Ҳоким ва мактаб директори воқеаси: Жамиятни қонунлар эмас, амалдорлар иродаси билан бошқаришга ўтилдими?
Адолатни талаб қилиш “ҳақорат”, вилоят ҳокимига эътироз билдириш эса “ҳокимият вакилига бўйсунмаслик” деб малакаланди. Суд эса бу сафар ҳам ҳоким чизган чизиқдан чиқолмади.
Бир ўйлаб кўринг: Сурхондарё вилояти ҳокими раислигида, мактаб директорлари иштирокида ўтказилган ўша йиғилиш видеоси тарқамаганда нима бўларди?
Ҳеч қандай ноқонуний иш қилмаганини рўкач қилиб, агар ёмон кўрсаларинг «милтиқ билан отиб ташланглар» дея вилоят ва туман раҳбарларига эътироз билдирган Сариосиё туманидаги 28-мактаб директори Умида Турсунова қамоққа ташланганидан бехабар қолар эдик. Бу – аниқ!
Эҳтимол, директорни жазолаш бу қамоқ жазоси билангина кифояланилмас, у янада қатъийроқ жазоларга, балким турли босимлар ва ҳатто қийноқларга ҳам гирифтор бўларди.
Умида Турсунованинг ўзи кейинчалик бу борада юзлаб видеомурожаатлар қилиб чиққанида ҳам унга ҳеч ким эътибор бермасди, чунки интернетда бу директорни негатив характерловчи маълумотлар тиқилиб ётибди.
Қойил қолиш керак: Сурхондарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан тасвирга олинган (мажлисга киришдан олдин директорларнинг телефонлари олиб қўйилган – нега?!), судга тақдим этилган ва судда директорни қамаш учун ашёвий далил бўлиши керак бўлган видео алалоқибатда директор аёлнинг жонига ора кирмоқда.
Ўзи вилоят ҳокими мактаб директорлари билан мажлис қилиб ўтириши қанчалик тўғри? — деган савол туғилмоқда кўпчиликда.
Сариосиёдаги бу йиғилиш вилоятдаги умумтаълим мактабларининг 2023/24 ўқув йилига тайёргарлик мавзусида ўтган, яъни мактабларнинг таъмири масаласида.
Мактабларни таъмирлаш учун маҳаллий ҳокимликлар масъул. Йиғилиш Сурхондарё вилоят ҳокимлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ташаббуси билан ташкил қилинган. Демак, шу мавзудаги йиғилишда ҳокимларнинг иштирок этиши ўринли эди, деган фикрга кўнамиз, майли.
Аммо ўша йиғилишда турли туманлардаги айрим директорлар янги ўқув йилига етарли тайёргарлик кўрмагани учун ишдан олинганидан ҳам хабаримиз бор.
Ҳоким директорни ишдан олишга ҳақлими? — деган савол ҳам ўртага чиқмоқда.
Йўқ, вилоят, туман ҳокимлари таълим соҳасидаги кадрларнинг ишига аралашишга, мактаб директорларини ишдан олишга ҳақли эмас.
Унда нега вилоят ҳокими Сариосиё туманидаги 28-мактаб директорини «бутун дунёга шарманда қилгани учун» ва «директор бўлишга ҳаққи йўқлиги учун» ишдан олишга буйруқ бермоқда?
Ёш бўлишига қарамасдан, иккита туманда ҳоким, икки вилоят ва Тошкент шаҳрида прокурор бўлиб ишлаган У.Қосимов наҳотки ўзининг буйруқлари ва хатти-ҳаракатлари мавжуд қонунчиликка тўғри келиш-келмаслигига ҳуқуқий баҳо бера олмади? Буниси бизга номаълум.
Хўш, директор қамалишга лойиқ ҳаракат содир этдими?
28-мактаб директори Умида Турсунова 26 июл куни Сариосиё туманидаги 12-мактабда бўлиб ўтган йиғилишда вилоят ҳокимига қарата ҳеч қандай ноқонуний талаб қўйгани йўқ. Ишдан бу тарзда олиниши адолатсизлик эканини, уни ҳеч ким эшитмаётгани, вилоят ҳокимига бу ҳақда нотўғри маълумотлар тақдим этилаётганини айтди, холос.
Фақат зални тарк этаётиб, Сариосиё туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудири Т.Ўзбековни уятсиз сўз билан ҳақорат қилди; вилоят ҳокимига «ҳайф, сиздек ҳокимга», деб чиқиб кетди.
Мана шу «қилмиш»ларнинг ўзи Умида Турсуновани 10 сутка қамоққа тиқишга етарли бўлди.
Шу куннинг ўзида (26 июл) кечқурун жиноят ишлари бўйича Узун туман судида судья О.Жуманов мактаб директорини МЖтКнинг 183-моддаси («Майда безорилик») ва 194-моддаси («Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик»)нинг 1-қисми билан айбли деб топди ва 10 сутка маъмурий қамоқ, унга қўшиб 1 млн 650 минг сўм жаримани ҳам босди.
Суд қароридан кўринишича, бу маъмурий ишда жабрланувчи сифатида Сариосиё туман ҳокимлиги ташкилий кадрлар гуруҳи раҳбари И.Жумаевнинг аризаси қабул қилинган.
Унда жабрланувчи Умида Турсуновани «бақир-чақир қилганлик», ҳокимга «қўлингизда милтиқ бўлса, отиб ташланг», «ҳайф, сиздек вилоят ҳокимига» деб айтгани, унинг ички ишлар ходимларининг тинчлантириш учун уринишларига бўйсунмаганини ноқонуний ҳаракат сифатида тақдим этган.
