Орамиздаги одамлар: наманганлик нуроний эгизаклар
Наманган шаҳрининг Тахтакўприк кўчасида яшовчи 80 ёшли Ҳасан-Ҳусан Ботировларни кўрган инсон борки, юзига табассум югуриши аниқ. Эгизак нуронийлар билан мириқиб суҳбат қуриш, дуоларини олишга кўпчилик ошиқади. Икки томчи сувдай бир-бирига ўхшайдиган эгизакларни бутун шаҳар танийди. Юзидан нур ёғилиб турувчи отахонлар билан суҳбатлашган инсоннинг кайфияти кўтарилади.
Ҳасан ота Ботиров кўп йиллар маҳалла идорасида ишлаган. Ҳусан ота эса тиббиёт соҳасида ўқиб, ҳатто ҳозир ҳам маҳаллада фельдшерлик билан шуғулланади.
“1944 йилда туғилганмиз. Оилада 5 фарзанд – 3 ўғил, 2 қиз эдик. Ҳозирда икки эгизаклар қолганмиз. Раҳматли ота-онамиз иймон-эътиқодли инсон бўлишган. Бизларни ҳалол меҳнат билан тарбия қилишди. Уйда қандолат маҳсулотлари тайёрлаб, бозорга олиб бориб сотиб келишарди.
Эсимизда, қандфурушликдан топган пулга базўр рўзғор тебратар эдик. Ҳатто мелисалар бозорда пешона тери билан топган пулларимизни олиб қўярди.
Болалик давримизда ҳаёт кечириш ниҳоятда оғир бўлган. Озиқ-овқат танқислиги кузатилган. Ўша пайтда онам раҳматли иккимизни елкасида кўтарганча дўкондан нон олиб келар экан.
Ота-онамиз вафот этгандан кейин Ҳусанжон укам билан алоҳида яшай бошладик. Гарчи Ҳусанжон билан уйимиз бошқа-бошқа бўлса-да, биз доим биргамиз. Шу ёшга етказгани учун Яратганга шукр. Қандай ажойиб нурли, фариштали эгизаклар экан-а, деб кўрганлар ҳавас қилишади.
Баъзан тобим қочиб қолганида укамнинг ҳам соғлигида муаммо бўлганини айтишади. Биз бир тан-у бир жонмиз. Эгизакларнинг қони бир дейишади. Бу гаплар бежиз айтилмаган.
Яратган 4 фарзанд билан сийлади. Ҳозирда бир ўғлим ҳаёт холос. Укам Ҳусанжон эса 8 фарзанднинг отаси. Унинг Аҳмад ва Муҳаммад исмли эгизак фарзандлари бор.
1960 йилдан эътиборан маҳалла идорасида фаолият олиб бордим. Идорада 38 йил ишладим. Маҳалла аҳли билан ака-укадек аҳил-иноқ яшаганмиз”, – дейди Ҳасан ота Ботиров.
“Фотима-Зуҳра қидирганмиз. Лекин бизнинг ёшга мос эгизаклар топилмаган...”
“Баъзида сўрашади. Қайси бирингиз каттаси деб. Саволларга жавобан бўйдан мен каттаман, ёшдан улар катта деб жавоб бераман.
Биз кўпинча маҳалладаги Нур ошхонасида овқатланамиз. Сўрида ёнма-ён ўтирганимизда атрофимизни ўраб олишади.
Ҳаммалари тикилиб қарашади. Ёшлар дуо олишади. Ҳақларига дуо қиламиз. Бизга ҳамма ҳавас қилади.
Менда 6 ўғил, 2 қиз фарзандим бор. Эгизак бўлганимиз учун Яратган кенжа фарзандларимни ҳам эгизак яратди. Шукрки, ҳаммаларини уйли-жойли қилдик.
Биринчи бўлиб мен (Ҳусан ота) 1970 йилда уйланганман. Чунки келинликка номзод биринчи бўлиб менга топилган. Кейинроқ акам Ҳасанжон уйланди. Кеч уйланишининг сабаби унга мос қиз топилмаган. Аввалига уйланиш учун Фотима-Зуҳра эгизакларни қидирганмиз. Лекин бизнинг ёшга мос эгизаклар ҳадеганда топилавермаган. Тақдир экан, алоҳида тўй қилишга тўғри келган.
1964 йилда фельдшерликка ўқиб, 1967 йилда ўқишни тамомладим. 1970 йилдан то шу кунгача фельдшерлик қиламан. Одамларга “укол” қила бошлаганимга 53 йил бўлди. Ҳозир ҳам фельдшерлик қиламан. Баъзан ярим кечалари ҳам тиббий ёрдамга муҳтож бўлганлар чақириб қолишади.
Бахт бу энг аввало хотиржамлик. Оила, бола-чақа, фарзандларнинг ўзи энг катта бахт. Икки эгазак кўчаларда ҳазил-ҳузил қилиб кулишиб юрамиз. Шунинг ўзи ҳам биз учун улкан бахт. Замонамиз тинч, фаровон, Яратганга шукр.
Фарзандларим скутер олиб беришди. Зерикиб қолсак, Ҳасан акам билан шаҳар айланамиз. Скутерда кўча айланганимизда кўпчилик ҳавас билан қараб, дуо қилишимизни сўрашади. Қўлларимиз доим дуода”, – дейди Ҳусан ота Ботиров.
Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев
Мавзуга оид
14:06 / 11.10.2024
Рулдаги бола қамалар, Gentra’ни ижарага берган-чи? Ноқонуний машина ижараси ўсмирлар ўлимига сабаб бўлмоқда
12:10 / 10.10.2024
200 минг сўмлик ижара ва уч ўлим: Намангандаги мактаб ўқувчиси содир этган аянчли автоҳалокат тафсилотлари
17:55 / 28.09.2024
“Тўловлар бир хил бўлгач, шароит ҳам бир хил бўлиши керак эмасми?” – Наманганда ҳайдовчилар “МРО” аҳволидан норози
15:00 / 24.07.2024