Жаҳон | 19:09 / 31.07.2023
38948
22 дақиқада ўқилади

Фақатгина атом бомбаси «отаси» эмас. Оппенҳеймер аслида ким эди?

Яқинда режиссёр Кристофер Ноланнинг «Оппенҳеймер» биографик филми бутун дунё бўйлаб премьера қилинди. Атом бомбасини яратиш бўйича Манҳеттен лойиҳаси раҳбари Роберт Оппенҳеймернинг хақиқий тарихи, ҳаёт йўли қандай кечганди?

Фото: Getty Images

1945 йил 16 июл куни эрта тонгда Роберт Оппенҳеймер бункерда дунёни ўзгартирадиган лаҳзани кутаётганди. Бункердан тахминан 10 км узоқликда, АҚШнинг Ню-Мехико штатидаги Жорнада дел Муэрто чўлидаги қумликларда, Trinity код номи билан номланган дунёдаги биринчи атом бомбаси синови бошланиши керак эди.

Оппенҳеймер асаб тизими бузилиши ёқасида эди. У ҳар доим келишган бўлган, лекин уч йил давомида лойиҳани бошқаргандан сўнг, унинг вазни деярли 52 килограммгача тушиб кетган. Бу вазн 178 сантиметрлик бўй билан уни жуда озғин кўрсатган. Ўша кечаси у бор-йўғи тўрт соат ухлаган, тревога ва чекувчи инсоннинг йўтали унга дам олишга халақит берган.

Оппенҳеймер ҳаётидаги бу бурилиш нуқтаси тарихчилар Кай Берд ва Мартин Шервин томонидан «Америка Прометейи» биографик китобида тасвирланган, Ноланнинг кинокартинаси ҳам ушбу китобга асосланган.

Берд ва Шервиннинг ёзишича, бомбани ишга туширишдан олдинги тескари ҳисобнинг сўнгги дақиқаларида АҚШ армияси генерали Оппенҳеймерни диққат билан кузатган. «Сўнгги сониялар ўтган сайин доктор Оппенҳеймер (…) қаттиқ асабийлашди. У деярли нафас олмаётган эди», деган генерал.

Чақнаш қуёшни хира қилди. 21 килотонна қувватга эга портлаш ўша пайтда тарихдаги энг кучли портлаш бўлди. Портлаш тўлқини эпимарказдан 160 км узоқликда ҳам сезилган. Ер бўйлаб гумбурлаган шовқин тарқалиб, қўзиқорин (ёхуд ядро) булути осмонга кўтарилгач, Оппенҳеймернинг юзида «ақл бовар қилмайдиган енгиллик» пайдо бўлган.

«Мен унинг юришини ҳеч қачон унутмайман, унинг машинадан қандай тушганини ҳеч қачон унутмайман. У «Пешин» филмидаги қаҳрамон каби ғолиблар услубида юрди, у ўз мақсадига эришди», дейди портлашдан бир неча дақиқа ўтгач Оппенҳеймерни узоқдан кузатган унинг дўсти ва ҳамкасби Исидор Раби.

1960-йилларда берган бир қатор интервюларида Оппенҳеймер ўзига янада кўпроқ обрў тўплашга қарор қилган ва портлашдан сўнг унинг хаёлига дарҳол «Бҳагавадгита» достонидан бир иқтибос келганини айтган: «Энди мен дунёларни вайрон қилувчи ўлимга айландим».

1945 йилда синовдан ўтказилган Trinity ядровий қурилмаси лойиҳаси

Дўстларининг айтишича, Оппенҳеймер кейинги кунларда тобора кўпроқ тушкунликка тушиб борган. «Ўша икки ҳафта ичида Роберт жуда камгап ва ўйчан бўлиб қолди. У нима юз беришини билар эди», дейди улардан бири.

Бир куни эрталаб у «бу бечора кичкина одамлар», японларнинг муқаррар тақдири ҳақида қайғура бошлади. Аммо бир неча кундан кейин у диққатини жамлади ва яна асабий ва талабчан бўлди.

