўзбек тилида постлар жойлаб туришга ҳаракат қиламан.

Очиғини айтсам, ўзбек тилида айрим сўзлар менга жуда таниш. Чунки улар араб, турк тилларида ҳам бор. Мен эса араб тилида яхши мулоқот қила оламан. Бу ерга келишдан олдин рус тилини ўргангандим, агар ўзбек тилига вақт сарфлаганимда балки уни яхшироқ ўрганган бўлардим, чунки тилингиз рус тилига нисбатан осонроқ.

Шунга қарамай, менинг бу борада бир ютуғим бор. Мен Ташқи ишлар вазирлигини ўрнимга келаётган элчига ўзбек тилини ўрганиши учун шароит яратиб беришга кўндирдим. У августда келади. Унинг исми ҳам Тим, эслаб қолиш осон. У мендан ёшроқ, ғайратлироқ. Ишонаманки, у икки давлат ўртасидаги муносабатлар янада мустаҳкам бўлишига ўз ҳиссасини қўшади. Балки вақти келиб у билан ҳам интервю ташкил қилсангиз, суҳбатни ўзбек тилида олиб борарсиз.

Келажак учун режаларингиз қандай бўлса ҳам уларга эришишингизда омад тилайман. Бизга вақт ажратганингиз учун, суҳбат учун катта раҳмат. Ўзбекистонга яна албатта ташриф буюришингизни тилайман.

— Ўзбекистонга албатта яна қайтамиз. Бунга икки сабабимиз бор: биринчидан, бизга бу ер жуда ёқди, лекин пандемия сабаб у қадар кўп саёҳат қила олмадик. Иккинчидан, аёлим ёзувчи, билишимча, яқин вақтларда Ўзбекистон ҳақида китоб ёзишни режа қиляпти. У бирор ишга киришса, ишини ҳар томонлама мукаммал қилишни яхши кўради. Шунинг учун фикримча юртингиз ҳақида янада кўпроқ маълумот тўплаш учун у бу ерга келишимизни хоҳлаши аниқ.

Шу ўринда, Kun.uz сайтига ҳам ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Сизлар Ўзбекистондаги замонавий оммавий ахборот воситалари орасида ўз ўрнига эга мустақил нашрлардансиз. Ўтган тўрт йил давомида сайтингизда чоп этилган мақолаларни ўқиб, бу ердаги жараёнлар ҳақида кўп нарса ўргандим. Сиз ва сиз каби бошқа оммавий ахборот воситалари бўлмаганида, эҳтимол, мен ҳам элчи сифатидаги фаолиятимда у қадар катта муваффақиятларга эришмаган бўлардим. Сизларга раҳмат.

Дониёр Тухсинов суҳбатлашди.

Мавзуга оид