Жаҳон | 12:43 / 09.08.2023
15462
2 дақиқада ўқилади

Африка мамлакатлари Нигернинг ағдарилган президентини ҳокимиятга қайтариш учун 25 минг ҳарбий юбормоқчи

Ғарбий Африка минтақавий блоки — ECOWAS (Ғарбий Африка давлатларининг иқтисодий ҳамжамияти) президент Муҳаммад Базум ҳокимиятини тиклаш учун Нигерга 25 минг ҳарбийдан иборат қўшин жўнатишга тайёр.

RFI агентлиги маълумотларига кўра, Нигерия бу контингентнинг ярмини шакллантиришга тайёр, қолган ҳарбийлар Кот-дʼИвуар, Сенегал ва Бенин ҳисобидан бўлади. Бу кучларга нигериялик ҳарбийлар раҳбарлик қилади.

RFI нашри ёзишича, ECOWAS можарони куч ишлатиш йўли билан ҳал этиш сценарийсини охирги чора сифатида кўради. 8 август куни Нигерга БМТ, Африка иттифоқи ва ECOWAS вакилларидан иборат делегация келиши кутилганди, аммо исёнчилар уларни мамлакатга киритмади.

Аввалроқ мазкур республикага АҚШ давлат котиби ўринбосари Виктория Нуланд ташриф буюрганди. Унинг ўзи «қийин» деб атаган, исёнчилар етакчилари билан ўтказилган музокаралардан кейин Нуланд Нигердаги ҳарбийлар олдинги ҳукумат қайтарилишига рози бўлмаслигини билдирган. Шунга қарамай, у исёнчилар «дипломатия учун эшикларни очиқ қолдириши»га умид билдирган.

  • Нигерда ҳарбий давлат тўнтариши 26 июл куни рўй берганди. Президент гвардияси мамлакат президенти Муҳаммад Базумни ҳокимиятдан четлатган. Икки кун ўтиб, президентлик гвардияси бошлиғи бўлган генерал Абдураҳмон Тчиани ўзини давлатнинг янги раҳбари деб эълон қилди.
  • Кўп ўтмай ECOWAS вакиллари Нигерга интервенция уюштиришга тайёр эканини маълум қилади. Бунга жавобан, олдинроқ ҳарбий давлат тўнтариши амалга оширилган ва ҳозиргача ҳарбийлар бошқарувида қолаётган Мали ва Буркина-Фасо «Нигернинг ички ишларига ҳар қандай ҳарбий аралашув уларга қарши уруш эълон қилиш билан баробар бўлиши»дан огоҳлантирди.
  • CNN агентлиги хабарига кўра, Нигердаги хунта мамлакат ҳаво кенгликларини ёпган, ECOWAS мамлакатлари билан қуруқлик чегаралари ҳам ёпилган, шунингдек пойтахтга захирадан қўшимча ҳарбий бўлинмалар олиб келинган.

Мавзуга оид