Ҳарбийлар билан учрашувда Оппенҳеймер «бечора кичкина одамлар»ни, афтидан, бутунлай унутган. Бунинг ўрнига, Берд ва Шервин ёзганидек, бомба ташлаш учун тўғри шароитларни танлаш муҳимлигига бор эътиборини қаратган.

«Албатта, уни ёмғир ёки туманда ташлаш мумкин эмас (...) Уни жуда баландда портлатишларига йўл қўйманг, акс ҳолда нишонга етарлича шикаст етказилмайди», деган Оппенҳеймер.

Бир ойдан камроқ вақт ўтгач, Оппенҳеймер Ҳиросиманинг муваффақиятли портлатилишини ўз ҳамкасбларига эълон қилган ва ўша ерда бўлган кузатувчиларидан бири Оппенҳеймер «қўлини мушт қилиб, ғалаба қозонган жангчи каби боши узра кўтаргани»ни айтган.

Фото: UNIVERSAL PICTURES

Оппенҳеймер Манҳеттен лойиҳасининг эмоционал ва интеллектуал юраги эди ва айнан у атом бомбасини ҳақиқатга айлантирди.

«Агар Оппенҳеймер Лос-Аламос лабораторияси директори бўлмаганида, ишончим комилки, Иккинчи жаҳон уруши яхши ёки ёмонми, ядро қуроли ишлатилмай тугаган бўларди», дея ёзган урушдан кейин Оппенҳеймер билан бирга ишлаган Жереми Бернштейн ўзининг «Oppenheimer: Portrait of an Enigma» китобида.

Ўз меҳнати мевасини кузатган Оппенҳеймернинг бундай турли реакциялари (ҳали уларнинг қанчалик тез ўзгарганини айтмаса ҳам бўлади) жуда ғалати кўриниши мумкин.

Бир инсонда асабий заифлик, шуҳратпарастлик, улуғворлик ва оғриқли ғамгинлик қандай уйғунлашиши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин, айниқса у ядро лойиҳасида ўйнаган асосий ролни ҳисобга олган ҳолда.

Оппенҳеймер 1904 йилда Ню-Йоркда, Германиядан келган яҳудий муҳожирларнинг биринчи авлоди оиласида туғилган. Оила тўқимачилик савдоси орқали бойлик орттирган.

Улар Манҳеттеннинг нуфузли Юқори Вест-Сайд туманидаги кенг квартираларда яшар эди. Оила уйида уч хизматкор ва ҳайдовчи бор эди, деворларга европалик рассомларнинг картиналари осилганди.

Болаликдаги дўстларининг хотираларига кўра, бу ҳашаматга қарамай Оппенҳеймер умуман камтар ва жуда сахий бола бўлган.

Унинг мактабдаги дўсти Жейн Дидишаймнинг сўзларига кўра, Роберт «бироз қизарган, кичкина, қизғиш ёноқли, жуда уятчан, лекин айни пайтда анча ақлли» бўлган.

«Ҳамма унинг бошқалардан ажралиб туриши ва барчадан устун эканини жуда тез тан олди», дейди у.

Оппенҳеймер тўққиз ёшида юнон ва рим файласуфларини асл нусхада ўқиган ва минералогия билан шуғулланган. У Марказий хиёбон атрофида айланган ва Ню-Йорк минералогик клубига ўз топилмалари ҳақида хабар бериб, хатлар ёзган.

Ушбу мактубларда у ўзини шунчалик қобилиятли кўрсатдики, клуб уни катта олим сифатида қабул қилади ва маъруза ўқишга таклиф этади.

Берд ва Шервиннинг ёзишича, бундай ривожланган интеллект ёш Оппенҳеймерни қисман ёлғизликка маҳкум қилади.

«У одатда ўша пайтда қилаётган юмуши ёки устида ўйлаётган иши билан жуда банд бўлар эди», деб эслайди унинг дўстларидан бири.

