Жамият | 18:30 / 03.08.2023
20194
8 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга ақл марказлари керак. Улар нега кам?

Ривожланган давлатларда чуқур ўрганилган таҳлилий маълумотларнинг бозори шаклланган. Бу бозорда сотувчилар – ақл марказлари, буюртмачи-харидорлар эса – давлат, жамоат ташкилотлари ва йирик компаниялар. Ўзаро рақобатлашадиган ақл марказлари қарор қабул қилувчиларнинг столига бир-биридан мустақил, муқобил вариантлардаги таҳлилий хулосалар ва ечим-таклифларни қўя олади. Албатта, арзон нархга эмас.

Хўш, Ўзбекистонда бу борада ҳолат қандай? Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастури бу галги сони – ақл марказлари ҳақида.

Мавзуни таҳлил қилиш учун студиямизга соҳа мутахассислари – “Билим карвони” таҳлил маркази раҳбари Фарҳод Толипов, Тошкент давлат шарқшунослик университети Таҳлилий тадқиқотлар маркази директори Сайфиддин Жўраев ва сиёсий фанлар доктори Фарҳод Каримовни таклиф этдик.

— Ақл марказларининг жамият сиёсий онгини оширишдаги ўрни қандай?

Сайфиддин Жўраев: Ақл марказларининг долзарб бўлишига сабаб давр билан боғлиқ. Масалан, сўнгги 30 йилда дунё бўйича, мамлакатимиз бўйича қарорлар қабул қилиш технологияси жуда қийинлашиб кетди. Яна бир томондан, қарорларнинг стратегик аҳамиятга эга бўлиши учун соҳа профессионаллашди.

Сайфиддин Жўраев

Тайёрланаётган қарорлар сиёсий вазиятдан, жамиятнинг истакларидан келиб чиқяпти. Бу эса одамларнинг сиёсий онги ошганини кўрсатади. Ақл марказларининг қай даражада ривожлангани ўша ерда сиёсий онг, маданият қай даражада эканини кўрсатади.

Фарҳод Толипов: Ақл марказлари деб бекорга айтилмаган. Қай соҳа одами бўлмасин, ақлий потенциали юқори бўлган одамлар йиғилади. Ақл марказлари бошқа институтлардан фарқли равишда ихтиёрий бўлади ва шу сабаб информациялар тўплаш, таҳлил этиш кабиларда мустақил бўлади. Мустақил, эркин фаолият юритаётган марказдан чиқаётган таҳлиллар эса асослироқ, тўғрироқ бўлади. Бу давлатнинг таҳлил марказларини камситиш эмас, балки соҳанинг ўзига хос бир жиҳати.

Фарҳод Толипов

Аслида ақл маркази дегани анча кенг тушунча. Давлат тасарруфида бўлган таҳлил билан шуғулланувчи марказларни ҳам ақл маркази дейиш мумкин. Стереотип сифатида кичик бир гуруҳларни тушунамиз. Ақл марказлари бекорга ташкил этилмаган, улар ҳам сиёсий жараёнларга ўз таклифларини беришни исташади. Илмий, академик марказлар бундай мақсад қўймаслиги мумкин, лекин ақл марказлари мақсадли фаолият олиб боради. Таҳлилий материаллар тайёрлаб боришади ва сиёсий доираларга тақдим этишади.

Мана шундай фаолиятларга нисбатан алоҳида терминология ҳам мавжуд. Масалан, сиёсий консалтинг дейилади. Сиёсий элитага маслаҳат берувчи вазифасини ҳам бажаришади чунки. Давлат лавозимидагиларда ташқи томондан таҳлил имконияти йўқ, шунинг учун ҳам бу нарса керак. Ақл марказлари ўз таҳлилий материалларини адвокация (ҳимоя) қилиб ҳам беришади.

Сайфиддин Жўраев: Масалан, II Жаҳон урушидан кейин бюрократия кучаяди. Шунда ҳарбий соҳа ва бошқа соҳаларнинг бир-бирига тўсиқ бўлмасдан ривожланиши, фаолият олиб бориши учун таклифлар, таҳлиллар бўлиши учун ҳарбий бўлмаган одамлардан ақл марказининг бир кўриниши тузилган. Ҳар хил муқобил вариантлар юзага чиққан бунинг натижасида. Бундай марказлар ўзини ўзи ҳимоя қилишига ҳам шароит яратиб берилган давлат томонидан.

