Жаҳон | 11:49 / 07.08.2023
41137
18 дақиқада ўқилади

«Тезкор қарши ҳужум умидлари ўта оптимистик бўлиб чиқди» — Украина армияси муаммолари экспертлар нигоҳида

Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Олексий Данилов 2 август куни қарши ҳужум асносида Украина ҳарбийларида дедлайн ёки график йўқлигини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, Россия эгаллаб олган ҳудудларни озод қилиш ёппа миналаштириш туфайли қийинлашмоқда, воқеалар ривожи секин эканидан норозилар «уруш нима эканини тушунишмайди».

Украина ҳарбийлари фронтда. Фото: Володимир Зеленскийнинг телеграм-канали

Даниловнинг сўзлари Ғарбда Украина қуролли кучларининг фронтдаги ҳаракатларидан норозилик кучайиб бораётган бир пайтда янгради. Узоқ кутилган қарши ҳужум кутилмаларни оқлаётгани йўқ, бироқ Ғарб ОАВда қайд этилишича, бунга бир қатор объектив сабаблар бор. Бу сабабларни ҳарбий экспертлар тобора фаол муҳокама қилишмоқда, ўз сиртқи мулоқотларида улар украиналикларнинг қарши ҳужум операцияларини танқид остига ҳам олишмоқда, баъзида эса фронтдаги мураккабликлар эътиборидан, оқлаб ҳам қўйишмоқда.

Қуйида Ғарб матбуоти шарҳида таҳлилчилар Украина қуролли кучларининг қандай муаммоларга дучор бўлаётгани ҳақида сўз юритаётгани, фронтнинг олд чизиғидаги сўнгги воқеалар нега Иккинчи жаҳон урушида иттифоқчиларнинг Нормандияга туширилишига менгзалаётгани ҳақида ҳикоя қиламиз.

Украина фронтидаги умумий вазият

«Бизга ўзимиздан бўлак ҳеч ким дедлайн ўрната олмайди, бу — биринчидан. Иккинчидан, ҳеч қанақа график йўқ. Учинчидан, бунақа гап-сўзлар бошланса, буни кўпинча уруш нималигини тушунмайдиган одамлар бошлаган бўлади… Фронтда бўлаётган воқеаларга нисбатан вазият қизитиб юборилган пайтлар ҳам бўлмоқда», — деган Олексий Денилов «1+1» телеканали эфирида.

Унга кўра, ҳарбий ҳаракатлар мураккаб ва жуда кўп омилларга боғлиқ.

«Биз аллақачон НАТО тизимидамиз ва у билан иш кўряпмиз, командир у ёки бу йўналишда олдинга қўйилган умумий вазифага биноан қандай ҳаракат қилишни ҳал қилади», — деган Данилов.

Амалдорнинг баҳолашича, жорий шароитларда украиналик ҳарбийлар жанговар вазифаларни «аъло»га бажармоқда, айниқса «душман яхши тайёргарлик кўргани, улкан майдонларни миналаштиргани» ҳисобга олинса.

«Ҳарбийларимиз ортда қолдириб ўтиши лозим бўлган ҳудуддаги миналар сони ақл бовар қилмас даражада кўп. Бир квадрат метрга ўртача уч-тўрт-бештадан мина тўғри келмоқда», — деган Данилов.

Унинг қўшимча қилишича, ҳудудларни миналардан тозалаш Ғарбдан жўнатиладиган техникалар воситасида амалга оширилиши режалаштирилган бўлган, бироқ фронтнинг жуда катта ҳудудида украиналиклар портловчи моддаларни қўлда зарарсизлантиришига тўғри келмоқда.

Украин армиясининг қарши ҳужуми июн ойида Жанубий Донецк фронти участкаларида бошланди. Украина қуролли кучлари тўртта асосий йўналишни белгилаб олишган. Бу Запорижжя областидаги Орихив шаҳри ҳудуди (Токмак шаҳри орқали Мелитопол шаҳрига чиқиш), Запорижжя ва Донцек областлари чегарасидаги Велика Новосилка райони, шунингдек, Донецк областидаги Марйинка ва Бахмут йўналишлари.

