Жамият | 21:55 / 03.08.2023
11113
2 дақиқада ўқилади

Хитой компанияси Андижон вилоятида қуёш фотоэлектр станциясини қуради 

Қуёш фотоэлектр станциясининг дастлабки 100 МВт қуввати 2024 йил 1 апрелга қадар ва тўлиқ қуввати 2024 йил 30 ноябрга қадар ишга туширилиши режалаштирилган. 

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Хитойнинг PowerChina компанияси Андижон вилоятида қуввати 400 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуради. Бу ҳақдаги меморандум май ойида Хитой Халқ Республикасига олий даражадаги ташриф доирасида имзоланган эди. 

Шунга асосан, 31 июль куни Энергетика вазирлиги, Андижон вилояти ҳокимияти ва PowerChina компанияси ўртасида лойиҳани амалга ошириш шартларини белгиловчи шартнома имзоланди. 

Мазкур шартномага мувофиқ қуйидаги ишлар рўёбга чиқарилади: 

- сентябрь ойида қурилиш ишлари бошланиши, қуёш фотоэлектр станциясининг дастлабки 100 МВт қуввати 2024 йил 1 апрелга қадар ва тўлиқ қуввати 2024 йил 30 ноябрга қадар ишга туширилиши режалаштирилган; 

- станция ишга тушгандан сўнг йилига 700 млн кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилади, 212 млн куб метр табиий газ тежалади ва атмосферага 294 минг тонна зарарли иссиқхона газларининг чиқиши олди олинади. 

Лойиҳа учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда фойдаланилмайдиган ер майдонлари танланган. 

Маълумот учун, PowerChina бугунги кунга қадар умумий 200 ГВт қувватга эга лойиҳаларни амалга оширган. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид