Фан-техника | 15:33 / 30.07.2023
93985
5 дақиқада ўқилади

«Қўрқиш керак эмас». Конгресс ҳарбийлардан ўзга сайёраликлар ҳақидаги ҳақиқатни ошкор этишни талаб қилмоқда

Пентагон эса ҳеч нарсани яширмаётганини таъкидлаяпти.

Граш Пентагон НУЖ қулаган жойни ва у ерда топилган объектларни ўнлаб йиллардан буён ўрганиб келаётгани ҳамда Конгрессдан сир тутаётганига амин. Фото: EPA

АҚШ ҳукумати ихтиёрида ердан ташқаридаги ақл томонидан яратилган объектлар, шу жумладан ўзга сайёрага тегишли транспорт воситалари мавжуд. Бироқ, ўзга сайёраликлар билан алоқалар ҳақидаги ҳақиқат разведка ва Пентагон томонидан ўнлаб йиллар давомида кенг жамоатчиликдан яшириб келинган.

Бундай шов-шувли баёнот 28 июл куни АҚШ Конгрессидаги номаълум учар жисмлар (НУЖ) ва ердан ташқари цивилизациялар билан алоқаларга бағишланган тарихдаги биринчи расмий тингловда янгради. Бу ҳодиса АҚШ ҳарбий разведкаси зобити Дэвид Грашнинг қасамёди остида амалга оширилди.

Яқин вақтгача Граш АҚШнинг Миллий геофазовий-разведка агентлигида ишлаган ва у ерда «номаълум аномал ҳодисалар ва трансмедиа объектлари» таҳлили учун масъул бўлган.

Грашнинг сўзларига кўра, у иш жойини ошкор қилиш орқали ўз карьерасини тугатиш тўғрисидаги қийин қарорни, «АҚШ ҳукумати НУЖлар билан боғлиқ қандайдир сирли — яъни Конгрессга ҳисобот берилмаган — иш олиб бораётгани»дан чуқур хавотир билдирган «бир қатор ҳурматли ва обрўли ҳарбий ва разведка амалдорларининг кўплаб ҳисоботлари» таъсири остида қабул қилган.

«АҚШ фуқаролари бошлари устидаги осмонда нималар бўлаётганини билиш ҳуқуқига эга», деган истеъфодаги разведкачи ва Пентагон ҳақиқатан ҳам бир неча ўн йилдан бери НУЖ қулаган жойлардан топилган объектларни ўрганаётганини қўшимча қилган.

Конгресс эшитувида Грашдан Пентагоннинг яна икки фахрий хизматчиси гувоҳ сифатида чиқиш қилди. Фото: Reuters

Конгрессмен Марк Гарсиянинг «гувоҳнинг АҚШ ҳукумати ердан ташқарида пайдо бўлган артефактларга эгалигига ишончи комилми?» дея берилган саволига Граш «Охирги тўрт йил ичида гаплашган қирққа яқин одамлар билан суҳбатлар асосида мутлақ ишончим комил» дея жавоб қайтарган.

Кейинроқ Граш у хизмат сабаб ердан ташқаридаги цивилизацияларга тегишли объектларни ўрганиш билан бевосита шуғулланувчи ҳокимият вакиллари билан суҳбатлашганини айтган.

Рассом НУЖ қулаган жойни шундай тасвирлаган. Фото: Getty Images

Граш, унга махфий маълумотларни очиқлаш истаги сабаб таҳдидлар бўлгани ҳақидаги саволга тасдиқ маъносида жавоб берган.

Унинг сўзларига кўра, илгари ўзга сайёраликлар ёки ердан ташқари технологиялар ҳақида омма олдида гапиришга журъат этган ҳарбий хизматчиларни одатда «шафқатсиз қасос» таъқиб қилган.

Ҳақиқат яқин атрофдими?

Пентагон Грашнинг шов-шувли баёнотига тайёр эди.

Вазирлик матбуот котиби Стю Граф томонидан зудлик билан тарқатилган баёнотда, вазирликдагилар Грашнинг кўрсатмаларини синчковлик билан ўрганиб чиқишгани ва «ҳозир ҳам, ўтмишда ҳам ердан ташқари келиб чиқишга эга материаллар билан боғлиқ яширин ҳукумат дастурлари мавжудлигини тасдиқловчи ҳеч қандай текширилган маълумотлар» топмаганликлари таъкидланган.

Республикачилар ва демократлар Конгрессда ягона фронтда туриб чиқиш қилиши камдан кам кузатилади. НУЖ бўйича эшитувлар – шундай ҳолатлардан бири бўлмоқда. Фото: Getty Images

Дэвид Грашдан ташқари Пентагон ходими бўлган яна икки гувоҳ (бири нафақадаги) Конгресс қўмитаси тингловида сўзга чиқди.

Бу уч маърузачи конгрессменларга ўзга сайёраликлар билан алоқалар борасидаги шахсий тажрибаларини бўлишган ва қонунчиларнинг саволларига маълумотлар махфийлигининг рухсат этилган даражасида жавоб берган.

Тингловда сўзга чиққанлар, берилган саволни очиқ муҳокама қилиш ҳуқуқига эга эмасликлари, аммо ёпиқ эшиклар ортида батафсил жавоб беришга тайёрликларини таъкидлаган.

Ушбу мавзу бўйича ўтказилган сўнгги сўровномаларга қараганда, америкаликларнинг учдан икки қисмидан кўпроғи ҳукумат ростдан ҳам ўзга сайёраликлар ҳақидаги ҳақиқатни жамоатчиликдан яширмоқда, деб ҳисоблайди.

Марк Гарсиянинг сўзларига кўра, маълумотларни кенг жамоатчиликдан сир сақлашда Пентагонга кўплаб америкалик ҳарбий хизматчилар бу сферани ҳалигача ўраб турган стигма (шармандалик ёрлиғи) туфайли НУЖлар билан ўз алоқалари ҳақида хабар беришдан қўрқиши факти катта ёрдам беради.

«Саволлар беришдан қўрқмаслик керак. Ҳақиқатдан қўрқмаслик керак», деган Гарсия армия қўмондонлигини янада очиқроқ бўлишга чақириб.

Мавзуга оид