Ўзбекистон | 14:55 / 06.08.2023
66316
12 дақиқада ўқилади

«Маъмурий зўравонлик» — Сурхондарёдаги воқеа юзасидан фаоллар билан суҳбат

«Ҳоким билан мактаб директори баҳсида қандай қилиб бошқа одам жабрланувчи бўлиши мумкин?» — дейди инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов. Таълим мутахассиси Шокир Турсун мактабларнинг моддий-техник базаси бўйича масъулиятни вазирликка қайтариш кераклигини айтди.

«Милтиқ бўлса, отиб ташланг!»

Ўтган ҳафта сурхондарёлик мактаб директори Умида Турсунованинг вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов билан бўлган тортишуви ва бунинг ортидан педагогнинг қамоққа ташланиши бутун жамоатчиликни жунбишга келтирди. Ҳокимларнинг мактаб хўжалик фаолиятига эмас, бевосита таълим жараёнига аралашуви эса ҳанузгача норозиликларга сабаб бўлмоқда.

Хўш, аслида маҳаллий бошқарувларнинг мактаб фаолиятига аралашуви қанчалик тўғри? Сариосиё туманида юзага келган вазиятда ҳокимга қандай ҳуқуқий баҳо берилиши зарур? Бу борада мактаб директори, ҳоким ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг позициясини муҳокама қилиш учун Kun.uz таълим соҳасида мутахассис, педагог Шокир Турсун ва Инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов билан суҳбатлашди.

— Дастлаб, мактаб директори ва ҳоким ўртасидаги тортишувга муносабатингиз қандайлиги ҳақида гапирсангиз. Сурхондарёда ҳоким ва директор ўртасидаги жанжал мактабларнинг маъмурий буйруқбозлик вертикалининг бир бўғинига айланиб улгурганининг яна бир яққол мисоли бўлмадими?

Шокир Турсун: Биринчи навбатда ҳолат вазифаларнинг тўлиқ ажратиб берилмагани оқибатида келиб чиқяпти. Яъни ҳоким мактаб инфратузилмасига масъул бўлгани билан, айнан шу ричаг орқали таълим муассасаларига таъсир ўтказа оляпти. Гарчи биз, педагогларнинг ҳуқуқи ҳақида қонунлар қабул қилиб, мажбурий меҳнатни бекор қилиб, турли қонунлар ишлаб чиққанимиз билан, мана шу ричаг сабаб ҳокимликларнинг мактабларга «ҳукмронлиги» сақланиб қоляпти.

Мактабда асосий муаммолар нимада? Бу борада мазмуни билан боғлиқ жиҳатларини Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг ўзи ҳал қилаверади. Лекин инфратузилма, сув ва гази йўқлиги, биносининг таъмири, моддий-техник базаси ҳокимнинг қўлида, бу эса директорнинг ўз-ўзидан ҳокимни эшитишга мажбурлигини англатади.

Бу ерда яна бир масала бор: директорга босим қилиш орқали мактаб муҳитини бузиш ҳақида биз унча ҳам гапирмаймиз-да. Яъни бундай ҳолатлар мактаб жамоасининг бирлигига, у ердаги ўқитувчилар, бошқа ходимларнинг кайфиятига таъсир қилади, бу эса ўқув йили бошланишидан олдин мактаб учун ёмон. Янги ўқув йили бунақанги стресс билан бошланадиган бўлса, бу жараён узоқ давом этиши мумкин. Шахсий тажрибамдан биламан, турли жамоаларда ишлаганман, ишнинг бошиданоқ жамоа тарқалиб кетдими, охир-оқибат у ерда таҳсил олувчиларга таъсир қилади.

Шокир Турсун

Бу масалаларнинг ҳуқуқий томони —ҳоким аралашиши, ишдан бўшатиши, мактаб директори шу вақтгача нима қилгани, нима сабаб ишдан олингани, вазир қандай қилиб уни қутқариб қолаётгани бир томон бўлса, мактабдаги муҳит энди нима бўлади, деган савол ҳам бор. Шу нарса кўпроқ хавотирга солади, чунки у ерда камида 20 нафар ходим, 400 нафар ўқувчи бор. Улар янги ўқув йилини шундай стресс билан бошлашади.

— Абдураҳмон ака, бу ҳолатга сизнинг муносабатингиз қандай? Мактаб таълими тизими ходимларининг ҳокимлар томонидан ишдан олиниши борасида нима дея оласиз? Бу амалдаги қонунчиликка зид эмасми?

Абдураҳмон Ташанов: Биласизми, шу воқеа бошланганидан бери, яъни мана шу ҳолат тасодифий жамоатчиликка чиқиб кетганидан бери ёзувлар, қандайдир ажиотаж бўлди. Агарда мана шу ёзувлар бўлмаганида, ҳамма нарса ўзининг измида кетаверарди, ҳеч ким бу ҳолатдан бохабар ҳам бўлмаган бўларди. Ҳолбуки, биздаги маълумотларга кўра, ўша куни 8 нафар мактаб директори ишдан бўшатилган, шунинг бир нафари қандайдир тарзда ҳокимга ўз норозилигини билдирди.

