Ўзбекистон | 12:13 / 01.08.2023
22730
10 дақиқада ўқилади

Болшевиклар мероси: одам ва иқтисодиётга нисбатан советча муносабат Зойир Мирзаев мисолида

Советлар мамлакатининг 70 йиллик тарихи – инсониятга аталган катта ишора: тотал бошқарув ва мажбурлов остида на инсоннинг, на иқтисодиётнинг потенциали юзага чиқади. Якка истиснолар эса умумий ривожланишни таъминлаб беролмайди ва иқтисодий нопрагматизм бир кун келиб иқтисодий таназзулни келтириб чиқаради. Иқтисодий-ижтимоий ривожланишни фақат ҳуқуқ устуворлиги билан чекланган эркинлик таъминлар экан – бу исботини топиб бўлди.

Эскирган услублар, эскирган ёндашувлар ҳақида сўз юритишда давом этамиз.

Зойир Мирзаев – фермерларни ариққа тиқиб қўйгани воқеаси билан машҳур бўлган ҳоким. Ҳозир Тошкент вилоятини бошқаряпти. Унинг ишлаш услуби ҳам аввалги қаҳрамонимиз – Шуҳрат Ғаниевники каби.

Бу ерда ҳам биз инсонларга нисбатан ўзига хос бир муносабатни, яъни гўё инсон бу бир жонивор-у, уни албатта уриб-сўкиб мажбурламасангиз, ишламайди. Яъни бу ерда ҳазрати Инсондан буюк неъмат бўлмиш – онг тортиб олинади, гўё инсонни яратган Зот уни юксак онг билан неъматламаган.

Инсонни қуйи мақомга тушириб, фақат мажбурлаш оқибатида, инсоният бошига улкан офатлар ёғилган. Буларни тарих ўз саҳифаларида муҳрлаган, хулоса қилиш, дарс олиш қолди, холос.

Ғаниев-Мирзаевлар ўша – нотўғри, яшаб қололмаган ва яшаб қолмаслиги аниқ бўлган, Инсоннинг буюклигини тортиб олишга уринган мафкура тарбияланувчилари. Қурбонлари десак ҳам бўлади.

Мана бир мисол. Тошкент вилоятида фермер Бекзод Ширанов муваффақиятли фаолият юритаётган эди. Кейин бу ҳудудда янги массив қурилиши режалаштирилди. Зойир Мирзаевнинг топшириғи билан янги массив – фаолият юритиб келаётган фермернинг ерида қурила бошланган.  

Фермер судга даъво киритган, тортишув кетяпти, аммо ноқонуний қурилиш давом этяпти.

Иш судларда кўрилмоқда

2022 йил 4 ноябрда Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги Оҳангарон туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритган. Суднинг 2023 йил 10 апрелдаги қарори билан Пискент туман ҳокимлиги ва Иноятов Бекзод Иноятович фермер хўжалиги ўртасида 2019 йил 15 февралда тузилган ер участкасини узоқ муддатга ижарага олиш тўғрисидаги шартнома бекор қилиниб, “Намуна” ҳудудидаги жами 36,61 гектар ер майдони давлат захирасига қайтарилиши белгиланган.

2023 йил 13 июн куни апелляция инстанцияси – Тошкент вилояти суди иқтисодий ишлар буйича судлов хайъатининг қарорига асосан, Оҳангарон туманлараро судининг қарори бекор қилинган. Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги апелляция инстанцияси қарори устидан кассация тартибида Олий судга шикоят киритган.

16 июн куни даъво предмети ўзгартирилган ҳолда Пскент шаҳар ҳокимлиги томонидан Оҳангарон туманлараро иқтисодий судига мурожаат қилинган. Суд ҳокимлик ва фермер ўртасидаги ижара шартномасини бекор қилган. Лекин фермер бу ижара шартномаси кучда эмаслиги, ерга ижара ҳуқуқини аукционда ютиб олганини айтмоқда.

Сирли кузатув

Қурилиш жойини бориб кўрдик, масъуллар билан гаплашдик. Дарвоқе, суриштирув давомида биз кузатувда бўлдик – бир неча жойда номаълум шахслар бизни телефони камерасида тасвирга олиб туришди.

Вилоят ҳокимлигида масъуллар вазиятдан ҳайрон эканликларини билдиришди, аммо камерага гапиришмади.

Ҳолатни иҳота қилиш – фермерни бошқа ер майдони билан таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимининг матбуот котиби Бекзод Қобулов бизни (фермер ва журналистларни) Пискент тумани ҳокимлигига олиб борди. Биз кўчада кутиб туришимиз кераклиги айтилди. Фермер ва Б.Қобулов Пискент ҳокими билан суҳбат қилишга ҳокимиятга киришди. Кейин маълум бўлдики, суҳбат давомида Пискент ҳокими фермерга яқинда аукционга қўйилиши кутилаётган ер майдонларидан бирини ютиб олишга ҳаракат қилишини мумкинлигини айтган. Табиийки, фермерга бу таклиф маъқул келмаган.

Фермер Бекзод Ширановни эшитамиз

— 16 йилдан бери фермерлик билан шуғулланаман, асосан пахта ва ғалла экамиз. Режаларни 160-170 фоизгача бажариб келганман. Фермер хўжалигимиз балансида 19 дона замонавий техника бор.

2014 йилда туман ҳокими яна 100 гектар ерга пахта экишимни айтди. Мен ерни қонуний қилиб фермер хўжалигим номига ўтказиб беришларини сўрадим. Ўша ер бошқа фермерга тегишли бўлиб, захирага ҳам олинмаган экан. Мен рози бўлмадим бунга. Шундан кейин фермер хўжалигимни туман захирасига ўтказишди. 2014 йилнинг ўзида хўжалик судига мурожаат қилдим. Худоёр исмли судья томонидан менинг ерим ноқонуний олиб қўйилгани айтилиб, ҳоким чиқарган қарор асоссиз деб топилди. Апелляция суди ҳам уларнинг қарорини ноқонуний деб топди.

Шундан кейин 2019 йилда яна ноҳақлик бўлди. Менинг еримни ҳеч қандай хат-ҳужжатсиз, асоссиз тарзда бошқа фермер хўжалигига бериб юборишди. Ҳокимликка бориб, оғзаки мурожаат қилдим. 100 гектар ерим ўрнига 36 гектар ер беришди. Ҳали бир ой ишламасимдан туриб, ҳар хил одамлар келиб, ўзини катта олиб, бу ерга кўп қаватли уйлар, истироҳат боғи қурилишини айтиб, босим ўтказа бошлашди. Президент номига, прокуратурага ариза ёзганимдан кейин тўхташди.

2022 йил 13 сентябрга келиб, Пискент тумани ҳокимининг 622-сонли қарорига асосан 5 гектар сабзавот, 10 гектар чорва учун, жами 49 гектар ер олиб фаолиятимни давом эттиришни бошладим. Шундан кейин 2022 йилда Олмалиқ шаҳар ҳокимлигидан келиб, бу ерда Зойир Мирзаевнинг топшириғи билан Янги Ўзбекистон массиви қурилади, дейишди.

Мен уларга барча ҳужжатларимни кўрсатдим. Лекин улар “Зоир Мирзаев ерингни суд орқали олади, биз унгача қурилиш бошлаб турамиз”, дейишди. 4 ноябрда судга ариза киритишди, 2023 йил 10 апрелда бўлган суд Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги фойдасига ҳал бўлиб, ерим захирага олинди ва менинг шартномам бекор қилинди. Мен суд қароридан норози бўлиб, Тошкент вилояти судига апелляция бердим. Аппеляция суди Оҳангарон туманлараро иқтисодий суди қарорини бекор қилди.

Суд қароридан кейин қурувчиларга еримда бошлаган қурилишлари ноқонуний бўлаётганини айтдим. “Бизни ҳоким мажбур қилди, тўғри, ҳужжатимиз йўқ”, дейишди улар. Мурод исмли қурувчи келиб: “А.Икромов номидаги МФЙ ҳудудида ерни ютиб олгандим, қурилиш қилишим керак эди, лекин Зойир Мирзаев бошқа ерни кўрсатди, кадастр бўлими ер 49 йилга ижарага берилганини айтганида, Зойир Мирзаев “биз суд орқали ерни олиб берамиз, сен қурилишни қилавер”, деб айтганини билдирди. Қурувчи йигит бундай ноқонуний тарзда қурилиш қилмаслигини айтгач, уни Олмалиқ туман ички ишлар бўлимида икки кун ҳибсда сақлашган. Шундан кейин у рози бўлган. Бу гапларнинг ҳаммасини мен билан сувчи-ишчим ҳам эшитди, ҳар қандай жойда гувоҳлик бера олади.