Сўнгги вақтларда асосий воқеалар Времивка баландлиги атрофида содир бўлди. Бу Времивка посёлкаси номига қўйилган йўналиш бўлиб, Россия томони ўз позицияларини Велика Новосилка район маркази томон қаратиб қўйган. Фронт чизиғи баландлик остонасигача — Урожайне, Старомлинивка ва Старомайорске қишлоқларигача келиб қолди. Июл ойи охирларида экспертлар Украина армияси РФ ҚКнинг Запорижжя ва Донцек области чегараларидаги асосий мудофаа сарҳадларигача етиб келгани ва йўлларида «аждар тиши» ва танкларга қарши хандақларга дучор бўлишгани қайд этишди. Пентагондаги манбалар хабар беришича, Украина қўшинлари шу пайтгача захирада ушлаб турилган, Ғарбда тайёрланган қўшилмаларни ҳаракатга келтира бошлаган.

Июн ойи ўрталарида эса кузатувчилар Украина армиясининг қарши ҳужум суръатлари сезиларли даражада пасайгани, Украина ҚК ҳаракатлари фронтнинг бирор йўналишида кутилмаларни оқламаганини қайд этишганди. Дастлабки сабаб сифатида Россиянинг кутилганидан мустаҳкамроқ бўлиб чиққан ёпирилма мина майдонлари дохил эшелонланган мудофааси келтирилди.

Бундан ташқари, таҳлилчилар Россиянинг радиоэлектрон кураш воситаларини ажратиб кўрсатишмоқда, улар GPS координаталар орқали нишонга олиб, украинларнинг алоқа тизимига жиддий путур етказиб, Украина ҚКни юқори аниқликдаги қурол-яроғлардан фойдаланишдан мосуво этмоқда. Россия ҚКнинг авиациядаги устунлиги ҳам назардан қочирилмаган. Бундан ташқари, Украина қўшинлари ҳозирча мураккаб умумқўшин операцияларни ўтказиш имконига эга эмас. Натижада курашаётган томонлар «ҳолдан тойдириш тактикаси» билан машғул бўлишмоқда.

Украина президенти Володимир Зеленский аввалроқ ҳудудларни қайтариб олиш «исталганидан секинроқ» кетаётганини тан олганди. Украина ҚК бош қўмондони Валерий Залужний эса украин қўшинларининг имиллаб ҳаракат қилаётгани тўғрисидаги баёнотлардан жаҳли чиқаётганини айтганди. «Бу бутун дунё томоша қилаётган ва дов тикаётган шоу эмас. Ҳар бир кун, ҳар бир метр қон эвазига қўлга киритилмоқда», — деганди у. Украина мудофаа вазири Олексий Резников Украина қўшинларининг яқинда Ғарбда ўқитиб келинган асосий захиралари, жумладан, замонавий танклар ва зирҳли техникалар билан таъминланган бригадаларининг аксарияти ҳали қарши ҳужумга қўшилмаганини маълум қилган.

«Ҳар бир мил — қонли жанг»

The New York Times газетаси ўтган ҳафтада Украина қўшинларининг жанубдаги юришлари давомида «катта йўқотишлар»га учралгани ҳақида ёзди. Украина ҚК 23-бригадасининг ярадор бўлган аскарларидан бири мухбирларга унинг баталёни артиллерия ва танклар зарбасига дучор бўлиб йўқ қилингани, бор-йўғи бир ой ичида олд чизиқдаги бўлинмада атиги 10 киши қолганини айтган. Унинг айтишича, бригада артиллерия қўлловисиз жангга ташланган. Бу бригада яқинда шакллантирилган ва Ғарбда тайёргарликдан ўтган тўққиз бригаданинг бири бўлган.

