Ўзбекистон | 21:47 / 03.08.2023
40039
5 дақиқада ўқилади

Тошкентда автобус ва метро йўлкира нархлари ўзгариши кутилмоқда

Йўлкира нархлари тез кунларда ўзгаради. Нақдсиз тўлов ва бир соат ичидаги алмашишлар учун имтиёзли нархлардан фақат транспорт карталари эгалари фойдалана олади. Бундай карта эгалари учун, шунингдек, кунлик, ойлик ва йиллик тарифлар пайдо бўлади.

Фото: Kun.uz / Нуриддин Нурсаидов

Пойтахт жамоат транспортида шу йил апрел ойида жорий этилиши белгиланган, лекин кечиктирилган мослашувчан тарифлар тез кунларда йўлга қўйилади.

Янги йўлкира нархлари жорий этиладиган сана ҳозирча маълум эмас. Бу ҳақда Kun.uz'га соҳа ичидаги манба маълумот берди.

Фото: “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ

Қайд этилишича, бунда автобус ва метродан фойдаланувчилар нақд пул ва банк картаси орқали 2 000 минг сўм, транспорт картасидан эса 1 600 сўм тўлайди. 1 соат ичида бир нечта жамоат транспорт туридан фойдаланиш орқали бир қанча чегирмаларга эга бўлиш мумкин. Йўловчи шу вақт ичида автобусга чиқса, биринчи тўловда 1 600 сўм, иккинчисида 400 сўм тўлайди, кейингиларида йўлкира бепул бўлади.

1 соат ичида автобусдан метрога ёки метродан автобусга ўтиш билан дастлаб 1 600 сўм, кейин 1 000 сўм, учинчи алмашишда автобусга чиқиш билан 400 сўм тўланади. Тўртинчи марта алмаштиришда эса йўлкира бепул бўлади.

Эътиборлиси, бу чегирмалар фақат АТТО транспорт картасини ишлатувчилар учун амал қилади. Улар билан қуйида батафсил танишиш мумкин:

Фото: “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, нақдсиз тўловларни рағбатлантириш чоралари бирмунча қисқарган. Банк карталари билан тўлаш нақд пулда тўлашга тенглаштирилган, бир соат ичидаги имтиёзли нархлардан ҳам фақат АТТО карталари эгалари фойдаланиши мумкин.

Таъкидланишича, 1 соатлик алмашиш тарифларининг 3 та асосий шарти бор. Унга кўра, бу тарифдан фойдаланувчиларга автобуснинг фақат олд эшигидан чиқишига рухсат берилади.

Йўловчи биринчи транспортга чиқишидаги тўлов қилинган вақтдан бошлаб ҳисоб даври бошланади.

Бир соатлик тарифда имтиёзли нарх метродан фақат бир марта фойдаланишга нисбатан татбиқ этилади. Бу вақт ичида икки марта метродан фойдаланилса, ҳисоб даври янгидан, 60 дақиқа бўлиб бошланади.

Қолаверса, юқоридагидан ташқари, кунлик, ҳафталик, ойлик ва йиллик тариф режалари ҳам таклиф этиляпти. Маълум суммада тўлов қилиб белгиланган вақт давомида чексиз қатновларни амалга ошириш мумкин. Имтиёзли тоифадаги шахслар учун 50 фоиз чегирма қилинади.

Фото: “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ

Автобус учун тарифлар қуйидагича:

  • 1 кунлик — 6 минг сўм.
  • 5 кунлик — 23 минг сўм.
  • 7 кунлик — 30 минг сўм.
  • 10 кунлик — 47 минг сўм.
  • 15 кунлик — 71 минг сўм.
  • 20 кунлик — 94 минг сўм.
  • 1 ойлик — 140 минг сўм.
  • 3 ойлик — 400 минг сўм.
  • 6 ойлик — 720 минг сўм.
  • 1 йиллик — 1 млн 350 минг сўм.

Автобус + метро учун тарифлар қуйидагича:

  • 1 кунлик — 7 минг сўм.
  • 5 кунлик — 32 минг сўм.
  • 7 кунлик — 40 минг сўм.
  • 10 кунлик — 64 минг сўм.
  • 15 кунлик — 97 минг сўм.
  • 20 кунлик — 129 минг сўм.
  • 1 ойлик — 194 минг сўм.
  • 3 ойлик — 550 минг сўм.
  • 6 ойлик — 1 млн сўм.
  • 1 йиллик — 1 млн 900 минг сўм.

Эслатиб ўтамиз, 16 феврал куни имзоланган “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорига кўра, Тошкент шаҳри жамоат транспорти учун мослашувчан тарифлар 1 апрел санасиданоқ жорий этилиши кўзда тутилганди.

Кейинроқ Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов тарифларнинг йўлга қўйилиши нима сабаб кечикаётганига изоҳ бериб, 15 майдан бошлаб йўлга қўйилишини ваъда қилганди.

Бу муддатда ҳам кечикилгача, вазирлик матбуот хизмати Kun.uz мухбирига аниқлик киритиб, янги амалиёт шаҳар депутатлар кенгаши сабаб ҳанузгача қўлланилмаганини маълум қилганди.

Айтиш лозим, янги тариф тизими жорий этилишининг асосий мақсад-мазмуни аҳоли мобиллигини рағбатлантириш ҳисобланади. Яъни йўловчи 2-3 та манзилга бормоқчи бўлса, унинг учун жамоат транспортидан фойдаланиш энг қулай вариант бўлиши керак. Бу шахсий транспорт жозибадорлигини камайтириш, жамоат транспортидан фойдаланувчилар сонини оширишга хизмат қилади.

Маълумот учун, 2 август куни янги ва рағбатлантирувчи тарифларни жорий этиш тўғрисидаги Тошкент шаҳар ҳокими қарори лойиҳасининг муҳокамаси якунланди. Эндиликда ҳоким қарорни имзолаши кутилмоқда. Шундан сўнг янги тарифлар амалиётда қўлланила бошланади.

Мавзуга оид