Кейин эса ички ишлар ходими менга телефон қилиб, ерни тез бўшатиш кераклигини, қурилиш бошланиши кераклигини айтди. Мен ерга сабзавот экиб қўйгандим. Еримга келган экскаватор ҳайдовчиси ҳам “бизда ҳужжат йўқ, лекин шу ерда ишлайсан деб мажбурлашяпти”, деди.

Бу ишларнинг сабабини суриштирдим. Аслида қурилиш қилиниши керак бўлган ер “Тулпор” номли фермер хўжалигининг боғи бўлиб, 2017 йил захирага олинган. Зойир Мирзаевнинг ўзи келиб, боғни бузмаймиз, қурилиш жойини ўзгартирамиз, деб айтган. Қонунга амал қилиниши кераклиги айтилганда, ишларинг бўлмасин, судга айтамиз, давлатнинг кучини кўриб қўйсин, дебди.

Хўш, мен нима қилай? Солиқларни тўлаяпман, ёшларни иш билан таъминлаяпман, ўз ҳиссамни қўшяпман, режаларни ортиғи билан бажаряпман. Давлатнинг кучини кўрсатишса, қонунга амал қилиб кўрсатишсин.

Тадбиркорларни ҳимоя қилувчи ташкилот Омбудсманга мурожаат қилдим – фойдасиз. 2019 йилдан бери қанча меҳнат қилдим, ҳосилдорликни кўтардим. 70 центнердан ғалла олдим, 160 фоизга бажардим режани. Нега энди шунча қилган меҳнатим қаердаги оғзаки ноқонуний буйруқ остида қолиб кетса? Мана шу ишларга бош қўшганларнинг барчасига жиноий иш очилишини сўрайман. Қонунга зид тарзда тадбиркорга тўсқинлик қилиш, кўкрагидан итариш бу ишлар.

6 гектарли сувли ер майдонимга Зоминдан Бекзод, Равшан исмли йигитлар келиб, [янги массив учун] боғча қурилишини тезроқ бошлашлари кераклигини айтишди. Ҳужжат сўраганимда бирорта ҳужжат тақдим этолишмади. Қайтага милиция, прокуратурани чақириб, дўқ қилишди. Давлатнинг ери бу, боғча ҳам давлатники, суд орқали оламиз ерингизни, дейишди. Судда ютсангиз, қурилган нарсаларни бузиб, тозалаб чиқиб кетамиз, деб айтди.

Шундан кейин 12 июнда келиб қурилишни тўхтатишни, суд қарори чиққанини айтдим. Ўзлари ҳам ноқонуний қилишаётганини тан олишди.

“Давлатнинг кучи”

Бу интервюдан бир неча кун ўтиб хабар келди: фермернинг қолган экинлари ҳам экскаваторлар билан бузила бошланган:

Айтишларича, Зойир Мирзаев “давлатнинг кучини кўрсатиб қўйишимиз керак” дебди. Унинг фикрича, давлат ноқонуний ҳаракатлар билан ўз кучини кўрсатиши керак экан... Нонсенс!

Бу ҳам қаҳрамонларимиз онгида муҳрланиб қолган эски мафкура асоратлари: эсингиздами қулоқлаштириш, 37-йил? Ўшанда ҳам давлат ўз кучини кўрсатиб қўйганди. Ҳуқуқларни батамом поймол қилиш билан кўрсатган эди...

Қаҳрамонларимиз – давлат деганда айнан шуни тасаввур қилувчи “персонаж”лар, уларнинг дунёқарашида давлат фақат ҳақ-ҳуқуқларни бузиш билан ўз кучини кўрсатиши керак. Инсон эса улар учун, ҳали айтганимиздек, онгсиз, уриб-сўкилиши керак бўлган мавжудотлар.

Мадомики, тарихдан тўғри хулоса олишни бошламас эканмиз, уринишларимиз беҳуда кетаверади.

Холиқнинг буюк ижоди бўлмиш Инсондан унинг ажралмас мақомини тортиб олишга уриниш, уни онгсиз, ҳақир бир мавжудот мақомига тушириш, буйруқ ва тазйиқ билан мажбурлашга уриниш – Яратганга тўғридан тўғри қарши чиқиш. Шундан эмасми барча кўнгилсизликлар сабаби?

Шокир Шарипов

Мавзуга оид