«Унинг бўлинмаси иштирок этган жанглардан бирида украин жангчилари АҚШда ишлаб чиқарилган 10 та MaxxPro зирҳли машиналари билан ҳужум қилишган, машиналарнинг фақат биттаси қайтган», — дейилади мақолада.

Яна бир ҳарбий хизматчи у хизмат қилган бўлинма русларнинг окопларини эгаллагач катта йўқотишларга дучор бўлганини айтиб берган. Шундан сўнг россияликлар уларнинг позицияси устига артиллерия ўқи ва авиабомбалар ёғдиришган. «Бизни тирдагидек отиб ташлашди. Устимиздан дрон учиб, артиллерия ўқини коррекция қилиб турди», — деган у.

Яна бир гуруҳ қишлоқлардан бирини штурм қилиш асносида «шу қадар йўқотишларга дучор бўлганки, улар муваффақиятсиз чекинишдан бошқаси илож топа олмаган». Шундан сўнг украиналиклар тактикани ўзгартириб, пиёдалар кучи билан ҳужум қилишга ўтган ва россияликлар қазган траншеяларгача етиб боришган. «Траншеяларда кутилмаганда портлашлар рўй бера бошлади, бошқа зарбалар ўрмон ёқасида кутаётган аскарларга тўғри келди. Окоплар миналаштирилган экан, россияликлар уларни масофадан туриб портлата бошлашган», — деб ёзади газета.

Яраланган украин аскари. Фото: The New York Times

Миналарга чап беришга муваффақ бўлганлар эса дронлар ҳужумига мубтало бўлишган. «Уларда ҳар бир инсонга биттадан дрон тўғри келадигандек туюларди», — деган ҳарбийлардан бири. Унинг сўзларига кўра, икки ой ичида улар 16 километрга илгарилашга муваффақ бўлган.

The New York Times’нинг бошқа бир мақоласида «Украинадаги фронтнинг ҳар бир мили — қонли жанг», қарши ҳужум зич минали майдонлар, артиллерия ва пилотсиз парвоз қурилмалари нишонга олиб турган Россиянинг жиддий мудофааси туфайли «машаққатли тарзда секин силжиётгани»ни қайд этган. Журналистлар фронотолди ҳоспиталлар ва таббиёт пунктларида ҳам бўлишган. У ерда «доимий оқим» билан ярадор украин аскарлари келиб туришибди. Тиббиётчилардан бири йўқотишлар сони улканлиги, врачлар ва айниқса ҳамширалар етишмаётганини айтган. Унинг сўзларига кўра, ўқотар қуроллардан яраланишлар кам, кўпчилик аскарлар касалхона койкасига миналардан оғир ярадор бўлиб келишмоқда ва уларнинг кўпчилиги оёқ-қўлларидан жудо бўлишмоқда.

«Россияликлар ўз аскарлари жасадини ҳам, бизнинг ўлдирилган аскарларимизни ҳам, қўлларидан нима келса барчасини миналаштиришмоқда. Бизникилар бункерга кирганида масофадан туриб уларни портлатишяпти. Душманда портловчи модда жуда кўп, — деган ярадор украиналик ва унинг отрядида ҳам йўқотишлар борлигини қўшимча қилган. — Ҳайдовчимизнинг ўғли уч кун аввал жанг майдонидаги отишмада ҳалок бўлди. Ўтган ҳафтада жанговар дўхтирларимиздан бири ўлди. У ярадорларни олиб чиқиш учун белгилари аниқ кўриниб турган тез ёрдам машинасида кетаётган бўлган. У россияликларнинг танки нишонига айланган».

