Ўзбекистон | 11:22 / 04.08.2023
5750
2 дақиқада ўқилади

51 та туман ва шаҳарда «Олтиариқ тажрибаси» асосида узум плантациялари ташкил қилинади

2023–2026 йилларда узумчилик соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида президент қарори қабул қилинди

Фото: Kun.uz

Қарорга кўра, 2023–2024 йилларда:

  • 187 614 гектар майдонда янги узумзорлар барпо қилинади;
  • республиканинг 51 та туман ва шаҳрида “Олтиариқ тажрибаси” асосида ҳар бири 2–2,5 минг гектар ер майдонларида узум плантациялари ташкил этилади.

2023 йил 1 августдан:

Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасининг мева, узум, сабзавот, картошка, полиз экинлари, гул, кўкатлар ва доривор ўсимликлар, маккажўхори дони, дуккакли ва мойли экинларни етиштиришга ажратиладиган маблағлари ҳисобидан янги узумзорларни барпо қилиш, кўчат тайёрлаш ва in-vitro лабораторияларини ишга тушириш лойиҳаларини амалга ошириш учун маблағ йўналтиришга рухсат берилади.

  • Жамғарма маблағлари “Қишлоқ қурилиш банк” АТБга Марказий банкнинг асосий ставкасида ресурс сифатида жойлаштирилади ҳамда лойиҳа ташаббускорларига 10 йил муддатга (5 йиллик имтиёзли давр билан) 2 фоиздан кўп бўлмаган маржа билан тижорат кредити ажратилади;
  • Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги тадбиркорларга узум плантацияларида агротехник тадбирларни ўтказиш, янги токзорларни барпо этиш ва бошқа хизматларни кўрсатади. 

Бунда янги узумзорларни 1 гектардан 10 гектаргача бўлган майдонларда барпо қилиш бўйича лойиҳалар Агентлик томонидан тўғридан тўғри молиялаштирилади, йирик узумчилик плантацияси шаклидаги лойиҳалар “Қишлоқ қурилиш банк” АТБ кредитлари ҳисобидан амалга оширилади.

2024 йил 1 февралгача узумчилик соҳаси ривожланган хорижий давлатлар илмий муассасалари ҳамда илғор тажрибага эга халқаро ташкилотлардан 100 нафарга яқин соҳа мутахассислари жалб қилинади.

Хориждан келтирилган совуққа чидамли, уруғсиз, ҳосилдорлиги юқори 34 хилдаги узум навларини in-vitro лабораторияларида республика ҳудудларининг табиий-иқлим шароитига мослаштириш бўйича синов-тажрибалар ташкил қилинади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид