Вазир ўринбосари ҳоким лавозимига туширилди
Шаҳарда инвестиция масаласида муаммолар кузатилаётгани қайд этилди.
Дилшод Шуҳратович Султонов Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи лавозимига тайинланди.
Дилшод Султонов 1980 йилда туғилган, маълумоти олий, иқтисодчи. 2002 йилда Тошкент темир йўллари ва транспорт институтини тамомлаган.
Молия вазирлиги тизимида иш фаолиятини 2003 йилдан бошлаган. 2003-2012 йилларда Молия вазирлигининг солиқ сиёсати бошқармаси бош иқтисодчиси, бўлими бошлиғи ўринбосари, бўлим бошлиғи. 2013-2017 йилларда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси бошлиғи, Пенсия жамғармаси ижро этувчи директори лавозимларида ишлаган. 2017-2018 йилларда молия вазирлигининг Давлат бюджети бош бошқармаси бошлиғи бўлган.
2018 йил сентябридан буён вазир ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди. Вазирликдаги ўзгаришлар доирасида 7 август куни у ва Эркин Рустамов ўринбосар лавозимидан олинди.
Янгийўл шаҳрининг олдинги ҳокими Фарҳод Мирзаев 2023 йил июлида президент раислигидаги йиғилишда ўндан ортиқ туман ва шаҳар ҳокимлари қаторида ишдан олинганди.
Сессияда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев танқидий-таҳлилий нутқ сўзлади.
Вилоят ҳокими ўз сўзида Янгийўл шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида қилинган ишлар, мавжуд камчиликлар, режа-мақсадларга тўхталди.
«Инвестиция дастури доирасида ўтган йили 10 та корхона ишга тушган, афсуски, бу йилга келиб, шундан 5 таси фаолият кўрсатмаяпти. Инвестиция жалб қилиш борасида шаҳарда оқсоқлик бор. Иккита экспортёр корхона яқинда фаолиятини тўхтатди, нега шундай бўлди - биров қизиқмади, елка тутмади тадбиркорга. Бу борадаги режа 13 фоизга бажарилган, холос.
Самарқанд ва Бахт маҳаллаларида 2021 йили бошланган қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳали якунига етмаган, чала. Умуман, 2021 йил учун «Обод маҳалла» дастурида белгиланган қурилишлар атиги 37 фоиз бажарилган, холос.
«Янги боғ» маҳалласида кўп қаватли уй қуриб фойдаланишга топширилиши керак эди. Фуқаролар пулни тўлаб қўйган. Уй ҳали чала, қурилиш тўхтаб қолган. Нега депутатлар, жамоатчилик жим? Можаро юзага келгунча кутамизми? Бундай ҳолатга эндиям бефарқ қараш гуноҳ
Янгийўл шаҳрида бўладиган сайёр қабул энг оғир ўтади. Бу ернинг халқи шунчаки шахсий масалалар билангина келмайди. Маҳалла, шаҳар ҳудудига оид дангал масала чиқиндиларни вақтида олиб чиқиб кетиш катта муаммо.
Янгийўл шаҳрини чиқиндилардан тозалаш бўйича оммавий сафарбарлик бўлмаса, бир мартага тозалаб олинмаса бўлмайди. Уч кун, беш кун, қанча вақт кетса ҳам қиламиз буни. Мурожаатларнинг 47 фоизи шу чиқинди масаласи.
Собиқ ҳоким Фарҳод Мирзаев ёмон ишламади. Уйига бормай, соғлиғига қарамай ишлаганига гувоҳман. Катта тажрибаси бор эди. Лекин битта инсон аравани торта олмайди. Шаҳар фаоллари бирикмаса, иш юрмайди. Бу ҳолат барчага сабоқ бўлиши керак», деган вилоят ҳокими.