The Wall Street Journal мақоласи ҳам оловга ёғ сепди. Нашр Украинанинг Houp Foundation хайрия ташкилоти ва Германиянинг протезлар ишлаб чиқарувчи Ottobock фирмасига асосланиб, кенг миқёсли уруш бошланганидан буён 200 мингдан зиёд украиналик оғир ярадор бўлгани, 20 мингдан 50 минггача одам бир ёки бир неча аъзосидан айрилганини ёзиб чиқди. Ottobock Украина раҳбарияти ва ҳамкор компаниялар маълумотларига асосланган.

Мақола муаллифлари бу рақамларни Биринчи жаҳон уруши билан таққосласа бўлишини билдирган ва ҳақиқий рақамлар бундан-да каттароқ бўлиши мумкинлигини қайд этишган, чунки протезлаш жараёни бирмунча вақт талаб қилади. Бундан ташқари, Украина ҳукумати аҳолининг кайфиятини ўлдирмаслик учун ўз стастистикасини ошкор этмаяпти, шу сабабли оммага фақат экспертларнинг тахминий рақамлари маълум.

Биринчи жаҳон урушида Германиянинг 67 минг, Буюк Британиянинг 41 минг аҳолиси оёқ-қўлларидан ажралишган. Бу ҳолатда, ўша вақтларда ампутация ярадор бўлгандан сўнг ўлимнинг олдини олиш учун ягона чора бўлганини ҳам унутмаслик керак.

Уруш бошланишида Украинада ампутациянинг асосий сабаблари артиллерия ва ракета зарбаларидан сўнг олинган жароҳатлар бўлган. Ҳозир эса кўпчилик фронт чизиғи бўйлаб ўрнатилган миналарни босиб олиб жароҳатланмоқда. Америкалик ҳарбий жарроҳлар украиналик ҳамкасбларининг маълумотларига асосланиб маълум қилишларича, фронт чизиғидан 5 км масофада яраланган Украина ҚК аскарларининг 36 фоизи оғир жароҳатларга дучор бўлишмоқда, фронт бўлинмалари жангчиларининг 10 фоизи эса ҳалок бўлишмоқда.

Врач Константин Милицанинг сўзларига кўра, ҳозир асосий жанглар кетаётган Запорижжя области касалхоналарига ампутация қилиниши лозим бўлган ярадорлик билан 40–80 фоиз беморлар келтирилмоқда. Украиналик жарроҳларни ўқитаётган ҳарбий жарроҳлар глобал гуруҳи раҳбари Аарон Эпштейн Ғарб медицинаси Иккинчи жаҳон урушидан буён бу қадар жароҳатлар миқёсига дуч келмаганини таъкидлаган.

Тактика муаммолари

Июл ойи охирларида Bild нашри Бундесвернинг ички ҳужжатларига асосланиб, немис ҳарбийлари илк марта Украина армиясини қарши ҳужум чоғидаги хатти-ҳаракатлари учун танқид остига олганини хабар қилди. Унда айтилишича, 2023 йил бошидан буён Европада Украинанинг жами 36 минг кишидан иборат камида тўққизта зарбдор бригадалари ўқитилган ва қурол-аслаҳалар билан таъминланган. Бироқ ГФР мудофаа вазирлиги Украина уларни бекорга майдалаб ташлаб, кичик кучлар билан олдинга ўтаётганини танқид қилган.

«Ҳарбий қисмлар шу қадар кичик бўлакларга бўлиб танланмоқдаки, ҳар бир ҳарбий қисм ўзича нималардир қилишга интилмоқда, бироқ улар устидан умумий жанговар раҳбарлик кузатилмаяпти», ⁠— дейилади ҳужжатда.

Бундесвердагилар фикрича, бу «ўзиникини отиб қўйиш риски»ни кучайтиради, «бош зарба йўналишида ҳаракатга ўтиш ёки ўт очиш усунлигига эга бўлиш учун манёврли бўлинмалар етишмовчилиги кузатилмоқда». Немис мутахассислари жанговар тажрибага эга украин аскарлари ғарб техникасини янги чақирилганлардан кўра ёмонроқ ўзлаштираётганига ҳам урғу берган. Ёш курсантлар машқлар давомида жангда ўт очиш ва ҳаракатга келишдан фойдаланиш принципларини яхшироқ ўзлаштирмоқда, бироқ Украинага қайтиши ҳамоно уларнинг советча техника ва тактикада суяги қотган командирлари бу ғарбона принципларга амал қилмаслигига дучор бўлишмоқда.

