Ўзбекистон | 17:23 / 03.08.2023
28922
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятига янги прокурор тайинланди

Андижон вилояти прокурори Сирожиддин Эшқувватов Шавкатжон Раҳимовнинг ўрнига Тошкент вилояти прокурори лавозимини эгаллади.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Бош прокурорнинг буйруғига асосан адлия катта маслаҳатчиси Сирожиддин Қоршибаевич Эшқувватов Тошкент вилояти прокурори лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати расман хабар берди.

Сирожиддин Эшқувватов муқаддам Наманган вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган, 2022 йил январидан Андижон вилояти прокурори лавозимида ишлаб келаётганди.

Тошкент вилоятига 2022 йил сентябридан буён Шавкатжон Раҳимов прокурор эди. У муқаддам бош прокурор ўринбосари бўлиб ишлаган.

2023 йил 31 июл куни Kun.uz манбаси Шавкатжон Раҳимов Тошкент вилоят прокурори лавозимидан олингани ҳақида хабар берганди. Ўтган вақт давомида бош прокуратура Раҳимовнинг ишдан олингани бўйича расмий маълумот тақдим этмаётганди. Kun.uz’нинг бу борадаги сўровлари ҳам очиқ қолдирилганди.

Шавкатжон Раҳимов

Бундан олдинроқ, 2023 йил апрелида Kun.uz Раҳимовнинг қўл остидаги қатор ходимлар ундан норози экани ҳақида ёзганди.

Мавзуга оид