Суд аризадаги барча ҳолатлар ўз исботини топган, деган қарорга келган.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ўз Telegram-каналида ўқитувчи қамоқдан озод қилинганини ёзиб чиқди. Бу орада жазонинг 7 куни ўтиб бўлган эди.
Шахс ҳокимнинг хоҳиши ва бир оғиз кўрсатмаси билан қамаб қўйилса, воқеалар кўпчиликка овоза бўлгач, озодликка чиқса...
Бу ерда қонунларнинг устуворлигини қўятурайлик, мантиқ қаерда қолди?! Аёлнинг қамоқда ўтган 7 кунини ким компенсациялайди?
Мана шу воқеалар фонида Ўзбекистон судялари айниқса қуйи инстанцияларда нақадар ғариб, нақадар қўрқоқ, таъбир жоиз бўлса, ижро ҳокимияти қўлидаги қўғирчоқ экани яна бир бор аниқ ва равшан намоён бўлди.
Ҳоким-у вазирларни қўятурамиз, улар муайян «иммунитет» эгалари ҳисобланади. Аммо амалдорларнинг қўғирчоғига айланган судя(лар)нинг хатти-ҳаракатлари ўрганилмасдан қолмаслиги керак.
Воқеа интернетда нега кучли резонанс берди?
Вилоят ҳокимнинг кучи бир аёл раҳбарга «етгани» учун, албатта.
Бизга маълум қилинишича, вилоят ҳокими ўша йиғилишда У.Турсунова мактабга раҳбарлик қилган аввалги даврларнинг молия-хўжалик фаолиятини тафтишдан ўтказишга ҳам буйруқ берган.
2022 йил 26 декабрда Сурхондарё вилоятининг аввалги ҳокими Тўра Боболов ишдан олиниб, сўнгра 2023 йилнинг 13 мартида халқ депутатлари вилоят кенгашида вилоят ҳокими этиб тасдиқланган Улуғбек Қосимовнинг раҳбарлиги даврида бир нечта шов-шувли воқеалар қаҳрамонига айланиб бўлди.
Аввало, у раҳбар бўлгани ҳамоно вилоятдаги қарийб барча туман ва шаҳарлар ҳокимларини битта қўймай алмаштирди. Бунақаси Ўзбекистон тарихида кузатилмаган.
Денов туманида ўтказган йиғилишида Улуғбек Қосимов қишлоқ хўжалиги соҳасини советчасига қўлга олишини яшириб ўтирмади. Ҳоким далаларга экиб қўйилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини суриб ташлашга буйруқ берди.
Вилоятда туманлараро постларнинг пайдо бўлиши ҳам Сурхондарёда эски даврлар қўмсалаётганига менгзалди. Назорат пунктларининг қайтарилаётгани президентнинг сиёсий қарорига қарши қадам ташлаш, деб баҳоланиши керак, деб ёзилди.
28-мактаб директори билан содир бўлган воқеада вилоят ҳокимининг оиласиз бир ожиза аёл кишига зуғум ўтказиши ижтимоий тармоқда портлаш вужудга келтириб, катта резонанс берди.
Ўқитувчининг мавқеини ошириш бўйича шунча гап-сўзлар гапирилиб, ҳаттоки бу борада янги қонун қабул қилишга тайёргарлик кўрилаётган бир пайтда, вилоят ҳокими яна ваъда қилинаётган ислоҳотларга терс қадам ташлаётгандек кўринди.
Залда янграган «йўқот» деган буйруқ билан ички ишлар ходими мактаб директорини мажбуран залдан олиб чиқиб кетди. Феодализмнинг ўзгинаси.
Бу – Фарғонада фуқарони ҳақоратлаб, унинг мулкига зарар етказаётган барзангининг қилмишларига уч нафар ички ишлар ходимининг томошабин бўлиб қараб тургани одамларда норозилик келтириб чиқаргани фонида рўй бермоқда. Агар кадрда ички ишлар ходими кўринмаганида ёки у директор аёлнинг қўлларига чанг солмаганида ҳам, воқеа бу қадар резонанс бермаган бўларди.
Бу воқеадан кейин ҳокимларнинг таълим соҳасига аралашувини мутлақо чеклаш лозимлиги яна бир бор ўз исботини топди.
Ички ишлар органи эса ҳокимга ёрдамчи эмас, халқ ва қонун посбонлари бўлиши керак энди. Ахир қачонгача? Ҳар қандай ҳуқуқбузарлик ва жиноят рўй берган ҳолатда чора кўрилиши керак, фақат видеоси интернетда тарқалганларига эмас. Айтайвериб, оғзимиз чарчади, ёзавериб қўлимиз.
Мақола бошида бежизга видео тарқамаганида нима бўларди, деб савол қўймадик. Сурхондарёдаги воқеада ҳам, Фарғонадаги воқеада ҳам ҳолатнинг видеоси тарқамаганида, халққа ошкор бўлмаганида ёпиқ қозон ёпиғлигича қолиб кетаверар эди. Булар-ку халқни жунбишга келтирган иккитагина ҳолат. Қанчадан-қанча «қозон»ларнинг «қопқоғи» очилмасдан қолиб кетаётганини энди бир тасаввур қилиб кўринг.
Даҳшат-а!
Ундан-да даҳшати, мана шу каби воқеалардан асло сабоқ чиқарилмаётгани.
Шуҳрат Шокиржонов,
журналист
Мавзуга оид
17:48 / 22.11.2024
Жисмоний шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тартиби белгиланди
11:25 / 21.11.2024
2024 йилда 30 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар туҳмат ва ҳақорат қилгани учун судланди
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
10:16 / 12.11.2024