Ҳарбий таҳлилчи Юлиан Репкенинг тушунтиришича, ғарбда ўқитилган Украина ҚК бригадалари 10–30 аскардан иборат бўлинмаларга бўлиб ташланмоқда, Украинанинг жанг доктринаси ва офицерлари ғарбда ўргатилганларига терс ҳаракатлар қилишмоқда ва шу туфайли ташаббусни қўлдан бой беришмоқда.

Украина ҳарбийлари фронтда. Фото: Володимир Зеленскийнинг телеграм-канали.

Киевнинг қарши ҳужумдаги муаммолари биргина мина майдонлари билан чекланмаслиги ҳақида Халқаро стратегик тадқиқотлар институти катта илмий ходими, фронтда бўлиб қайтган Франц-Стефан Гади томонидан ҳам аввалроқ тилга олинган эди. Унинг айтишича, Украина қуролли кучларининг жиддий муваффақиятларга эга бўлолмаётганининг асосий сабаби армия кенг миқёсли умумқўшин операцияларни самарали ташкиллаштиришга лаёқатсиз экани, бунинг натижасида фронтнинг турли участкаларида операциялар ҳамоҳанг ўтказилмаётгани бўлиши мумкин.

Бу Украина қўшинларини ҳаракатланиш асносида Россиянинг танкларга қарши ракеталари, артиллерияси ва бошқа қурол-яроғлари олдида ожиз қилиб қўймоқда.

Экспертнинг қайд этишича, Украина ҚКнинг қарши ҳужуми асосан артиллерия томонидан қўллаб-қувватланадиган пиёда қўшинлар жангидан иборат, шу сабабли илгарилашлар арзимасгина бўлмоқда. Миналардан тозалаш ускуналари ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари етишмаслиги туфайли механизациялашган бригадалардан тўлақонли фойдаланишнинг иложи бўлмаяпти, дея қўшимча қилган у. Гадининг фикрича, Украина Россия мудофаасини ёриб ўтишга янада тизимлироқ ёндаша бошласагина қарши ҳужум характери ўзгариши мумкин, Россия армиясида жанговар руҳият чўкиб кетиши ҳам мудофаа барбод бўлишига олиб келади.

Экспертлар фикрича, пайдо бўлган вазиятларда Донецк ва Запорижжя областлари чегарасида Россиянинг мустаҳкам мудофаасини тезда ёриб ўтиш имконсизлигини тушунган Украина ҳарбий қўмондонлиги жанговар ҳаракатларга ёндашувини ўзгартирган. Қарши ҳужумни тўхтатиш ва захираларни ишга солиш ўртасида учинчи — ностандарт вариант танланган ва уни «галалашув тактикаси» деб аташ мумкин. Унга кўра, фронтни ёриб ўтишга интилибгина қолмасдан, РФ ҚК мудофаа тизимини очиб ташлаш ва уни артиллерия зарбаларига дучор қилиш мақсад қилинган.

Украина командирлари тактикани ўзгартиришгани ва Россия қўшинларини артиллерия ва узоқдаги нишонни ура оладиган ракеталар ёрдамида ҳолдан тойдиришга диққатни жамлаганини The New York Times нашри ҳам ёзган.

Газета муаллифлари фикрича, Украина томонидан тактика ўзгартирилиши НАТОнинг Ғарбда тайёрланган ва ғарб қурол-яроғлари билан қуроллантирилган украин гуруҳлари муваффақият қозонишига бўлган умидлар ўзини оқламаганидан дарак беради. Бу ҳолда украиналик ҳарбийларнинг Ғарб давлатларида ўқитилиш сифатига нисбатан саволлар пайдо бўлмоқда: ўнлаб миллиард долларлик қурол-яроғлар Украина армиясини НАТО стандартлари бўйича жанг қилувчи кучга айлантира олдими?

