Спорт | 13:52 / 01.08.2023
24968
9 дақиқада ўқилади

Энг арзон жамоанинг қимматбаҳо футболчиси. Шомуродовни Раньери жамоасида нималар кутмоқда?

Ёзги трансфер ойнасида ўзбекистонлик мухлислар кутган ўтиш амалга ошди – Элдор Шомуродов «Кальяри» клуби аъзосига айланди. Ушбу жамоанинг номидан ҳам кўра, клубни Клаудио Раньери бошқараётгани кўпчиликни хурсанд қилгани рост. Бу жиҳат миллий жамоамиз етакчисининг А Сериядаги омадсизликлари италиялик машҳур мутахассис қўл остида барҳам топишига умид уйғотмоқда.

Фото: Getty Images

Омадсиз кечган мавсум: Элдор «Специя»дан нега кетди?

Элдор Шомуродов «Рома» сафига ўтган 2021/22 йилги мавсумда жами 31 ўйинда 5та гол ва 4та ассист қайд этгач, клуб бош мураббийи Жозе Моуриньо ва раҳбарият 2022/23 йилги мавсум олдидан ўзбекистонлик форвардни бошқа клубга сотиб олиш шарти билан ижарага беришга қарор қилганди. Унинг ўрнини эса «Торино»дан эркин агент сифатида таклиф этилган Андреа Белотти эгаллади. Бу эса Шомуродовга таркибда ўрин қолмаганини англатарди. Аммо Рим клуби Элдорни трансфер шарти билан ижарага оладиган даъвогар жамоа топа олмагач, у қишки трансфер ойнасигача римликлар захирасида қолиб, А Серияда бор йўғи 6 ўйинда майдонга тушди.

Январь ойида эса Шомуродовни «Специя»га ярим йиллик ижарага беришга қарор қилинди. Келишувга кўра, лигада жон сақлаш учун курашаётган жамоа римликлар ҳисоб рақамига 1 миллион евро ўтказди. Аммо бу ўтиш Элдор учун муваффақият келтирмади. 28 ёшли ҳужумчи «Специя»нинг голеадори Мбала Нзола билан курашда ютқазди ва асосий таркибдаги ўрнини йўқотди. Шомуродов специяликлар сафидаги ярим мавсумда 16 ўйинда бор йўғи битта голга муаллифлик қилди ва якунда жамоани В Серияга тушиб кетишдан қутқара олмади. «Специя» қуйи лигага тушиб кетгач эса, Шомуродовнинг таркибда қолмаслиги ва ёзда Римга қайтиши ойдинлашганди.

Фото: Getty Images

Моуриньо режаларидан четда

Ўзбекистон миллий жамоаси форварди шартномага мувофиқ, Римга қайтган бўлса-да, Моуриньонинг янги мавсум учун режаларидан ўрин олиши даргумон эди. Ҳар ҳолда аутсайдер клуб билан қуйи лигага тушиб кетган футболчини Жозе қучоқ очиб, кутиб олишини тасаввур қилиш қийин эди. Шундай ҳам бўлди.

Июль ойи бошида Жозе Моуриньо «инстаграм»даги саҳифасида янги мавсум олдидан сурат жойлаб, у ишонч билдирган таркибдаги номларни кўрсатди. 22 футболчининг исми келтирилган рўйхатда Шомуродов йўқ эди. Бу эса ҳамюртимизнинг португалиялик мутахассис режаларидан ўрин олмаганини англатарди.

Фото: Getty Images

Нега айнан «Кальяри»?

Июль ойида «Рома» Шомуродовни сотиб олиш шарти билан ижарага бериш бўйича навбатдаги таклифларни кўриб чиқа бошлади. Ўзбекистон миллий жамоаси тўпурарига дастлабки икки харидор Туркия ва Россиядан бўлди – «Галатасарой» ва «Спартак». Футболчи таклифларни рад этиб, А Серияда қолишни истаётганини маълум қилгач, унга «Лечче» ва Испаниянинг «Жирона» клуби қизиқа бошлади. Кўп ўтмай эса курашга «Кальяри» ҳам қўшилгани маълум бўлди.

Инсайдер Никола Скирага кўра, Сардиния ороли жамоасининг Шомуродовни сотиб олиш ҳуқуқи билан бир йиллик ижарага олиши ва «1+3» шаклида 2027 йилга қадар шартнома таклиф қилгани Рим клуби ва Элдорнинг шу вариантни танлашига туртки бўлган. Қолаверса, А Серия дебютантини Клаудио Раньери бошқараётгани Шомуродовнинг қарорига таъсир қилган. Ўз ўрнида Раньери ҳам ўзбек футболчисини жамоасида кўришни истаган.

Элдорнинг маошини икки клуб тўлайди 

Италиялик инсайдер ва журналист Жанлука Ди Марциога кўра, «Кальяри» Шомуродовни 9 миллион еврога сотиб олиш ҳуқуқи билан бир йилга ижарага олган. Қайд этилишича, «Рома»га Шомуродовнинг бир йиллик ижараси учун 1 миллион евро тўланади ва 2024 йилнинг ёзида «Кальяри» Элдорни 9 миллион еврога сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади. Томонлар «1+3» шаклида шартнома имзолайди. Ўзбекистонлик форварднинг ижара муддати давомидаги маошининг 50 фоизини «Кальяри» тўласа, қолган ярмини Рим клуби тўлашда давом этади. Шомуродовнинг «Рома»даги йиллик маоши 2 миллион еврони ташкил этиши хабар қилинганини инобатга олсак, клублар маош учун бир мавсумда 1 млн евродан сарфлашига тўғри келади.

«Кальяри» қандай жамоа?

Ушбу клуб 2022 йилда А Серияда 18-ўринни эгаллаб, қуйи лигага равона бўлганди. Жамоа раҳбарияти ва мухлислар мавсум ярмида клубнинг бир йилдаёқ А Серияга қайтишидан умидларини узишганди. Сабаби Фабио Ливерани мураббийлигида элитага қайтишни мақсад қилган жамоа 1-даврадан кейин қуйи лигада 14-ўринда бораётганди. Қониқарсиз натижалар сабаб Ливерани истеъфога чиқарилгач, раҳбарият ишсиз юрган Клаудио Раньери билан мавсумни якунлашга қарор қилди.

Янги йил арафасида таклиф этилган италиялик 71 ёшли «қария»дан кўп нарса кутилмаган бўлса-да, у мўъжиза ярата олди. B Серияда 14-ўринда бораётган клуб ярим йил ичида пешқадамлар сафига кўтарилиб, мавсум якунида плей-оффга йўлланма олди. Ўтиш ўйинида эса Раньери жамоаси 90+4-дақиқадаги гол эвазига «Бари»ни мағлуб (1:0) этиб, А Серияга қайтишга муяссар бўлди.

Ўйиндан кейин эса «сеньор» кўз ёшларини тия олмади. Аслида Клаудио аввал ҳам «Кальяри»ни элитага олиб чиққан, аммо бу сафарги муваффақиятнинг қадри баландроқ эди. Гап шундаки, Раньери «Лестер»даги сенсацион чемпионликдан кейин 5та клубни бошқарган бўлса-да, барчасида омадсизликка учради. Айниқса, 2022 йилда «Уотфорд»дан 3 ойлик фаолиятидан кейин ҳайдалгач, қарийб бир йил ишсиз юриб, нафақага чиқиш арафасида турганди. «Кальяри»даги муваффақият унинг учун қайтиш бўлди.

Шомуродов – энг қиммат ўйинчи, «Кальяри» – энг арзон икки клубдан бири

Шомуродовнинг трансферидан кейин ўзбекистонлик миллионлаб мухлислар армиясига эга бўлган «Кальяри» таркиб бўйича Италиянинг энг камтар жамоаларидан саналади. Transfermarkt порталига кўра, А Серия 2023/24 йилги мавсумининг энг қимматбаҳо таркиблари рўйхатида «Кальяри» умумий 48,6 млн евро қиймати билан 20 жамоа орасида «Фрозиноне» билан сўнгги икки ўринни банд этган. Таққослашингиз учун, энг қиммат таркибга эга «Наполи» ўйинчиларининг умумий қиймати 568 млн еврони ташкил этади.

Фото: Getty Images

Энг арзон таркибга эга икки клубдан бири бўлган сардинияликларнинг энг қимматбаҳо ўйинчиси эса Элдор Шомуродов саналади. Ўзбекистонлик ҳужумчи 6 миллион еврога баҳоланиб, бу борада фақатгина Найтан Нандес 5 млн евро нарх билан унга яқин жойлашган бўлса, «Кальяри»даги қолган ўйинчиларнинг трансфер баҳоси 3 млн евродан ошмайди.

Элдор кимлар билан рақобатлашади?

«Рома» ва «Специя» билан таққослаганда, Элдор Шомуродов Раньери қўл остида кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлишини кутиш мумкин. Сабаби, ўзбек форварди «Рома»да Абраҳам, Эл-Шаарави, Белотти, Дибала соясида қолган бўлса, бир ҳужумчи билан ўйнайдиган «Специя»да А Серия тўпурарларидан бири бўлган Нзола билан рақобатлашишига тўғри келганди.

«Кальяри»да эса вазият бир мунча қулайроқ – Жанлука Лападула ва Леонардо Паволетти жамоанинг асосий ҳужумчилари саналади ва италияликларнинг ёши 33 ва 34да. Устига-устак Лападуланинг 5 кун аввал оёғидан олган жароҳат сабабли жарроҳлик амалиётини бошдан кечиргани ва энди қарийб 6 ой майдонга туша олмаслигини инобатга олсак, Шомуродовда жамоанинг асосий ҳужумчисига айланиш учун яхши имконият пайдо бўлади. Лападула ўтган мавсум жами 43 ўйинда 26та гол киритганди, Паволетти эса 28 ўйинда ўз ҳисобига 7та гол ёзиб қўйган. Сардинияликларнинг жароҳат олган голеадори ўрнини эгаллаш учун Элдордан сермаҳсуллик кўрсатиш талаб этилади.

Дебют

Элдор 27 июль куни «Кальяри» машғулотларига қўшилди. 28 ёшли ҳужумчи «Кальяри» сафида 2 август куни «Комо»га қарши ўртоқлик баҳсида норасмий дебютини ўтказиши мумкин. B Серия клуби билан ўйин сешанба куни соат 20:00да бошланади. 5 август куни эса Франциянинг «Брест» жамоасига қарши ўйин ўтказилиши белгиланган. А Серия 1-турида эса «Кальяри» 21 август куни «Торино» меҳмони бўлади. Сардиниядаги янги мавсум – миллий жамоамиз етакчиси фаолиятидаги бурилиш нуқтасига айланишига умид қилиб қоламиз.

Усмон Ибодов

Мавзуга оид