Ўзбекистон | 11:53 / 31.07.2023
10837
2 дақиқада ўқилади

Навоий шаҳри яна тутун ичида қолди. Бу сафар чиқинди полигони ёниб кетди

Оҳак цехларида кўмир ёқилиши сабаб атмосфераси бузилган Навоий шаҳри яна тутун ичида қолди: Кармана туманидаги қаттиқ маиший чиқиндилар жойлаштириш полигони ёниб кетди. «Бережливост» МЧЖга қарашли мазкур чиқинди полигонида 3 ой олдин ҳам ёнғин чиққанди.

Фото: Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Навоий вилояти Кармана туманидаги чиқинди полигонида ёнғин содир бўлди.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, 30 июл куни соат 14:20лар атрофида Кармана тумани “Янги ариқ” МФЙ ҳудудида жойлашган «Бережливост» хусусий ишлаб чиқариш корхонасига тегишли қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш полигонида ёнғин келиб чиққан. Ҳолат шу куннинг ўзида Навоий вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси давлат инспекторлари, ИИБ, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида воқеа жойига бориб ўрганилган.

Шу куннинг ўзида ёнғинни ўчиришга 50 та турли техникалар ҳамда 150 нафар ходимлар сафарбар қилинган ҳамда ўчириш ва чиқиндиларни тўлиқ кўмиш ишлари ҳозир ҳам давом этмоқда.

Фото: Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати
Фото: Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

«Бережливост» хусусий ишлаб чиқариш корхонасига тегишли мазкур чиқинди полигонида жорий йил апрел ойи охирида ҳамда 2021 йил 19 июн куни ҳам ёнғин содир бўлганди.

Kun.uz олдинроқ Навоий шаҳри ҳавосининг ифлослик даражаси ортиб кетгани ва бунга шаҳар четидаги оҳак ишлаб чиқариш цехларининг кўмирга ўтказилгани сабаб бўлгани ҳақида суриштирув эълон қилганди. Kun.uz танқидидан сўнг вилоят ҳокими Нормат Турсунов ва сектор раҳбарлари масалани жойига бориб ўрганди. Аммо ҳолат тўлиқ бартараф қилинмади: таҳририят манбасига кўра, айрим оҳак цехлари ҳамон тунги пайтларда ўз фаолиятини давом эттирмоқда ва бу шаҳар атмосферасига катта зарар етказяпти.

Мавзуга оид