Ўша воқеа бўлиб ўтди, у анча олдин юзага келганди, ҳоким ўзининг «маъмурий зўравонлиги»дан фойдаланиб директорни қаматган, у қамоқда ўтириб чиқди. Ўша лавҳа жамоатчиликка чиқмаганда, ҳозир ҳеч нарса йўқ бўларди. Мана шундай интервюлар ҳам йўқ бўларди, мисол учун. Демоқчиманки, Сурхондарёдаги кечаги қонунбузарлик, мен буни тўғридан тўғри қонунбузарлик деб атайман, чунки ҳоким мансаб ваколатини суиистеъмол қиляпти, ваколатига кирмайдиган ишни амалга оширяпти. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига кўра, мактаб директорининг иш берувчиси вазирликнинг ҳудудий бошқармалари бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳоким бу ерда тўғридан тўғри мансаб ваколатидан чиқиш жиноятини содир қиляпти, деб ҳисоблайман. Мен куни кеча бу ҳақда ижтимоий тармоқдаги саҳифамда ёздим ва Олий суд, Бош прокуратуранинг изоҳ беришини сўрадим. Бу — биринчидан.

Иккинчидан, бу воқеа аниқланганидан кейин биз (Инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти)га айнан шу ҳолат билан ўхшаш бўлган 5 та мурожаат келиб тушди. Яъни ҳоким вилоятга раҳбар қилиб тайинланганидан бери деярли барча мажлисларини шу тарзда олиб боради. Фақат «15 суткага тиқ» ёки «қама» деган нарса бўлади.

Куни кеча ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бир менга шундай деб ёзяпти: «Бизда шартли 2 та давр бор: биттаси «қоч, Нодир келяпти» деган давр бўларди. Илгари орган ходимларининг бири аҳолида шунчалик қўрқув уйғотганки, кўрганлар: «қоч, Нодир келяпти» деб айтишган. Ва буни 2017 йилда президентнинг ўзи ҳам эслаб, Сурхондарёни айрим идоралар «от ўйини қилиб ташлашгани» ҳақида айтганди. Ҳозир худди шу «от ўйини» масаласи яна такрорланишни бошлади.

Ҳокимиятда, бошқарувда қаттиққўллик керакдир, аммо қонун ва қоидаларга асосланмаган қаттиққўллик ҳокимиятнинг легитимлигига жуда катта таъсир қилади, одамларнинг тасаввурида қўрқувларни пайдо қилади. Биз истаймизми-йўқми, бу ҳокимнинг хатти-ҳаракатлари давлатнинг бошига келиб тушаверади.

Кеча бу ҳокимнинг ўрнида ўтирган Тўра Боболев билан ҳам шунга ўхшаш воқеалар бўлганди. Агар бугун мана шу ҳокимнинг фаолиятига нисбатан ҳуқуқий баҳо берилиб, чора кўрилмайдиган бўлса, бундан кейин келадиган раҳбар ундан ҳам баттар бўлади. Шунинг учун биз бу ерда жамоатчиликни ҳам, давлат ҳокимияти идораларини ҳам жипслашиб, бу одамнинг ҳаракатларига баҳо беришларига чақириб қоламиз.

— Ҳоким билан учрашувдан сўнг Умида Турсунова майда безорилик ва ҳуқуқ-тартибот органларига бўйсунмаслик билан айбланиб, 10 суткага қамоққа олинишига фикрингиз қандай? Жараёнда Ўзбекистон суд тизими мустақил эмаслиги кўриниб қолмадими?

Абдураҳмон Ташанов: Агар мана шу эшиттиришимизни Олий суд судялари ёки раҳбарлари тинглаётган бўлса, менимча, улар жуда ҳам уялиши керак. Нима учун? Қандай қилиб ҳоким билан мактаб директори тортишяпти-да, ундаги жабрланувчи Сариосиё тумани ҳокимлигининг қандайдир бўлими бошлиғи бўлади?! Бу ишнинг ясама эканини кўрсатади. Иккинчидан, суд масалани принципиал ўрганиши керак эди. Қарор тунда қабул қилинган, суд ҳам тунда бўлиб ўтган.

Абдураҳмон Ташанов

Иккинчи томондан, ҳуқуқ-тартибот идоралари, масалан, Олий суд, ички ишлар, прокуратурани маъмурий бошқарув етакчиси, ҳоким шундай ҳолатга тушираётган экан, бу одамлар уялиши керак. Чунки суднинг қарори кулгили экани кўриниб турибди. Бунақанги шармандачилик билан олдинга кетиб бўлмайди.

