Нуқтайи назар | 14:07 / 05.08.2023
241488
4 дақиқада ўқилади

Яқин ўтмишнинг оғир гравитацияси. Чиқиб кета олиш учун нима қилиш керак?

Авторитаризмдан чиқиш – фақатгина олий ҳокимиятнинг ёки сиёсий элитанинг вазифаси эмас. Эркинлик ва ҳуқуқ асосида мулоқот қила олиш қобилияти – коллектив иш, жамоавий вазифа. Ўзбекистон нима яхши-ю, нима ёмонлигини чуқур англаши, мамлакат ва халқ манфаатлари учун хайрли бўлган тизим томон ҳаракатни давом эттириши керак.

Фото: canaan travel

Ўзбекистоннинг “авторитаризм” гравитациясидан чиқиши борган сари қийинлашаверади. Гравитация – тортиш кучи. Ҳар бир жисмнинг тортиш кучи бўлгани каби, миллионлаб инсонларнинг тафаккури, тажрибасидан ташкил топган сиёсий тизимларнинг ҳам гравитацияси бўлади.

2016 йилга қадар Ўзбекистон ҳокимияти авторитаризмни сиёсий, маънавий, фалсафий асослади, уни миллионлаб одамларнинг онгига жойлади. Авторитаризм стандартлашди. Ундан чиқиш хавфли деб уқтирилди.

Эркинликка, рақобатга, инсон ҳуқуқлари ва қадр-қимматига шубҳалардан буюк ҳайкаллар ўрнатилди.

Ўзбекистон, 2016-19 йиллари, “авторитаризм” қора туйнугидан қочиб қутулиш учун, баъзан югурди, баъзан тез юрди. Лекин, 2020 йилдан бошлаб, Ўзбекистон авторитаризм қора туйнугидан узоқлашишдан чарчади шекилли, ундан бироз масофа сақлаган холда муаллақ қолишга қарор қилди.

Бугун, авторитаризм қора туйнугининг тортиш кучи, Ўзбекистонни яна ўзига тортиб бошлади. Сабаби ҳокимият ҳаракатланиш учун ўзига янги манзил танламади. Демократия ва ҳуқуқий давлатчилик томон реал ва қатьий ҳаракатлар етарли бўлмаяпти. Декларациялар эса авторитаризмдан масофа сақлаш ниятида айтилаётгандек.

Кейинги йиллардаги Ўзбекистон учун энг асосий чақириқ – бу қаттиқ авторитаризмдан масофа сақлай оладими, деган савол атрофида бўлади. Айни пайтда, давлат қанчалик бошқалар қиёфасида ўзи учун хавф-хатар изламасин, Ўзбекистон давлати ва халқи учун, энг катта зарар етказган ходиса – бу қаттиқ авторитаризмнинг ўзи бўлди. Қаттиқ авторитаризм халқни ҳам қийнади, ҳокимиятни ўзини ҳам мислсиз босимда ушлаб турди. Қўрқув салтанати саноқли шахслардан бошқа ҳеч кимга ҳузур бермади.

Бугун Ўзбекистон давлатчилиги олдида дилемма турибди. Ёки жамиятни борган сари эркинлаштириб, ҳамма учун мақбул бўлган эмин-эркин ва ҳуқуқий давлатчилик шакллантириш... Ёки яна “хавфсизлик, барқарорлик, тартиб-интизом” номи билан, бошида марказий ҳокимиятга қулай бўлган, кейинчалик эса борган сари авторитаризмнинг ички тортиш кучи ошиб борадиган, алал-оқибат ҳаммани қўрқув ва тарангликда ушлаб турадиган сиёсий тизимга оқиб кетиш хавфи турибди.

Кейинги ойларда бир қанча журналистлар ва блогерлар тергов ва қамоққа олинди. Баъзиларига 7 йилдан ортиқ қамоқ жазоси берилди. Бу ҳукмни ташқи дунё фақат “репрессия” деб қабул қилади. Хорижда ҳам журналистлар хато ва жиноятлар қилади. Улар ҳам жазога тортилади. Лекин асосан бу фаолиятни тўхтатиб туриш, жарима ва жуда борса, шартли қамоқ жазолари билан чекланади. Лекин ҳуқуқий давлатлар танқидчи журналистлар ва блогерлар 7 йиллаб қамалса, буни фақат ўта салбий қабул қилади.

Авторитаризмдан чиқиш – бу фақат олий ҳокимиятнинг ва ёки сиёсий элитанинг вазифаси эмас. Эркинлик ва ҳуқуқ асосида мулоқот қила олиш қобилияти – коллектив иш, жамоавий вазифа. Ўзбекистон нима яхши-ю, нима ёмон эканлигини чуқур англаши, мамлакат ва халқ манфаатлари учун хайрли бўлган тизим томон ҳаракатни давом эттириши керак.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос

Мавзуга оид