Фарҳод Каримов

Фарҳод Каримов: Дунёда маълум бўлган 7 мингдан ортиқ ақл марказлари мавжуд, балки ундан ҳам кўпдир. Улар сиёсий вазиятни прогнозлаштириш, таҳлилий тайёрлашдан ташқари, оддий халққа давлат сиёсатида бўлаётган воқеликларни тушунтиришга ҳам ҳаракат қилади. Давлатнинг таҳлилий марказлари, сиёсий институтлар етарли даражада қамраб ололмаганларни ақл марказлари қамраб олади, тушунтиради.

Ақл марказлари объектив, эркин таҳлил қилишади ва шунинг учун ҳам халққа, жамиятга воқеликнинг асл моҳиятини тушунтириб беради. Бундан ташқари, ақл марказларида фақат сиёсий эмас, иқтисодий, социал масалалар ҳам кўрилади. Бундай марказлар халқнинг сиёсий маданиятини ошириб бораверади.

— Нега нодавлат ақл марказларининг салмоғи жуда оз? Бунинг сабаби нимада?

Сайфиддин Жўраев: Давлатда битта раҳбар бўладиган бўлса, унга қарорлар тайёрлаш, таҳлилий бериш учун давлат ташкилотларида етарлича мутахассислар бор. Лекин шунинг билан бирга, демократик жамият талаби ва жамиятда сиёсий маданият ривожланиши учун нодавлат ақл марказлари фаолият юрита бошлаган. Америкада бундай марказлар кўп деймиз, лекин аҳоли жон бошига оладиган бўлсак, бизда кўпроқ бўлади.

Ўзи бундай марказлар эҳтиёжга қараб пайдо бўлади. Бундай марказларнинг сони муҳим эмас унчалик. Ўзбекистон сиёсати тан олиняпти ва қай даражада таҳлилий ишлар олиб борилаётганини шундан билиб олиш мумкин.

Америкадаги таҳлил марказлари бутун дунё бўйича ишлайди, шунинг учун ҳам сони кўп. Кадрлар тайёрлаш масаласига хам боғлиқ бу нарса. Ўзбекистонда мустақилликдан кейин бошланди сиёсатшунос кадрлар тайёрлаш.

Фарҳод Толипов: Ақл марказларининг кўпайиши ва камайиши талабга боғлиқ. Яъни давлатда, сиёсий доираларда уларнинг таклифларига қай даражада эҳтиёж борлиги. Ўзбекистонда мустақил тадқиқот олиб борувчи марказлар кўп эмас. Замон талаби деган бир тушунча билан юқоридан буйруқ орқали университетларда илмий-таҳлилий марказлар очилди. Лекин улар қандай ишлаяпти деган масала бор. Кўпайишга кўпайди, лекин фаолияти кўринмаяпти.

Ғарбда талаб мавжуд бундай марказларга. Улар давлатга ўз таклифларини беришдан ташқари, ўзаро ҳам рақобатда бўлади. Бир нечта таҳлилий марказлар бир масала бўйича ўз таклифини, ечимларини беради ҳукуматга. Талаб шу даражада. Бизда ҳам ҳаракатлар бор. Лекин талаб бўлиши керак юқоридан ҳам.

Сайфиддин Жўраев: Юқоридан буйруқ бўлгани учун университетларда илмий-таҳлилий марказлар очилди, деган фикрга бироз қаршиман. Улар ҳам ўз имконияти даражасида ишлаяпти, лекин юқорида айтилганидек, кадрлар масаласи, методология, технология масаласи ҳам бор. Аналитика жуда катта билим ва салоҳият талаб қилади.

Фарҳод Каримов: Талаб давлат томонидан бўлиши билан бирга, жамият томонидан ҳам бўлиши керак. Шарқий Европа давлатларида 10-15 йил олдин худди биздаги ҳолат бўлган бу борада. Яъни ижтимоий тармоқларда, интернетда номутахассисларнинг фикри, таҳлили кўпайган ва жамиятга маъқул келган. Улар таҳлил эмас, шунчаки танқид бўлган. Бу босқичдан ўтиб олишди улар. Бизда ҳам ҳозир ижтимоий тармоқлардаги танқидий материаллар таҳлилдек қабул қилинади.

Сабаблар шуки, давлат ташкилотларининг ўзининг институционал структураси бор ва нодавлат ақл марказларига бўлган эҳтиёж кўп эмас. Ақл марказларидан қўрқиш ҳам бор. Лекин бугунги кунда бундан қўрқиш керак эмас. Яқин Шарқда рангли инқилобларни молиялаштиришда таҳлилий марказлар тақдим этган маълумотлардан фойдаланилган. Лекин бундай босқичдан ўтиб бўлганмиз биз, хавф йўқ бунинг ортида.

·       Тўлиқ суҳбатни видео тарзида томоша қилинг.

Нормуҳаммад Али суҳбатлашди.
ақл маркази, сиёсий қарорлар

Мавзуга оид