Оппенҳеймерга унинг ёшидаги йигитлар одатда нима билан шуғулланиши қизиқ эмасди, у спортни яхши кўрмаган ва амакиваччасининг эслашича, «Оппенҳеймер бошқа йигитларга ўхшамагани учун уни тез-тез масхара ва калака қилишган».

Аммо Робертнинг ота-онаси унинг ақлли эканига мутлақ ишонган.

Оппенҳеймер Ҳарвард университетидаги кимё факултетида ўқиш учун уйини тарк этгач, унинг бутун психологик заифлиги ошкор бўлди. Унинг қаттиқ такаббурлиги ва яхши ниқобланмаган таъсирчанлиги, афтидан, унга ёмон хизмат қилган.

«Мен қаттиқ ишлайман ва сон-саноқсиз диссертациялар, эслатмалар, шеърлар, ҳикоялар ва бошқа кераксиз нарсаларни ёзаман... Мен уч хил лабораторияда ҳидланиб, чой тарқатаман ва бир нечта адашган қалблар билан суҳбатлашаман, дам олиш кунлари паст даражадаги энергияни кулгига алмаштираман, юнонча китоблар ўқийман, режалаштирилмаган ишлар қиламан, иш столимдан хат излайман ва ўлишни хоҳлайман. Вуаля», деб ёзган Оппенҳеймер 1923 йилдаги мактубларидан бирида.

Филмда Оппенҳеймер ролини ирландиялик актёр Киллиан Мёрфи ўйнаган.
Фото: UNIVERSAL PICTURES

Ушбу тўпламдаги бошқа хатлардан маълум бўлишича, худди шу муаммолар Оппенҳаймерни аспирантурани давом эттирган Кембриж университетида ҳам тарк этмаган. Унинг устози шогирди лабораторияда амалий ишлар билан шуғулланишини хоҳларди, аммо бу Оппенҳеймернинг заиф томони эди.

«Менга қийналяпман. Лаборатория иши даҳшатли даражада зерикарли ва мен бу ишда шунчалик нўноқманки, мен ниманидир ўрганаётганимни ҳис қилишим мумкин эмас», дея ёзган Роберт 1925 йилда.

Бу руҳий ҳолат Оппенҳеймерни, ўқитувчиси столида лаборатория кимёвий моддалари билан заҳарланган олма қолдирганида сал қолса муаммога дучор қиларди. Кейинчалик дўстлари уни ўша пайтда ҳасад ва ожизлик ҳиссиётлари бошқарган дея тахмин қилган.

Ўқитувчи олмани емаган, лекин Оппенҳеймернинг Кембриждаги ўрни хавф остида қолган ва у психиатрга бориш шарти билангина ўз жойини сақлаб қолиши мумкин эди. Психиатр унга психоз ташхисини қўяди ва даволаниш фойда келтирмаслигини айтади.

Оппенҳеймер кейинчалик, ўз ҳаётининг ушбу даврини эслаб, Рождество байрамида ўз жонига қасд қилиш ҳақида жиддий ўйлаганини айтган.

Кейинги йили Парижга ташрифи чоғида унинг яқин дўсти Френсис Фергюсон Оппенҳеймерга ўз севгилисига турмуш қуришни таклиф қилганини айтган. Бунга жавобан Оппенҳеймер дўстини бўғишга ҳаракат қилган.

«У менга орқадан чамадон камари билан ташланди ва уни бўйнимдан ўраб олди... Мен сиртмоқда чиқишга муваффақ бўлдим, у эса ерга йиқилиб, йиғлаб юборди», дейди Френсис.

Психиатрлар ҳам кучсизлик қилган жойда адабиёт ёрдамга келади.

Берд ва Шервиннинг сўзларига кўра, Оппенҳеймер Корсикада ҳайкинг (пиёда туризми) қилиб юрган вақтда Марсел Прустнинг «Йўқотилган йилларни қидириб» асарини ўқиган ва унда ўзининг руҳий ҳолати аксини топган, бу эса уни тинчлантириб, мавжуд бўлишнинг янада осонроқ йўли ойнасини очган.

Оппенҳеймер китобдан «Сен келтираётган азоб-уқубатларга бефарқлик — бу шафқатсизликнинг даҳшатли ва ўзгармас шаклидир» деган парчани ёд олди.

Ўшандан кейин азоб-уқубатларга муносабат масаласи уни доимо ташвишга солиб, Оппенҳеймернинг бутун ҳаёти давомида маънавий ва фалсафий матнларга бўлган қизиқишини кучайтирди ва охир-оқибат унинг репутациясини белгилаб берган ишда муҳим рол ўйнади.

Унинг таътил вақтида дўстларига айтган сўзларини башорат деб ҳисоблаш мумкин: «Мен энг кўп, кўплаб ишларда ғайриоддий устаси фаранг бўлувчи, лекин айни пайтда кўз ёшларга тўла юзни сақлаб қолувчи инсонлардан завқланаман».

Оппенҳеймер Англияга анча яхши кайфиятда қайтади ва ўзини кейинчалик эслаганидек, «жуда меҳрибон ва бағрикенгроқ» ​​ҳис қилади. 1926 йил бошида у Геттинген университети қошидаги Назарий физика институти директори билан учрашади, у Оппенҳеймернинг истеъдодига ишонч ҳосил қилади ва уни Германияга ўқишга таклиф этади.

Кейинчалик ўз мактубларида Оппенҳеймер 1926 йилни «физикага кирган» йили ва ҳаётидаги бурилиш даври деб атаган. Кейинги йили у фалсафа фанлари доктори даражасини олади ва назарий физикани ривожлантирувчи илмий жамоанинг бир қисмига айланади.

Оппенҳеймер бу ерда кейинчалик унинг бир умрлик дўстларига айланган кўплаб олимлар билан танишади. Уларнинг кўпчилиги вақт ўтиб, Лос-Аламосдаги Оппенҳеймер лойиҳасига қўшилган.

Оппенҳеймер тўхтовсиз нимадир ўқирди – поэзиядан тортиб шарқ фалсафасигача

Америкага қайтгач, Оппенҳеймер Ҳарвардда бир неча ойни ўтказади, шундан сўнг у физика билан шуғулланишни давом эттириш учун Калифорнияга кўчиб ўтади. Унинг мактубларининг оҳанги анча тинчланади. Уларда Оппенҳеймер укасига романтик муносабатлар ва санъатга қизиқиш ҳақида гапириб берган.

Берклидаги Калифорния университетида у космик нурлар ва ядро парчаланишини ўрганиш натижаларини таҳлил қилиб, тажрибачилар билан яқиндан ҳамкорлик қилади.

Кейинчалик Оппенҳеймер «гап нима ҳақида кетаётганини тушунган ягона одам» ўзи эканини қандай аниқлаганини айтган. Охир-оқибат у яратган илмий бўлим, ўз сўзлари билан айтганда, у жуда яхши кўрган назарияни тушунтириш учун зарур эди.

«Аввалига профессор-ўқитувчилар, ходимлар ва ҳамкасбларга, сўнгра эса нима ўргангани ва ҳал қилинмаган муаммолар нимага боғлиқлигини эшитувчи барчага тушунтириш керак», деган Оппенҳеймер.

У дастлаб ўзини «мураккаб» ўқитувчи деб таърифлаган, аммо айнан шу ролда Оппенҳеймер Y лойиҳасида ишлаган вақтида унга ёрдам берган харизмани яхшилаган.

Оппенҳеймернинг ҳамкасбларидан бири унинг шогирдлари «қўлларидан келганча унга тақлид қилишга уринганликлари»ни эслайди. «Улар унинг имо-ишораларини, хулқ-атворини, интонацияларини ўзларига кўчирган. У ҳақиқатан ҳам уларнинг ҳаётига таъсир қилди», дейди у.

1930-йиллар бошларида, унинг академик карьераси ривожланган пайтда, Оппенҳеймер ҳуманитар фанлар билан шуғулланишда давом этади. Айнан ўша пайтда у ўзи учун қадимги ҳинд эпосини кашф этади ва «Бҳагавадгита»ни асл нусхада ўқиш учун санскрит тилини ўрганади, ҳамда кейинчалик шу китобдан ўзининг машҳур иқтибосини келтиради.

Афтидан, унинг қизиқиши фақатгина интеллектуал эмас эди. Бу Оппенҳеймер Прустни ўқиб чиққандан кейин ўзига ёзиб берган библиотерапиянинг давоми эди.

Филмнинг Лондондаги премераси. Фото: Getty Images

Аристократик оиланинг икки тармоғи ўртасидаги уруш ҳақида ҳикоя қилувчи «Бҳагавадгита» достони Оппенҳеймерга атом бомбаси лойиҳаси устида ишлаётганда дуч келган ахлоқий дилеммага нисбатан қўллаш мумкин бўлган фалсафий асосни берди.

Достонда бурч, тақдир ва натижадан озод бўлиш ҳақида сўз юритилиб, «оқибатлардан қўрқиш ҳаракатсизлик учун баҳона бўла олмаслиги» таъкидланган.

Оппенҳеймер 1932 йилда укасига ёзган мактубида «Бҳавадгита»га ҳавола қилган ҳолда, урушни бундай фалсафани амалиётга татбиқ этишга имкон берувчи ҳолатлардан бири сифатида тилга олади.

«Мен интизом орқали тинчликка эришишимиз мумкинлигига ишонаман, мен интизом орқали биз бахтимиз учун зарур бўлган нарсаларни жуда ёқимсиз шароитларда сақлаб қолишни ўрганишимизга ишонаман. Шунинг учун, менимча, тартиб-интизомни талаб қиладиган ҳамма нарса: ўқиш, халқ ва давлат олдидаги бурчларимиз, уруш (…) биз томондан чуқур миннатдорчилик билан қабул қилиниши керак, чунки фақат шу йўл билан биз энг кам йўқотишга эришишимиз мумкин ва фақат шу йўл билангина биз тинчликни англашимиз мумкин», деган Оппенҳеймер.

1930-йиллар ўрталарида Оппенҳеймер шифокор ва психиатр Жин Тетлок билан учрашади ва уни севиб қолади.

Берд ва Шервиннинг қайд этишича, Жин характерининг мураккаблиги жиҳатдан Оппенҳеймер билан тўлиқ рақобатлашиши мумкин. Роберт бир неча бор унга турмуш қуришни таклиф қилади, лекин ҳар сафар рад жавобини олади.

Айнан Жин Оппенҳеймерни Жон Доннинг радикал сиёсий назариялари ва шеърияти билан таништиради. Оппенҳеймер 1940 йилда биолог Кетрин Ҳаррисонга уйланганидан кейин ҳам улар вақти-вақти билан учрашишда давом этади.

Ҳаррисон кейинроқ Манҳеттен лойиҳасига флеботомист сифатида қўшилади ва нурланишнинг инсон қонига таъсирини ўрганади.

Оппенҳеймер оиласи билан таътилда. У биолог Кэтрин Ҳаррисонга уйланган ва уни ҳам лойиҳага олган

1939 йилда ядровий таҳдид сиёсатчилардан кўра физикларни кўпроқ ташвишга солган. Ва Алберт Эйнштейн ўз мактубида Америка ҳукуматига бу хавфни биринчи бўлиб етказади.

Реакция жуда секин бўлади, аммо илмий ҳамжамиятда кучайиб бораётган ташвиш ниҳоят президентни ҳаракат қилишга мажбур қилади.

Оппенҳеймер мамлакатнинг энг кўзга кўринган физикларидан бири сифатида ядро қуролининг имкониятларини синчиклаб ўрганиш вазифаси топширилган олимлар қаторига киради.