Иттифоқчиларнинг Нормандияга туширилишига солиштириш

Уруш чўзилиб кетган позицион жангларга айланиб кетгани Украинадаги вазиятни айрим экспертлар Биринчи жаҳон урушининг қонли тўқнашувлар можаро томонларидан ҳеч бирига стратегик муваффақият келтирмаган ғарбий фронтига менгзашмоқда. Бироқ, шу ёзги Украина қарши ҳужумини иттифоқчи кучларнинг 1944 йилда Нормандияга туширилишига ўхшатаётганлар ҳам бор. Бу ҳақда Американинг нуфузли RAND Corporation таҳлилий маркази экспертлари Рафаэл Коэн ва Жан Дентиле ёзмоқда

«АҚШ армияси олти ҳафталик қақшаткич жанглардан сўнг мудофаадаги немисларни Нормандиядаги плацдармдан бор-йўғи 19 мил (30 км.га яқин) нарига суриб ташлашга муваффақ бўлган. Бироқ, америкаликлар душман мудофаа чизиғини ёриб ўтгач, немислар чекинган», — деб эслатади улар.

Худди шундай ўхшатишни The Guardian ҳам келтирмоқда. «Нормандияга бостириб киришда иттифоқчилар плацдармга етиши ҳамоно улар олти-саккиз ҳафталик муддат ичида секин-аста немис мудофаасини ёриб ўтиш билан машғул бўлишган», — деган АҚШнинг истеъфодаги полковниги Мэтт Диммик.

Экспертлар Украинадаги уруш ва Иккинчи жаҳон урушининг ғарбий фронтидаги яна бир ўхшашликка ишора қилишмоқда — қўшинлар зичлиги. 1944 йил ёзида иттифоқчилар қўшинлари тўқнаш келган немис қўшинларининг ўртача зичлиги бир мил (1,6 км)га минг кишини ташкил этган. Айни пайтда Украинада энг ҳимояланган мудофаа сарҳадларида Россия қўшинларининг сони 1 милга 700 кишини ташкил этмоқда. Биринчи жаҳон урушида фронтнинг айрим участкаларида бу кўрсаткич 10 минг аскарга ҳам етган.

«Ҳеч ким Украина Нормандиядаги каби тез орада ёриб ўтишини кафолатлай олмайди. Бироқ, Иккинчи жаҳон уруши билан солиштириш — бу сабр ва қатъият фойдасига бир далил. 80 йилча аввал АҚШ ҳам бугун Украина тўқнаш келиб турган худди шу қийинчиликларга дучор бўлган. Бироқ АҚШ армияси сабот билан курашгач, унинг ҳар кунги секин-асталик билан олға силжиши мудофааланаётган немисларни чарчатган, алалоқибатда ўз самарасини берган», — дейишмоқда экспертлар.

Улар шунингдек, «Тезкор қарши ҳужумга бўлган умидлар ўта оптимистик бўлиб чиққани»га эътибор қаратишган, бироқ Украина ҚКнинг пайдар-пай илгарилаётгани — бу факт. Эътиборга олиш лозимки, Украина армияси Россия армиясига нисбатан аскарларни кўпроқ аяйди ва уларни «гўштли штурм»ларга ташламайди. Агар Ғарб давлатлари Киевни қўллаб-қувватлашни сусайтиришмаса ва ҳарбий техника, айниқса танклар ва самолётлар етказиб бериш бўйича берган ваъдаларига содиқ қолишса, Украинанинг қарши ҳужуми эртами-кечми қўйилган мақсадига етказади, дейишмоқда экспертлар.

Мавзуга оид