Спорт | 22:10 / 05.08.2023
19983
2 дақиқада ўқилади

Беларусда II МДҲ мамлакатлари ўйинлари бошланди

Мусобақалар спортнинг 20 та тури бўйича ўтказилади. Унда Ўзбекистон ҳам иштирок этмоқда.

Фото: belta.by

Беларус пойтахти Минск шаҳрида МДҲ мамлакатларининг II ўйинлари старт олди.

«Минск Арена»да ташкил этилган мусобақанинг очилиш тадбирида Беларус президенти Александр Лукашенко иштирок этди. Маросим Беларус ва МДҲ давлатлари байроқларининг тантанали равишда кўтарилиши билан бошланди.

Эшкак эшиш бўйича икки карра Олимпиада чемпиони Екатерина Карстен, трамполинда сакраш бўйича Олимпия чемпиони Иван Литвинович ва каноэда эшкак эшиш бўйича Олимпия чемпиони Александр Масейков давлат мадҳияси садолари остида Беларус байроғини баланд кўтарди.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги байроғини кўтариш маросимида беларуслик яна уч нафар таниқли спортчи – енгил атлетика бўйича Олимпия чемпионлари Янина Провалинская-Королчик ва Юлия Нестеренко ҳамда гандбол бўйича Олимпия ўйинлари чемпиони Андрей Барбашинский иштирок этди.

МДҲ давлатларининг II ўйинлари 4-14 август кунлари Беларуснинг 11 шаҳрида спортнинг 20 тури бўйича ўтказилади. Унда Россия, Беларус, Арманистон, Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, шунингдек, мусобақага меҳмон мақомида таклиф этилган яна 13 давлатдан икки мингдан ортиқ спортчи иштирок этади. Турнирда 246 та совринлар тўплами ўйналади.

МДҲ мамлакатларининг I ўйинлари 2021 йилда Россиянинг Қозон шаҳрида ўтказилган.

Мавзуга оид