1942 йил сентябрига келиб, қисман Оппенҳеймер гуруҳининг саъй-ҳаракатлари туфайли, принципиал жиҳатдан бомбани яратиш мумкинлиги маълум бўлади ва уни яратиш бўйича аниқ режалар шакллантирила бошланади.

Берд ва Шервиннинг сўзларига кўра, Оппенҳеймер унинг номзоди лойиҳанинг эҳтимолий раҳбари сифатида кўрилаётганини билгач, унинг ўзи бунга тайёргарлик кўра бошлайди.

«Мен коммунистлар билан барча алоқаларимни уздим. Агар шундай қилмасам, ҳукумат мендан фойдаланиши қийин бўлади ва мен мамлакатга фойда келтиришимга нимадир тўсқинлик қилишини хоҳламайман», деган Оппенҳеймер.

«Оппенҳеймернинг муаммоси шундаки, у уни ёқтирмайдиган нарсани — АҚШ ҳукуматини ёқтиради», деган Алберт Эйнштейн.

Бироқ, ватанпарварлик ва ҳукуматни хурсанд қилиш истаги унга танлов берилганда муҳим рол ўйнади. Атом бомбаси лойиҳасининг илмий раҳбарини танлаш лойиҳанинг ҳарбий раҳбари генерал Лесли Гровеснинг зиммасига тушган.

Генералнинг 2002 йилда нашр этилган биографиясидан маълум бўлишича, унинг таклиф қилган номзоди эътирозларга сабаб бўлган. Асосий эътироз Оппенҳеймернинг «ўта либерал қарашлари»га нисбатан эди.

Генерал Гровес Оппенҳеймернинг ижобий жиҳатлари сифатида нафақат унинг истеъдоди ва билимини, балки «ҳаддан ташқари шуҳратпарастлиги»ни ҳам келтиради.

«Мен у нафақат ўз ишига содиқлигига, балки топшириқнинг муваффақиятли бажарилишига нимадир халақит беришига йўл қўймаслигига ва фан тарихида ўз ўрнини эгаллашига амин бўлдим», деган генерал.

Ричард Родснинг «Атом бомбасини яратиш» китобида, Исидор Раби дастлаб ўз дўстининг лойиҳага илмий директор этиб тайинланишини ақл бовар қилмайдиган иш деб атагани, бироқ кейинчалик бу «генерал Гровеснинг чинакам ажойиб юриши» бўлганини тан олгани ёзилган.

Роберт Оппенҳеймер ва генерал Лесли Гровс синовлар вақтида бомба ўрнатилган пўлат минорадан қолган барча нарсани ўрганишган

Лос-Аламос лабораториясида Оппенҳеймер турли фанлараро соҳалардан олинган ўзининг қарама-қарши тамойилларини амалда қўллади.

Физик Отто Фришнинг 1979 йилда ёзилган автобиографиясида, Оппенҳеймер лабораторияга нафақат олимларни, балки «рассом, файласуф ва бошқа бир қанча ноодатий одамлар»ни ҳам жалб қилгани айтилган.

«Унинг фикрича, ҳар қандай цивилизацион жамоа бу одамларсиз тўлиқ бўлмайди», деб ёзган Фриш.

Урушдан кейин Оппенҳеймернинг кайфияти афтидан, ўзгарган. У ядро қуролини «агрессия ва террор» воситаси, қурол саноатини эса «шайтоний соҳа» деб атайди. 1945 йил октябрдаги учрашувлардан бирида у АҚШ президенти Ҳарри Труменга шундай деган: «Мен қўлларимда қон борлигини ҳис қиламан».

«Мен унга қон менинг қўлларимдалиги ва бу менинг ташвишим эканини айтдим», деган президент.

Бомбани ишлаб чиқиш жараёнида Оппенҳеймер ўзининг ва ҳамкасбларининг ахлоқий иккиланишларини тинчлантириш учун худди шундай далилдан фойдаланган.

У ҳамкасбларига улар олим сифатида қуролдан қандай фойдаланиш кераклиги бўйича қарор қабул қилишда ҳеч қандай масъулиятни ўз зиммасига олмаслигини, балки фақат ўз вазифаларини бажариш учун жавобгар эканини айтади. Агар қон тўкилса, унда у сиёсатчилар қўлида бўлади.

Бироқ, бу иш амал оширилгач, Оппенҳеймернинг ишончи вайрон бўлади.

Режиссёр Кристофер Нолан филм съёмкаси вақтида

Берд ва Шервиннинг ёзишича, урушдан кейинги йилларда АҚШ Атом энергияси бўйича комиссия аъзоси сифатида Оппенҳеймер янги турдаги қуролларни, шу жумладан кучлироқ водород бомбасини яратишга қарши чиққан.

Натижада, 1954 йилда Оппенҳеймерга қарши ҳукумат текшируви ўтказилади, у давлат сирларига кириш ҳуқуқини йўқотади ва ортиқ сиёсий қарорлар қабул қилишда иштирок эта олмайди.

Академик ҳамжамият унинг ҳимоясига чиқади.

«У хатоларга йўл қўйди ва улардан бири хавфсизлик нуқтайи назаридан жуда жиддий эди. Аммо садоқатсизлик ёки хиёнат деб ҳисобланиши мумкин бўлган ҳеч қандай далил йўқ эди ... Олимлар фожиали дилеммага дуч келди», деб ёзади файласуф Бертран Расселл 1955 йилда New Republic нашридаги мақоласида.

1963 йилда АҚШ ҳукумати сиёсий реабилитация белгиси сифатида Оппенҳеймерни Энрико Ферми мукофоти билан тақдирлайди, аммо 1954 йилги махфий маълумотларга кириш ҳуқуқини бекор қилиш қарори фақатгина унинг ўлимидан 55 йил ўтгач, 2022 йилда бекор қилинди.

Оппенҳеймер ҳаётининг сўнгги 20 йилида Ню-Жерси штатининг Принстон шаҳридаги Асосий тадқиқотлар институти директори бўлиб ишлади. Бу ерда у билан Алберт Эйнштейн ва бошқа таниқли физиклар бирга ишлаган.

Оппенҳеймер атом бомбасининг техник ютуқлари билан фахрланар ва айни пайтда, унинг қўлланиши оқибатларида ўзини айбдор ҳис қиларди. Шу билан бирга, у бир неча бор бомба пайдо бўлиши муқаррар эканини айтган.

Алберт Эйнштейн ва Роберт Оппенҳеймер

Оппенҳеймер ҳатто ўз лойиҳасининг энг чўққисида ҳам 1920-йилларда айтган «йиғлаётган юз»ни сақлаб қолди.

У атом бомбасини синов номи бўлмиш Trinity («Учлик») номини Жон Доннинг «Юрагимга ур, уч юзли Худо!» шеъридан олганди.

Уни Жон Доннинг санъати билан таништирган Жин Тетлок синов жараёнларидан бир йил олдин ўз жонига қасд қилади.

Бен Платтс-Миллс ишлаган Оппенҳеймер портрети

Бомба лойиҳаси Оппенҳеймернинг тасаввурида севги ва фожиа билан ўралганди.

Бомба нафақат илмий изланишлар натижаси, балки Оппенҳеймернинг ўз тасаввурининг маҳсули ҳам бўлди.

Роберт Оппенҳеймер ёшлигидан ашаддий кашанда эди, бутун умри давомида сил касаллигидан азият чеккан ва 1967 йилда, 62 ёшида томоқ саратонидан вафот этган.

Ўлимидан икки йил олдин у илм-фан ва шеърият ўртасидаги фарқни жуда аниқлик билан ифодалаган. Шеъриятдан фарқли ўлароқ, «фан — бу бир хил хатоларни такрорламасликни ўргатади», деган олим.

Мавзуга оид