Жаҳон | 07:59 / 07.08.2023
5997
2 дақиқада ўқилади

Нигерда тўнтариш уюштирганлар мамлакат ҳаво ҳудудини ёпиб қўйди

ЭКОВАС ультиматуми фонида, Нигернинг ҳукмрон ҳарбий хунтаси ҳар қандай босқинчилик уринишига «кучли ва зудлик билан жавоб беришни» ваъда қилди.

Фото: Mahamadou Hamidou/REUTERS

Нигерда тўнтариш уюштириб, ҳокимиятни қўлга киритган ҳарбийлар ҳарбий аралашув хавфи туфайли мамлакат ҳаво ҳудуди ёпилганини эълон қилди. Ҳарбий хунта вакили 6 август, якшанба куни кечқурун миллий телевидение орқали парвозларни тақиқлаш барча самолётларга тааллуқли экани ва «кейинги огоҳлантиришгача» амал қилишини билдирди. 

Унинг сўзларига кўра, бундай қадам қўйишга қўшни давлатлардан борган сари яққол аралашиш таҳдидлари сабаб бўлган. Нигер ҳаво ҳудудини бузишга қаратилган ҳар қандай уриниш «кучли ва зудлик билан жавоб» олади», — дейилади баёнотда. 

Кун аввалида минглаб намойишчилар Нигер пойтахти Ниамейдаги стадионга йиғилиб, ҳокимият тепасига келган ҳарбийларни қўллаб-қувватлаётганини кўрсатди. 

Дам олиш кунларида Ғарбий Африка иқтисодий ҳамжамиятига (ЭКОВАС) аъзо давлатлар Нигер хунтасига қўйган ультиматум муддати тугади. Бу давлатлар Нигер исёнчиларидан 6 августгача конституциявий тузумни тиклашни ва ҳокимиятдан четлатилган президент Муҳаммад Базумни қайтаришни талаб қилди. 

Нигердаги ҳарбий тўнтаришдан сўнг минтақадаги вазият кескинлигича қолмоқда. ЭКОВАСга аъзо давлатлар қуролли кучлари қўмондонлари, Франциянинг RFI медиакомпанияси маълумотларига кўра, тўнтаришга жавобан Нигерга эҳтимолий қуролли бостириб кириш режасини ишлаб чиқди. 

Қўмондонлар томонидан маъқулланган тавсиялар «мумкин бўлган аралашувнинг барча элементлари, шу жумладан, бунинг учун зарур ресурслар, шунингдек, қўшинларни қандай ва қачон жойлаштиришни» ўз ичига олади, дея RFI ЭКОВАС сиёсий масалалар, тинчлик ва хавфсизлик бўйича комиссари Абдул Фатау Мусанинг Нигерия пойтахти Абужада ҳарбий раҳбарларнинг уч кунлик йиғилишидан кейинги сўзларидан иқтибос келтиради. 

ЭКОВАС давлат раҳбарлари ушбу тавсия асосида қандай ҳаракат қилиш бўйича қарор қабул қилиш ниятида, дея қўшимча қилди Муса. 

Мавзуга оид