Бу ерда масхарабозлик даражаси шу қадар юқорики, нима дейилса ҳам ишонаман. Чунки қандай қилиб, ҳоким қамади-да, қаердан суд, прокуратура пайдо бўлди, қаердан жабрланувчи ясалди? Мажлисда ҳоким билан директор иккаласи айтишяпти. Шулардан қайсидир бири жабрланувчи бўлиши керак. Лекин нима сабаб Сариосиё туманидаги ҳокимликнинг ташкилий бўлимининг бир ходими жабрланувчи бўляпти, бу суднинг сохтакорлигини билдирадими?! Бизнинг судлов тизими раҳбарларимизда озгина ҳамият, ғурур каби нарсалар уйғониши лозим. Агар бу тарзда кетадиган бўлса, буларнинг маънавий ҳаққи қолмайди.

— Шокир ака, навбатдаги савол сизга. 2019 йилдан бошлаб маҳаллий ҳокимликлар таълим соҳасига фақатгина бир мақсадда, у ҳам бўлса, хўжалик фаолиятига масъул бўлиши учун боғлаб қўйилганди. Бу тартиб жорий этилганига ҳам 4 йил бўлди, лекин унинг самараси ҳанузгача сезилгани йўқдек. Баъзи ҳолатларда ҳокимликларнинг мактаб хўжалик фаолиятига эмас, таълимига бевосита аралашаётгани кўп кузатилиб турибди. Шулардан келиб чиқсак, бу амалиётдан воз кечиш керак деб ҳисобламайсизми?

Шокир Турсун: Шерзод Шерматов вазир бўлган вақтларда у билан жуда кўп маротаба учрашганмиз. Мактабларнинг хўжалик фаолиятини назорат қилиш ваколати тўлақонли ҳокимликларга бериш таклифи унинг даврида берилганди. Вазирликка Шерматов келганидан кейин, мактабларнинг моддий-техник базаси бўйича катта текширувлар бошланганди. Биринчи мартасига Шерматов Халқ таълими вазирлиги тизимидаги пулларнинг йўқотилиб, ўзлаштирилиши тўғрисидаги ҳисоботларни эълон қилиш бошланганди. Ўша вақтда даҳшатли суммалар маълум қилинганди. Чунки мактабнинг вазифаси жуда ҳам кўп эди, ходимларнинг хавфсизлиги, таълим сифати, қўшимчасига мактабни қуриш ва таъмирлашга ҳам жавоб бериши керак эди. Ўшанда вазир бу жавобгарликни ҳокимликларга тўлиқ бериб юбориш таклифини берганди. Менимча, шундан сўнг бу ваколат тўлақонли равишда маҳаллий ҳокимликларга бериб юборилди.

Шерматовнинг ғояси мактаб директорлари хўжалик фаолият билан боғлиқ еча олмаган масалаларни то вазирликка чиқиб, ҳал қилгунча, ҳокимликлар билан ечим топиши назарда тутилган эди. Лекин ҳокимлар буни жавобгар эмас, балки мактабларнинг тепасида турган шахс сифатида тушунишди. Яъни ғоя яхши эди, аммо унинг ижроси яхши бўлмади. Бизда тизимда «мен бир нарсага жавобгарман», деб эмас, «мен шунинг устидан назорат қиламан», деган бир қараш шаклланган.

Ҳозир бизда 2 хил ҳолат бўлиб қолди. Мактабларнинг хўжалик фаолиятини юритиш масъулияти вазирликда турган вақтда катта коррупцияга йўлни очиб берган эди, бу жавобгарликни ҳокимларга юклатиш эса янаям каттароқ оқибатларга олиб келди. Менимча, бу ваколатни вазирликнинг моддий-таъминот бўлимига қайтариш керак. Лекин бу моддий-таъминот бўлими бироз кенгайиб, фақат республика эмас, кичик ҳудудлар даражасида ҳам ишлашни бошлаши керак. Бу қўшимча штатлар, маъмурий ислоҳотларга зид бўлиб кўриниши мумкин, лекин юқоридаги ҳолатларнинг олдини ола олади деб ҳисоблайман. Истаган ҳоким исталган мактаб директорини, унинг ўринбосарларини хоҳлаган кўйига солиб, қўғирчоққа айлантириши чекланган бўлар эди.

Мактабнинг муҳитини ярата оладиган ходим директор экан, у ўзидан хавотирда, қўрқувда яшаса, бу кайфиятни албатта жамоасига юқтиради. Кейин бу кайфият ўқитувчидан ўқувчиларга ўтади, бу эса бевосита таълим сифатига ёмон таъсир кўрсатади. Биз буни тадқиқотлар билан исботлаб бера олмаймиз, чунки Ўзбекистонда бундай тадқиқотлар мавжуд эмас. Лекин ўрганилса, мактабларнинг ҳокимлар қўлида қолиб кетаётгани, ўйинчоқ бўлаётгани алалоқибат таълимнинг сифатига бевосита таъсир қилади.

  • Интервюнинг тўлиқ шаклини юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.
Тасвирчи: Мирвоҳид Мирраҳимов
Монтаж устаси: Муҳиддин Қурбонов

Мавзуга оид